ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизнинг Гeрманиядаги элчихонаси ва Франкфурт-майн шаҳридаги Бош консулхонасида сайлов участкалари очилди

Мамлакатимизнинг Гeрманиядаги элчихонаси ва Франкфурт-майн шаҳридаги Бош консулхонасида сайлов участкалари очилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлиги учун бўлиб ўтадиган сайловларга мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Жорий йилдаги сайловда хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун янада қулай овоз бериш имкониятлари яратилмоқда. Хусусан, авваллари ушбу тадбирда фақат консуллик ваколатхоналаридан расмий рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланар эди. Эндиликда чет элда вақтинча ёки доимий яшаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳам дипломатик ваколатхоналаримизда ташкил этилган сайлов участкаларига мурожаат этиши ёки Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-саҳифасидан рўйхатдан ўтиб, тегишли сайлов участкасида овоз бериши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси ва Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонасида 140-сонли Дархон сайлов округининг 8 ва 47-сайлов участкалари ташкил қилинди. Уларда сайлов жараёнини юқори савияда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Элчихона консуллик бўлими берган маълумотга кўра, айни пайтда мамлакатимизнинг 4 мингга яқин фуқароси консуллик рўйхатида қайд этилган. Уларнинг аксарияти Германия ҳудудида истиқомат қилади. Шу билан бирга, консуллик округига қарашли Швеция, Чехия ва Швейцарияда таҳсил олаётган ёки вақтинча меҳнат қилаётган ватандошлар парламент сайловида қатнашишга катта қизиқиш билдирмоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, хориждаги фуқароларимиз билан учрашувлар ўтказиш, уларнинг сайлов жараёнида фаоллигини ошириш, сиёсий билим савиясини юксалтиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга ошириш долзарб вазифа сифатида белгиланган.

Элчихонанинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва Германия оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни билан боғлиқ маълумотлар эълон қилинмоқда.

Бундан ташқари конференциялар, давра суҳбатлари ва бошқа турли тадбирларда Германия жамоатчилиги вакилларига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида бажарилаётган ишлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловни очиқ ва шаффоф тарзда ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда, дейилади “Дунё” ахборот агентлиги хабарида.

1 990
ЎзА