ЎзА Ўзбек

28.04.2018 00:03 Чоп этиш версияси

Мамлакатларимиз ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, генерал-лейтенант Қамар Жовид Бажва бошчилигидаги делегацияни қабул қилгандан сўнг ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ирфон Юсуф Шомий ЎзА мухбирига интервью берди.

– Авваламбор, менга шундай имконият яратилгани учун ташаккур билдираман. Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашув ғоят сермазмун бўлди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори чўққига олиб чиқишга қаратилган «Йўл харитаси»ни белгилаб олдик.

Мулоқот давомида жаҳонда кечаётган глобал жараёнлар ҳамда долзарб минтақавий масалалар юзасидан Ўзбекистон ва Покистоннинг қарашлари муштарак экани намоён бўлди. Учрашувда Афғонистондаги вазият, Ўзбекистоннинг ушбу юртда тинчлик ўрнатишга қўшаётган ҳиссаси алоҳида қайд этилди. Покистон бундан бир ой олдин Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича илгари сурилган ҳаётий ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Делегациямиз Ўзбекистонда кечаётган улкан ўзгаришлар, мамлакатингиз юритаётган ички ва ташқи сиёсат, қўшни давлатлар билан олиб борилаётган кенг қамровли мулоқотлардан ниҳоятда катта таассурот билан қайтмоқда. Бугунги учрашув натижалари ўзаро муносабатларимизни янада юқори босқичга олиб чиқишига ишонамиз. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қиладиган ташаббуслари, қўшни давлатларда ҳам тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатларида куч-қувват ва муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Матназар Элмуродов
ёзиб олди.

ЎзА
4 912