Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2013 21:23 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизнинг тараққиёти, эл-юртимиз фаровонлиги, Ватанимизнинг обрў-эътиборини янада ошириш йўлида меҳнат қилиш – муқаддас бурчимиз

Президент Ислом Каримовнинг Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқи.

Азиз дўстлар!

Сиз, ҳурматли депутатлар ва сессия қатнашчилари билан, Тошкент вилоятининг фаоллари билан кўришиб турганимдан хурсанд бўлганимни ва шу фурсатдан фойдаланиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматимни билдиришдан мамнунман.

Очиғини айтадиган бўлсам, сиз азизлар билан кўпдан бери учрашмаганимизни англаб, ўзим ҳам сизлар билан яқиндан учрашиб, суҳбат қуришга эҳтиёж сезиб юрганимни айтмоқчиман.

Сизлар билан дийдор кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашиб, бугунги ҳаёт ҳақида – ҳаёт муаммосиз бўлмайди, албатта – олдимизда турган вазифалар, мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш ҳақида фикр алмашиб, тегишли хулосалар чиқариб олиш кераклигини бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Мана шундай очиқ учрашув ва мулоқотларда ён-атрофимиздаги бугунги нотинч, тобора мураккаблашиб бораётган бир вазиятда турли хавф-хатарларнинг олдини олиш, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни асраб, ҳаётимизнинг даражаси ва сифатини юксалтириш, уни янада мазмунли қилиш бўйича очиқчасига гаплашиб олиш, сизларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни эшитиш, ҳеч шубҳасиз, айни муддао бўлур эди.

Шу маънода, бугун фақат сессия кун тартибига киритилган масала билан чегараланмасдан, Тошкент вилоятининг ривожланиш суръатлари, эришилган ютуқлар билан бирга, ҳали-бери ечилмасдан келаётган, одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммолар ҳақида атрофлича гаплашиб олсак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Тошкент вилоятининг юртимиз ҳаётидаги мавқеи ва аҳамияти ҳақида сўз борганда, қайси нуқтаи назардан қарамайлик – бу унинг тарихий ёки жуғрофий ўрни бўладими, иқтисодий-ижтимоий имкониятлари, инсоний салоҳияти бўладими – мамлакатимиз тараққиётида катта роль ўйнайдиган ана шундай омиллар ҳақида, албатта, кўп гапириш мумкин.

Тошкент вилояти, бошқа минтақалар билан солиштирганда, ҳосилдор тупроғи, бой минерал-хомашё манбалари, етарли сув захиралари билан алоҳида ажралиб туради. Ўзининг бетакрор иқлими, гўзал табиати ва хушманзара масканлари билан ҳар қандай кишининг ҳайратини ўзига тортади.

Вилоятнинг унумдор заминида миришкор деҳқонларнинг пешона тери билан етиштириладиган ноз-неъматлар фақат воҳа аҳолисини эмас, шу билан бирга, азим пойтахтимизда, бу улкан шаҳарда яшаётган 2 миллион 600 мингга яқин одамни мева-чева, сабзавот, гўшт, сут, тухум ва бошқа ҳаётий зарур маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлашга қандай катта ҳисса қўшаётганини барчамиз яхши биламиз.

Тошкент вилоятида иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғи бўлмиш саноат соҳаси юқори даражада ривожлангани ҳаммамизга яхши маълум. Бугунги кунда вилоятнинг мамлакатимиз саноатидаги улуши, Тошкент шаҳри билан қўшиб ҳисоблаганда, 33,5 фоизни ташкил этиши ҳам шуни тасдиқлаб беради. Умуман олганда, мамлакатимиз бўйича яратилаётган ялпи ички маҳсулотнинг 9,6 фоизи, саноат маҳсулотларининг 12,4 фоизи, хизматларнинг 9,4 фоизи айнан Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келиши унинг катта ишлаб чиқариш салоҳиятига эга эканини кўрсатади.

Воҳада ёқилғи-энергетика мажмуаси, кимё ва нефть-кимё, қурилиш индустрияси, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича иқтисодиётимизнинг локомотиви бўлган йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритмоқда. Бунга мисол қилиб АҚШнинг машҳур “Женерал Моторс” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида ноёб ҳисобланган автомобиль двигателлари ишлаб чиқарадиган замонавий заводни, Чирчиқ, Олмалиқ, Бекобод шаҳарларидаги йирик саноат мажмуаларини келтириш мумкин. Бу корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни нафақат минтақамиз, балки чет элларда ҳам харидорлар яхши билади ва тан олади.

Тошкент вилояти ҳақида гапирганда, яна бир муҳим хусусият ҳақида тўхталиб ўтишни жоиз, деб биламан. Бу аввало вилоят аҳолисининг интеллектуал даражаси, билим ва тажрибаси, маънавий савияси билан ажралиб туришида намоён бўлади, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Шу боис мана шу диёрга меҳр қўйиб, уни обод қилиб келаётган меҳнатсевар ва олижаноб инсонлар ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак, уларга миннатдорлик билдирсак, арзийди, албатта.

Ҳурматли депутатлар!

Мустақил тараққиёт йилларида Тошкент вилоятида яратилган иқтисодий салоҳиятни янада ошириш, уни пойтахт вилояти деган номга муносиб даражага кўтариш учун сизлар билан бирга амалга оширган ишлардан ҳаммамиз албатта хабардормиз.

Вилоятнинг кейинги йиллардаги иқтисодий ўсиши ҳақида сўз юритадиган бўлсак, аввало бутун мамлакатимизда бўлгани каби, бу ерда ҳам барқарор ривожланиш суръатлари сақланиб қолаётганини таъкидлаш лозим. Буни ўтган 2012 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 5 фоизга, саноат қарийб 8 фоизга, қишлоқ хўжалиги 6,7 фоизга, пуллик хизматлар 15 фоизга ўсгани яққол тасдиқлаб турибди.
Агарки 2000 йилга нисбатан қиёслайдиган бўлсак, ялпи ҳудудий маҳсулот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари икки баробар, пуллик хизматлар олти баробар, қурилиш-пудрат ишлари эса уч баробардан зиёд ошганини кўриш мумкин.

Вилоят саноатини эл-юртимиз, аввало мана шу заминда яшаётган инсонлар манфаатини кўзлаб ривожлантириш бўйича кейинги йилларда қилган ишларимиз ҳақида кўп гапириш мумкин. Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Бекобод металлургия заводи, Чирчиқ ва Олмалиқ шаҳарларидаги кимё корхоналарига кенг кўламли инвестициялар жалб этилиб, техник ва технологик модернизация ишлари амалга оширилди. Шулар қаторида Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади, Фарҳод ГЭС, Чорвоқ ГЭС, Янги Ангрен иссиқлик электр станцияси сингари энергетика объектларида, Ангрен кўмир конида модернизация ишлари давом эттирилмоқда.
Айниқса, “Ангрен” махсус индустриал зонаси фаолияти йўлга қўйилиши билан вилоят иқтисодиёти учун янги-янги имкониятлар очилмоқда. Мен бу ҳақда кўп гапирмасдан, фақат баъзи рақамларни келтириш билан кифояланмоқчиман. Ҳозирги вақтда мазкур индустриал зона ҳудудида 186 миллион доллардан ортиқ қийматдаги 8 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жумладан, ишлатилган нефть маҳсулотларидан базавий мой тайёрлаш, турли ҳажмдаги мис қувурлар, санитария-техник ва бутловчи буюмлар, сопол плиталар, кўмир брикети, чарм буюмлар ишлаб чиқариш комплекси шундай лойиҳалар сирасига киради. Шунингдек, бу ерда шакар ишлаб чиқариш заводи қуриш мўлжалланмоқда. Буларга қўшимча равишда умумий қиймати 245 миллион долларни ташкил этадиган яна 22 та лойиҳани амалга ошириш бўйича зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда. Собиқ “Резинатехника” корхонаси негизида автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган лойиҳа бўйича эса ишлар бошлаб юборилди.

Бир сўз билан айтганда, охирги беш йил давомида Тошкент вилояти бўйича 1 миллиард 500 миллион доллар миқдоридаги маблағ сарфланиб, 58 та йирик инвестиция лойиҳаси тўла амалга оширилди. Бу ишларнинг давоми сифатида 2013 йилги инвестиция дастури доирасида вилоятда қарийб 545 миллион доллар маблағ ҳисобидан 69 та лойиҳани ҳаётга жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Азиз дўстлар, албатта, бу рақамлар ҳақида шунчаки гапириш осон, лекин улар қандай катта маблағ, қандай катта меҳнат ҳисобидан амалга оширилаётганига эътибор беринг. Бундай лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий инвесторларни отанг яхши, онанг яхши, деб юртимизга олиб келиш ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг учун тинимсиз ҳаракат қилиш, хорижий ҳамкорларни топиб, уларга барча зарур шароитларни яратиб бериш керак. Масалан, мана шу “Резинатехника” заводи бўйича хитойлик ҳамкорларимиз билан аниқ бир битимга келиш учун кейинги уч йил давомида қанча-қанча иш олиб боришга тўғри келди.

Ёки Тошкент вилоятининг салоҳиятига салоҳият қўшишга хизмат қиладиган “Ангрен” махсус зонасини оладиган бўлсак, бу лойиҳага худдики ўзининг шахсий ишидек қараб, уни амалга оширишга сидқидилдан ҳисса қўшган барча мутахассис ва мутасаддиларга раҳмат айтсак, арзийди.

Албатта, халқимизнинг машаққатли ва фидокорона меҳнати билан қўлга киритилган бундай ютуқ ва марралар, режа ва дастурлар барчамизга ғурур-ифтихор, энг муҳими, эртанги кунга ишонч бағишлайди. Лекин, биз бугун қўлга киритилган ютуқ ва марралар билан бир қаторда, Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд бой имконият ва ресурслардан етарлича фойдаланиш борасида бир қатор камчилик ва оқсоқликларга йўл қўйилаётганига кўпроқ эътибор беришимиз зарур.

Кўзга ташланадиган муаммолар ҳақида гапирганда, аввало, шуни таъкидлашимиз зарурки, вилоят саноатининг 88 фоизи Олмалиқ, Ангрен, Бекобод, Чирчиқ шаҳарлари ҳамда Оҳангарон, Қибрай, Янгийўл ва Зангиота туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолган 10 та туманнинг бу борадаги улуши 12 фоизни ташкил этади, холос.

Айниқса, Оққўрғон, Бўка, Бекобод, Қуйичирчиқ туманларининг вилоят саноатидаги улуши бир фоизга ҳам етмаслигини қандай баҳолаш мумкин?
Ҳудудий саноат таркибида маҳаллий тасарруфдаги корхоналар ҳиссаси йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Охирги 3 йилда бу кўрсаткич 25,3 фоиздан 22,8 фоизга тушиб қолгани ҳам шундан далолат беради.

Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, бу ҳудудларнинг барчасида ўзимизнинг одамларимиз яшайди. Лекин нима учун бир туманда саноат жадал ривожланмоқда, иккинчисида эса оқсоқликка йўл қўйилмоқда? Ҳолбуки, Тошкент вилоятида саноат, ишлаб чиқаришни изчил ривожлантириш учун барча шарт-шароит мавжуд. Бу вилоят шундай ихчам жойлашганки, унинг бир туманидан иккинчи туманига бориш жуда қулай, яъни йўл-коммуникация масаласида бу ерда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Шундай экан, талаб ҳам шунга яраша катта бўлиши табиий.

Мана, ўзингиз кўряпсиз, ҳозирги кунда ёшларимиз замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, ҳаётдан ўз ўрнини топишга интилмоқда. Лекин, нима учун Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ, Қуйичирчиқ туманларида янги, замонавий саноат корхоналарининг салмоғи ва самараси ҳалигача сезилмаяпти?

Такрор айтаман – бизга бўлаверади, деган эскича қараш билан фақат томорқадан олинадиган даромад ёки олди-сотди ишларига кўз тикиб яшаш бизга энди ярашмайди. Бунинг учун одамда аввало ғурур туйғуси бўлиши лозим.

Бу муқаддас заминда ғурурсиз, ифтихорсиз яшаб бўлмайди. Шахсан мен, ўзбек боласи қаерда бўлмасин, доимо ўз юртига сажда қилиб, унинг тупроғини кўзига тўтиё этиб яшашини истардим. Ҳар қандай шароитда ҳам ор-номус деган тушунчани баланд тутиб, шундай буюк юртга муносиб фарзанд бўлиб яшаш керак. “Ор-номус” деган сўзнинг бошқа тилларда ўхшаши, таржимаси йўқлигининг ўзи ҳам Яратганимиз бизнинг халқимизга қандай улуғ, қандай беқиёс фазилатлар ато этганини англатмайдими?

Мен Президент – давлат раҳбари сифатида мамлакатимизни ривожлантириш, турмушимизни обод қилиш, халқимиз, авваламбор ёшларимизнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши учун нимаики керак бўлса, барча-барчасини ташкил қилиб беришга, ана шу эзгу мақсад йўлида ҳаётимни бағишлашга ҳамиша тайёрман.

Бу Ватан – ўзимизники, барчамизники. Унинг камчилиги ҳам, ютуғи ҳам ўзимизники. Шундай экан, гўзал ва бетакрор юртимизнинг бугунги ва эртанги куни, ёруғ келажаги учун авваламбор ўзимиз масъул эканимизни унутмаслик керак.

Шу нуқтаи назардан фикримизни давом эттирадиган бўлсак, Тошкент вилоятида баъзи корхоналарнинг тўла қувват билан ишламаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ўтган йили вилоят корхоналарида ип-газлама ишлаб чиқариш бўйича қувватлардан атиги 34 фоиз, трикотаж мато ишлаб чиқариш бўйича 52 фоиз, трикотаж буюмлар ишлаб чиқариш бўйича эса 66 фоиз фойдаланилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Ана шундай оқсоқлик туфайли сўнгги беш йилда Тошкент вилоятида саноат маҳсулотлари ҳажмининг ўсиш суръатлари мамлакатимиз бўйича ўртача кўрсаткичдан анча кам, яъни 2,5 фоизга паст бўлгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди.

Бугунги кунда бутун мамлакатимизда кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш масаласига қандай катта аҳамият берилаётгани барчамизга яхши маълум.

Тошкент вилоятида “Оҳангаронцемент”, “Оҳангароншифер”, “Бекободцемент” акциядорлик жамиятлари, “Ғазалкентойна” қўшма корхонаси ва бошқа йирик қувватлар бўлишига қарамасдан, қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган тармоқнинг ялпи саноат маҳсулотидаги улуши камайиб, 2000 йилдаги 9,5 фоиздан 2012 йилда 8,5 фоизга тушиб қолган.

Экспорт масаласига эътибор қаратадиган бўлсак, 2012 йилда бу борадаги дастурга киритилган корхоналардан 30 таси белгиланган кўрсаткичларни бажармагани туфайли 36 миллион доллардан ортиқ маҳсулотни экспорт қилиш режаси бой берилганини афсусланиб айтиш лозим.

Вилоятда хорижий сармоялар иштирокида ташкил этилган 451 та корхонадан 21 таси фаолият кўрсатмаяпти. Бундай корхоналарнинг асосий қисми Оҳангарон, Ўртачирчиқ, Қибрай туманларида, Олмалиқ ва Янгийўл шаҳарларида жойлашган.

Ҳеч кимга сир эмас, вилоят ҳудудида кўмир, коалин, мис, асбест ҳамда қурилиш хомашёларининг бой захиралари мавжуд. Шунингдек, катта миқдорда мева-сабзавот, гўшт, сут, пилла маҳсулотлари етиштирилади. Лекин, минг афсуски, ана шу қимматбаҳо хомашё ва маҳсулотлардан самарали фойдаланиш, уларни чуқур қайта ишлайдиган замонавий корхоналар ташкил этиб, қўшимча маблағ, қўшимча даромад топиш, энг муҳими, одамларимиз учун янги-янги иш ўринлари яратиш масалалари эътибордан четда қолиб келмоқда.

Бундай аҳволни тубдан ўзгартириш учун Вазирлар Маҳкамаси тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимлиги билан биргаликда аниқ чора-тадбирлар дастурини амалга ошириши зарур. Бунда, авваламбор, “Ангрен” махсус индустриал зонасида ташкил этилаётган корхоналарга берилган кенг кўламли солиқ ва божхона имтиёзларидан самарали фойдаланиш, салоҳиятли маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга хорижий шерикларни жалб этиш учун кўмаклашиш, шунинг ҳисобидан юқори технологиялар ва инновацион ғоялар, тайёр маҳсулот, ички ва ташқи бозорда рақобатдош бўлган товарларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни кўзда тутиш даркор.

Азиз дўстлар!

Тошкент вилояти азалдан ўзининг деҳқончилик анъаналари билан шуҳрат қозониб келгани барчамизга яхши маълум.

Вилоятда ҳозирги вақтда 6 минг 100 дан кўпроқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Ўтган йили улар томонидан қарийб 588 минг тонна ғалла, 241 минг 400 тонна пахта хирмони бунёд этилди.

Бугун мен, мана шу юксак минбардан туриб, вилоятнинг барча деҳқон ва фермерларига ана шундай фидокорона меҳнатлари учун чуқур миннатдорлик билдиришни ўзимнинг бурчим, деб биламан.

Мен яхши тушунаман, тўғри англайман – қишлоқ хўжалиги шундай мураккаб соҳаки, унда ҳар йили кутилмаган бир муаммо пайдо бўлади. Деҳқоннинг меҳнати, чеккан машаққатини фақат деҳқон билади. Саноат корхонасида ишлаш ҳам албатта осон эмас, лекин ишчи ёки муҳандиснинг иш вақти аниқ. Аммо, айтинглар, деҳқоннинг аниқ иш вақти борми? Агарки шундай меҳнатни қадрламасак, нимани қадрлашимиз керак ўзи?

Бугунги кунда деҳқоннинг косасини оқартирадиган – бу фермерлик ҳаракати эканини ҳаммамиз яхши тушуниб олдик, деб ўйлайман. Биз шу йўлга ўтдикми, энди фермерларимиз учун янада кенг йўл очиб беришимиз керак.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда вилоятда нафақат пахта ва ғаллачилик, балки сабзавотчилик, узумчилик, чорвачилик ва бошқа соҳаларда ҳам самарали фаолият юритаётган, қурилиш, хизмат кўрсатиш, савдо, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш асосида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этаётган ўнлаб кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги давр талабини, эртанги кунни ўйлаб иш олиб бораётган Пискент туманидаги “Зиёда”, Қибрай туманидаги “Шуҳрат Мираҳмедов”, Янгийўл туманидаги “Муфассал агро”, Юқоричирчиқ туманидаги “Кавсар замин”, Паркент туманидаги “Бойқозон байналмилал”, Зангиота туманидаги “Сайфуддинова Хонзода”, Ўртачирчиқ туманидаги “Мирзакарим Тешабой”, Бўстонлиқ туманидаги “Сойлиқ Азимжон”, Оққўрғон туманидаги “Сарбон Самандар” каби фермер хўжаликларини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Албатта, ҳаммамизга аёнки, мўл ҳосил етиштириш учун аввало ернинг унумдорлигини ошириш лозим. Шу мақсадда, бутун мамлакатимизда бўлгани каби, Тошкент вилоятида ҳам Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури доирасида охирги беш йилда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу борада 46 миллиард 100 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, 173 та замонавий мелиоратив техника, жумладан, 95 та экскаватор ва бульдозер харид қилинди.

Ҳозирги кунда 88 километрдан зиёд коллектор-дренаж тармоқлари қурилгани ва реконструкция қилингани, қарийб 6 минг километрлик тармоқда эса таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилгани, ҳеч шубҳасиз, ўз амалий натижасини бермоқда. Жумладан, охирги 4 йилда вилоятда картошка етиштириш 67 минг тоннага, сабзавот 378 минг тоннага, полиз маҳсулотлари 28 минг тоннага, мева ва узум эса 60 минг тоннага ошгани ана шундай ишларимиз самараси, десак, янглишмаган бўламиз.

Шу билан бирга, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган улкан амалий ёрдамга қарамасдан, Тошкент вилоятининг бир қатор туманларида сўнгги йилларда пахта ва ғалла ҳосилдорлигининг пасайиш ҳолатлари кузатилаётгани барчамизни афсуслантиради.

Агарки 2012 йилда пахта ҳосилдорлиги мамлакатимиз бўйича ўртача 26,8 центнерни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич Ўртачирчиқ туманида 20,6 центнерни, Бекобод ва Бўка туманларида 25 центнерни ташкил этгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Ёки бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги мамлакатимиз бўйича 52,3 центнерни ташкил этган бўлса, бу рақам Бекобод туманида 37,7 центнерни, Янгийўл туманида эса 32,2 центнерни ташкил этган.

Вилоятдаги айрим фермер хўжаликлари сурункали равишда шартнома мажбуриятларини бажармасдан келмоқда. Ўтган йили вилоятда давлатга пахта ва ғалла сотиш бўйича шартнома мажбуриятлари тўлиқ бажарилган бўлса-да, 110 та фермер хўжалиги пахта, 151 та фермер хўжалиги эса ғалла етиштириш бўйича зиммасига олган шартнома мажбуриятини уддалай олмаган.

Тошкент вилояти мева-сабзавот маҳсулотлари ва узум етиштириш, ҳосилдорликни ошириш ва янги агротехнологияларни жорий этиш, юқори самара берадиган боғ ва узумзорлар яратиш бўйича катта имкониятларга эга экани ҳақида кўп гапириш мумкин.

Вилоятда янги мевали боғлар ва токзорларни барпо этишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Мисол учун, 2012 йилда вилоят бўйича атиги 623 гектар янги боғ ва 146 гектар токзор ташкил этилган. Янгийўл, Қуйичирчиқ, Бўстонлиқ туманларидаги айрим фермер хўжаликларида мевали боғ майдонларидан гектарига 50-55 центнер ҳосил етиштирилган, холос.

Ўтган 2012 йил мавсумида вилоятда мева ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатлари 4 фоизни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич Самарқанд ва Наманган вилоятларига қараганда 4-5 фоиз пастдир. Шунингдек, 2012 йилда вилоят бўйича мева-сабзавот ва узумни қайта ишлаш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртача 40 фоизни ташкил этганини қониқарли баҳолаб бўлмайди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қиш мавсуми учун сифатли сақлаш мақсадида Тошкент вилоятида мева-сабзавотларни сақлайдиган холодильникларнинг қуввати охирги беш йилда икки баробар оширилиб, 80 минг тоннадан ортгани эътиборга лойиқ, албатта. Лекин, ўтган йили ташкил этиш режалаштирилган 6 та холодильникдан фақат 4 таси ишга туширилгани бу масалада ҳам оқсоқлик борлигини кўрсатади.

Бугунги кунда вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасини замон талаблари асосида ривожлантириш, жумладан, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил қилиш, уларнинг самарали ишлаши учун барча шароитларни яратиб бериш ҳукумат ва мутасадди ташкилотларнинг устувор вазифаси бўлиши лозим. Бу борада биз янги ташкил этилган Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ва унинг жойлардаги бўлимлари томонидан ташаббус ва амалий ҳаракатларни кутишга ҳақлимиз. Жорий йилда Тошкент вилоятида ҳокимликлар ва фермерлар кенгашлари бошчилигида 2 минг 260 дан зиёд кўп тармоқли фермер хўжаликларини барпо этиш бўйича 97 миллиард сўм маблағ сарфлаш кўзда тутилаётгани бу масаланинг ижобий ҳал этилишига ишонч туғдиради.

Муҳтарам депутатлар!

Кейинги йилларда Тошкент вилоятида йўл-транспорт, коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш масаласига қандай катта эътибор берилаётгани сизларга яхши маълум, албатта.

Айниқса, Ангрен шаҳрида ташкил этилган Халқаро транспорт логистика маркази орқали 2010 йилдан бошлаб Фарғона водийси вилоятларига ва улардан мамлакатимизнинг бошқа минтақаларига 16 миллион тоннадан ортиқ юк етказиб берилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бизга сувдек, ҳаводек зарур бўлган бундай марказларни, транспорт ва коммуникация тармоқларини жадал ривожлантиришни бугунги ҳаётнинг ўзи талаб қилаётганини ҳаммамиз яхши тушунамиз. Шу мақсадда яқинда 116 километр узунликдаги Гулистон – Оҳангарон янги автомобиль йўли қуриб битказилганидан хабардорсиз. Бу йўлнинг аҳамияти шундаки, у фақат масофани қисқартириб қолмасдан, Тошкент минтақаси орқали ўтадиган транспорт воситалари сонини оптималлаштиришга ҳам хизмат қилади.

Бу соҳада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 8 миллиард сўм маблағ ҳисобидан маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларида қурилиш-таъмирлаш, шунингдек, 10 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтириб, 160 дан ортиқ аҳоли пунктидаги ички йўлларда жорий ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Ҳурматли мажлис қатнашчилари!

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити яратилганини Тошкент вилояти мисолида ҳам яққол кузатиш мумкин.

Ҳозирги пайтда вилоятда 20 мингга яқин кичик бизнес субъекти фаолият кўрсатмоқда. Агарки мамлакатимизда кичик бизнес соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 54,6 фоизни, саноатдаги улуши эса 22,2 фоизни ташкил этаётган бўлса, бу кўрсаткичлар Тошкент вилоятида тегишли равишда 56,7 фоиз ҳамда 21,9 фоизни ташкил этмоқда. Айни вақтда мазкур соҳада бир қатор муаммолар борлигини ҳам айтмасдан ўтолмаймиз. Хусусан, 2012 йил якунларига кўра, Бўка, Зангиота, Ўртачирчиқ туманларида янгитдан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари сони камайишига йўл қўйилган.

Адлия органлари томонидан 2011-2012 йилларда ўтказилган ўрганишлар давомида тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасида 224 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган.

Тадбиркорлар баъзан ўз бизнесини ташкил этиш учун ер олиш, кадастр органларида ҳужжатларни расмийлаштириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун табиий газ, сув ва электр энергияси билан барқарор таъминланишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Масалан, муҳандислик тармоқларига уланиш бўйича 253 та мурожаатдан 214 таси ҳал этилмагани ҳам шуни кўрсатади.

Энг ёмони, назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувлари давом этмоқда. 2012 йилда адлия органлари томонидан 46 та ана шундай ҳолат аниқланган.

Шу муносабат билан илгари ҳам айтган бир фикрни яна бир марта таъкидламоқчиман. Тадбиркорлик фаолияти йўлига тўсиқ қўйиш, унга қарши чиқиш – бу давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланиши керак. Буни қайси лавозимда ўтирганидан қатъи назар, барча мансабдор ва масъул раҳбарлар қулоғига қуйиб олиши шарт.

Вилоятда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда ҳам муаммолар кўзга ташланмоқда. Масалан, айрим маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари томонидан етарлича эътибор берилмаслиги оқибатида алоқа, транспорт, савдо ва умумий овқатланиш бўйича прогноз кўрсаткичлари бажарилмаяпти.

Вилоятда кўплаб дам олиш масканлари фаолият кўрсатаётганига қарамасдан, жами хизматлар ҳажмида туризм хизматларининг салмоғи атиги 0,5 фоиздан ошмаётгани албатта ҳеч кимни қониқтирмайди. Айнан хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес соҳаси одамларимизни иш билан таъминлаш ва шунинг ҳисобидан аҳолимиз даромадларини ошириш, унинг ҳаёт даражасини яхшилашда ҳал қилувчи омил бўлиб келаётганини унутмаслигимиз зарур.

Охирги йилларда Тошкент вилоятида аҳоли даромадлари ошиб бораётганини қуйидаги рақамлар тасдиқлаб бермоқда. Айниқса, 2000 йилга нисбатан аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9,6 баробар ўсгани, ўртача иш ҳақи 14 баробар, пенсия ва нафақалар 12,5 баробар ошгани мисолида бунинг амалий ифодасини кўриш қийин эмас, деб ўйлайман.

Бунинг яна бир яққол тасдиғини кейинги ўн йилда вилоятда енгил автомобилга эга бўлган оилалар 15 фоиздан 37 фоизга, телевизорга эга хонадонлар 80 фоиздан 143 фоизга, холодильникка эга оилалар 50 фоиздан 93 фоизга, кир ювиш машинаси бўлган оилалар 32 фоиздан 72 фоизга кўпайганида кузатиш мумкин.

Биз учун устувор мақсад бўлган соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласини оладиган бўлсак, вилоятда кейинги тўрт йилда 204 та умумтаълим мактаби, 19 та мусиқа ва санъат мактаби, 38 та касб-ҳунар коллежи ва 6 та академик лицей замонавий асосда қурилгани ва тубдан реконструкция қилинганини таъкидлаш лозим.

Ана шу даврда соғлиқни сақлаш соҳасида 1 минг 190 ўринга эга бўлган тиббиёт муассасалари ҳамда бир сменада 1 минг 335 нафар беморга хизмат кўрсатадиган поликлиникалар қурилгани ва реконструкция қилинганини қайд этиш зарур. Фақат ўтган йилнинг ўзида вилоятдаги тиббий муассасаларни қуриш ва реконструкция қилиш учун марказлаштирилган манбалар ҳисобидан 16 миллиард 600 миллион сўм йўналтирилганининг ўзи бу борадаги ишларимизнинг миқёси ва кўламини кўрсатади. Шулар қаторида кейинги вақтда вилоятда 31 та спорт объекти ишга туширилди ва реконструкция қилинди.

Ана шундай қулайликлардан баҳраманд бўлиб ўсаётган бугунги ёшлар ҳамма нарсани тушунади. Улар ҳозирги ахборот воситалари, айниқса Интернет орқали кўп нарсадан хабардор бўлмоқда. Интернет тармоғини қандайдир темир девор билан тўсиб, тақиқлаш – бу мутлақо ақлга сиғмайдиган иш. Мана, жаҳоннинг айрим минтақаларида, араб дунёсида турли нотинчлик ва қарама-қаршиликлар юз бермоқда. Бу ҳолатнинг сабаблари кўп, лекин уларнинг аксарияти ёшларга, уларнинг ҳаётий манфаатларини ҳал қилишга етарли эътибор бермаслик натижасида содир бўлаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шунинг учун барчамиз, биринчи навбатда, вазифада ўтирган раҳбарлар ёшларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларга кенг йўл очиб бериш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш бўйича олиб бораётган ишларимизни давр талаблари билан ҳамоҳанг бўлиб, янги босқичга кўтариш зарурлигини ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги керак.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Тошкент вилоятида ёш авлод тарбиясига бевосита боғлиқ бўлган соҳа ва тармоқларда қўлга киритилаётган ҳар томонлама таъсирчан ютуқ ва марралар сўзсиз барчамизни қувонтиради, қалбимизга ғурур ва ифтихор етказади, албатта.

Айни шу борада яна ва яна бир бор эътиборингизни бундай кўрсаткичлар негизида ётган ўта муҳим мезонларга қаратмоқчиман.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида 2 миллион 700 минг киши, жумладан, 1 миллион 600 мингга яқин меҳнатга яроқли одам истиқомат қилмоқда. Шу сабабли ҳар қайси оиладаги фаровонлик, одамларнинг ҳаётга бўлган муносабати, жамиятимизнинг ижтимоий барқарорлиги аввало аҳолининг иш билан қандай таъминланганига, уларнинг иши қандай ташкил этилганига, ўз меҳнатига муносиб даромад топишига чамбарчас боғлиқ, десам, ўйлайманки, барчангиз шу фикрга қўшиласиз.

Масалага шу кўз билан қарайдиган бўлсак, вилоятда ўтган йили бандлик дастури доирасида 87 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган бўлса ҳам, ишга жойлаштиришга муҳтож кишилар сони 45 минг 400 нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич Бекобод ва Бўка туманларида, Бекобод шаҳрида айниқса юқори ҳисобланади.

Шунингдек, вилоятдаги касб-ҳунар коллежларини битириб чиқаётган ёшларни ўз эгаллаган мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлаш борасида жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. Масалан, 2012 йилда Оққўрғон, Чиноз, Юқоричирчиқ туманларида бу кўрсаткич республикадаги энг паст даражани ташкил этгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Бугунги фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор огоҳлантириб айтмоқчиман: маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарларининг фаолиятига одамларни, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи уларнинг ҳудудида қандай ҳал қилинаётганига қараб баҳо берилади.

Яна бир муҳим масала – аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ҳақида тўхталадиган бўлсак, кейинги тўрт йилда вилоятда сув таъминоти ва канализация хизматларини яхшилашга марказлаштирилган манбалардан 9 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилганини айтиш лозим. Шу асосда 520 километр, жумладан, қишлоқ жойларда 490 километрдан ортиқ сув тармоқлари ишга туширилди. Бироқ, водопровод тармоқларининг каттагина қисми эскиргани туфайли сув таъминотида узилишларга йўл қўйилмоқда, истеъмолчилар томонидан тўланмаган қарзлар ҳажми ортиб бормоқда. Бўка, Ўртачирчиқ, Қуйичирчиқ, Юқоричирчиқ, Паркент туманларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси қониқарсиз бўлиб қолмоқда.

Шу муносабат билан вилоятда қўшимча водопровод тармоқларини қуриш, жумладан, Чимён-Чирчиқ дам олиш ва ҳордиқ чиқариш ҳудудида тозалаш иншоотлари қувватларини кенгайтириш керак. Шу ўринда вилоятда жойлашган шаҳарлардаги кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминотини яхшилаш ишлари етарли даражада эмаслигини афсус билан айтишга тўғри келади. Кўпгина уйларнинг муҳандислик ускуналари ва иссиқлик тармоқлари капитал ва жорий таъмирлашга муҳтож.

Коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоблар интизомининг пастлиги сабабли Чирчиқ шаҳри, Оққўрғон, Бўстонлиқ туманларида муддати ўтган дебиторлик қарзлар сақланиб қолмоқда. Бу эса ўз навбатида кўрсатилаётган хизматлар сифатига салбий таъсир этмоқда.

Балки кимдир, Президент шундай майда камчиликларни айтиб ўтирадими, деб ўйлаши ҳам мумкин. Мен сизларга дўст сифатида айтмоқчиманки, менинг ишимда, ҳар қайси раҳбарнинг фаолиятида иккинчи даражали ёки майда масаланинг ўзи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Нега деганда, инсон манфаати ҳақида гап кетганда, ҳеч қачон майда масаланинг ўзи бўлмайди.

Ўзингиз ўйланг, жойларда ичимлик суви етишмаса, кўпқаватли уйларда табиий газ, иссиқлик етказишда узилишлар бўлса, одамлар, айниқса, ёш болали оилалар тепада – раҳбарлик лавозимида ўтирганларга нисбатан қандай фикр билдириши мумкин?

Бу ҳаётдан ҳаммамиз ҳам ўтиб кетамиз, ҳеч ким дунёга устун бўлган эмас. Шунинг учун ҳам мен доимо ўзимга, сендан эртага нима қолади, деб савол бераман. Ҳар бир одам бу саволни ўзига қайта-қайта берса, савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар кун қилиш керак, деган қоида билан яшаса, ўйлайманки, Яратган ҳам, инсонлар ҳам ундан рози бўлади.
Муҳтарам дўстлар!

Қишлоқ аҳоли пунктларини замонавий лойиҳалар бўйича комплекс қуришга қаратилган дастурга мувофиқ, 2009-2012 йилларда вилоятда намунавий лойиҳалар асосида 2 минг 355 та уй-жой фойдаланишга топширилди. Бу мақсад учун жами 228 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бироқ, таассуфки, биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган бу масалага панжа орасидан қараш туфайли айрим туманларда уй-жойларни муддатидан кечиктириб ва сифатсиз топшириш ҳолатларига йўл қўйилмоқда. Жумладан, 2011-2012 йилларда бу борада йўл қўйилган жиддий камчилик ва қонун бузилишлари учун Чиноз тумани ҳокими А.Тешабоев, Оҳангарон тумани ҳокими Б.Солибоев ўз вазифасидан озод этилгани, Қуйичирчиқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Отажонов ва Ўртачирчиқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Шомансуров жиноий жавобгарликка тортилгани, Бўстонлиқ, Юқоричирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Ўртачирчиқ туманларининг ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарларига ҳайфсан эълон қилингани ҳам буни тасдиқлайди. Лекин гап фақат кимгадир жазо беришда эмас, балки вазиятни холисона ва танқидий баҳолаб, зарур хулоса ва сабоқ чиқариб олишда.

Жорий йилда вилоятдаги 39 та массивда 1 минг 50 та уй-жой қуриш учун 147 миллиард сўм, яъни ўтган йилдагига нисбатан 16,5 фоиз кўп маблағ жалб этиш назарда тутилмоқда. Бу эса шу йўналишда қўшимча ишчи кучи, моддий ва техник ресурсларни сафарбар қилишни, ишни оқилона ва самарали ташкил этишни тақозо этади.

Ҳокимлар бу масалани бир-икки йиллик иш деб билмаслиги, аксинча, узоқ муддатли муҳим ижтимоий дастур деб қабул қилиши лозим. Нега деганда, бу борадаги ишлар қишлоқда яшаётган одамларнинг шароити шаҳардагидан кам бўлмаслиги керак, деган эзгу мақсадни амалга оширишга қаратилган.

Бугунги кунда аҳолининг даромади ортиб боряпти. Лекин баъзи одамлар уй қуриш ўрнига машина олишга шошиляпти. Менга қолса, машина ҳам, уй ҳам керак, лекин, барака топкурлар, аввал уй қуринглар, кейин машина олинглар. Яхши, замонавий уй қурган одамларнинг болалари эртага ота-онасига раҳмат айтади. Энг муҳими, бундай шинам уйларда туғилиб вояга етган болаларнинг соғлиғи, фикри, дунёқараши ҳам бошқача бўлади.

Мен яхши эслайман, 1986 йили Қашқадарёда ишлаган пайтимда Шаҳрисабзда янги уйлар қуриш тажрибасини бошлаган эдик. Ўшанда уйларнинг ташқи деворини пишиқ ғиштдан, ички деворини эса хом ғиштдан қуришга мажбур бўлганмиз. Чунки пишиқ ғишт ҳам, ғишт заводлари ҳам бугунгидек кўп эмас эди. Бугун эса, мана, кўряпмиз, ҳар томонлама қулай шарт-шароитларга эга бўлган уй-жойларни қуриш учун барча шароитлар етарли.

Шу ўринда долзарб бир масалага эътиборингизни қаратишни истардим. Маҳаллий пудрат ишлари бозорини ривожлантириш борасида берилган имтиёзларга қарамасдан, вилоятда бу борадаги ишларни такомиллаштириш, зарур қурилиш асбоб-анжомлари билан таъминланган, малакали қурувчиларга эга бўлган замонавий пудрат ташкилотларини шакллантириш, уларга керакли моддий база яратиш учун тегишли ёрдам бериш масалалари вилоят ҳокимияти эътиборидан мутлақо четда қолганини таъкидлашимиз лозим.

Давлат бюджетидан катта ҳажмдаги молиявий ресурслар ажратилаётганига қарамасдан, вилоят раҳбарияти ва мутасадди шахсларнинг бу масалага совуққонлик билан қараши натижасида муҳим иншоотларни ўз вақтида ва сифатли ишга тушириш режалари барбод қилинмоқда. Мисол учун, 2009-2012 йиллар мобайнида марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобидан ижтимоий объектларни қуриш ва реконструкция қилиш учун 163 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлиб, уларни ўзлаштириш 156 миллиард 500 миллион сўмни ёки умумий кўрсаткичга нисбатан 95,8 фоизни ташкил этган.

Тошкент вилоятининг бугунги ривожланиш суръатлари, бу борада йўл қўйилаётган камчилик ва муаммолар, уларни ҳал этиш ҳолати шуни тасдиқлайдики, бу ўта муҳим йўналиш бўйича ишлар қониқарли даражада эмас. Бундай вазиятни кескин ўзгартириш, керакли хулосалар чиқариш зарурати кўриниб турибди. Мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш учун мамлакатимиз ҳукумати, вазирлик ва идораларнинг бевосита кўмагида керакли чора ва тадбирларни амалга оширишимиз зарур.

Ҳурматли депутатлар!

Энди бугунги сессия кун тартибидаги ташкилий масалани кўриб чиқишга ўтсак.

Ҳаммамизга маълум, бундан тўрт йил олдин, яъни 2008 йилнинг декабрь ойида биз сизлар билан бирга Рустам Холматовга катта ишонч билдириб, уни Тошкент вилоятининг ҳокими лавозимига тасдиқлаган эдик.

Албатта, улкан салоҳиятга эга бўлган, мамлакатимизда етакчи ўрин тутадиган Тошкент вилоятини бошқариш, раҳбарлик қилиш, унинг кўп тармоқли иқтисодиётини барқарор суръатлар билан ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражасини юксалтириш – бундай вазифаларни уддалаш оғир ва ўта масъулиятли ишдир.

Эътироф этиш керакки, Р.Холматовнинг иш фаолияти давомида дастлаб вилоят тараққиёти йўлида, кўпгина муаммоларни ечишда амалий ҳаракат ва ижобий ишлар кузатилди. Лекин, охирги йилларда унинг ишга муносабати ўзгарди, ўзига нисбатан талабчанликни бўшаштириб, хотиржамлик, ўзибўларчилик кайфиятига берилиб, вилоят раҳбари ва етакчиси сифатида масъулиятни йўқотишга йўл қўйди. У ўзига нисбатан билдирилган кўпгина огоҳлантириш ва танқидий гаплардан хулоса чиқармади, аҳволни ижобий томонга ўзгартириш ҳақидаги ваъдалари қуруқ гап бўлиб қолаверди. Ўз қўлида ишлайдиган кўпгина муовин ва мутахассисларнинг, фаолларнинг бошини қовуштириш, уларга бир кўз билан қараш, уларни бирлаштириш ўрнига, қўл остидагиларга юқоридан қараш, менсимаслик, қўпол муносабатда бўлишни ўзига маъқул топди.

Албатта, одамлар ҳар хил бўлади, уларнинг юриш-туриши, феъл-атвори ҳам бир-биридан фарқ қилади. Лекин раҳбар бўлиб масъулиятни ўз зиммасига олган одам, ёқадими-йўқми, ҳар қайси ходимга аввало ишнинг манфаатини кўзлаб, тўғри баҳо бериши керак.

Вилоят ҳокимининг ана шундай мезонлар асосида ўзидан олдин ишлаган раҳбарларнинг хатоларидан хулоса чиқариб олмагани умумий ишга зиён етказгани ҳақида кўп гапириш мумкин.

Биз одатда бирон-бир раҳбарнинг оддий одамлар орасидан чиққанига эътибор берамиз, лекин, афсуски, нафс балоси уни бузади, натижада боши айланиб, оёғи ердан узилади. Асосан хушомадгўй одамлар, раҳбарлар соясида юриб бирор нарса орттиришни ўйлайдиган кимсалар бунга сабаб бўлади. Менга қолса, раҳбарга эмас, уни бузадиган ана шундай одамларга жазо берган бўлардим.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимиздаги марказий бир ҳудудни бошқариш, одамлар билан тил топишиб, уларнинг ишончини қозониб, обрў орттириш, улкан мақсадлар сари сафарбар этиш учун Р.Холматовга кенг миқёсда фикрлаш, узоқни кўриш, улкан салоҳиятли вилоятни бошқариш хусусиятлари – қурби етишмади. Ўз-ўзидан аёнки, бундай ҳолат охир-оқибатда унга билдирилган ишончни йўқотишга олиб келди.

Йўл қўйилган хато ва камчиликларга тан бериб, иқрор бўлиб, Р.Холматов эгаллаб турган вазифасидан озод қилишни сўраб, ариза билан мурожаат қилди.

Мажлис раисидан ушбу масалани овозга қўйишни сўрайман.

Муҳтарам дўстлар!

Тошкент вилоятидек катта вилоятга янги раҳбарни танлаш ва тайинлаш – ўта мураккаб ва масъулиятли иш. Ўйлайманки, сиз, ҳурматли мажлис иштирокчилари, барчангиз буни яхши англаб, тушуниб турибсиз.

Албатта, ҳар бир номзодни тавсия қилаётганда, биз фаоллар, депутатлар билан кўп маслаҳатлашамиз, унинг таржимаи ҳоли, дунёқараши, аввалги иш фаолияти, инсоний хусусиятлари, феъл-атвори, ҳар хил қинғир-қийшиқ ишлардан узоқ бўлганини биринчи навбатда эътиборга оламиз. Бундай номзодларга қўйиладиган энг асосий талаблар қаторида аввало ўзини раҳбар, етакчи деб ҳисоблайдиган шахс бугунги шиддат билан ўзгараётган, тараққий топаётган замон талабларига жавоб бериши, эртанги кунимизнинг энг долзарб, энг устувор йўналишларини ўзига яққол тасаввур қилган ҳолда, унга ишонч билдирган эл-юрт олдида унинг зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда ўз масъулиятини чуқур сезиши, ҳис қилиши шарт.

Энг муҳими, раҳбар халқ ғами ва ташвиши, умиди ва интилишлари билан яшаши, одамларни бир-биридан ажратмасдан – биттасига иссиқроқ, бошқасига эса совуқроқ қарамасдан, ошна-оғайнигарчиликка берилмасдан, оёғи ердан узилмасдан, адолат, талабчанлик ва қатъият билан иш олиб бориши, бундай қараш, бундай муносабат унинг бурчига, ҳаётий мақсадига айланиши даркор.

Катта салоҳиятга эга бўлган Тошкент вилоятини бошқариш учун юқори савия, билим ва тажрибага эга бўлган етакчи керак. Ҳаёт синовларида тобланган, улкан режа ва дастурларни амалга оширишга, юртни обод, элнинг турмушини янада фаровон қилишга қурби-кучи етадиган раҳбар керак.

Вилоят депутатлари ва фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан маслаҳатлашганда, айни шундай юксак талабларга жавоб берадиган вилоят раҳбари кераклиги ҳақида сўз юритилди. Шундай фикр-мулоҳазалар натижасида бугунги кунда Андижон вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Аҳмад Усмонов номзодини Тошкент вилояти ҳокими вазифасига тавсия этишга қарор қилдик.

Аҳмад Усмоновнинг таржимаи ҳоли ҳақида гапирадиган бўлсак, у 1957 йилда Самарқанд вилояти Қўшработ туманида туғилиб, Самарқанд давлат университетини 1981 йилда ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича битирган.

Кўп йиллар Жиззах, Сирдарё, Наманган вилоятларида масъулиятли вазифаларда ишлаган. Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида хизмат қилган. Охирги етти йил мобайнида Андижон вилояти ҳокими бўлиб ишлаб келмоқда.

Ҳаммамизга маълум бўлиши керак: охирги йиллар давомида вилоятнинг қайси соҳасини олмайлик – бу қишлоқ хўжалиги бўладими, саноат бўладими, ижтимоий соҳалар бўладими, Андижон вилоятининг Усмонов раҳбарлигида ўсиш, тараққий топиш суръатлари, шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфаси тубдан ўзгариб ва очилиб бораётгани кўпчиликнинг ҳавасини тортиб келмоқда, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

А.Усмоновни Тошкент вилояти ҳокими вазифасига тавсия этар эканмиз, аввало унинг одамлар кўнглига йўл топиб ишлаш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, аҳолини рози қилиш ва ишончини қозониш, Тошкент вилояти халқига сидқидилдан хизмат қилишда ўзининг бой ҳаётий ва раҳбарлик тажрибасини ишга солади ва вилоят олдида турган вазифаларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатади, деб ишонамиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Такрор-такрор айтишни истардим, Тошкент вилояти – ўзининг иқтисодий, ижтимоий ва маънавий обрў-эътибори билан том маънода юртимизда бошқаларга ўрнак бўлиб келган вилоятдир.

Шунинг учун бугун сиз, азизларга, вилоятнинг барча фаоллари ва фидоийларига, кўпмиллатли воҳа аҳлига қарата айтмоқчиман: Тошкент вилояти ҳеч қачон орқада юришни ўзига маъқул топмаган ва мамлакатимизнинг тараққиёти, эл-юртимиз фаровонлиги, Ватанимизнинг нуфузини ошириш йўлида ўзининг нималарга қодир эканини кўрсатиш, намоён этиш учун куч-қудрати етарли, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Тошкент вилоятининг кўпни кўрган, меҳнатсевар ва бағрикенг халқи бугун мажлисимизда тасдиқлаб олган янги раҳбар атрофида жипслашиб, бир ёқадан бош чиқариб, мамлакатимизнинг етакчи вилоятига хос бўлган ўрнини, обрўсини қўлдан бермайди.

Барчангизга шу йўлда сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, янги-янги ютуқлар тилайман.








Все о погоде - Pogoda.uz