ЎзА Ўзбек

12.04.2019 22:37 Чоп этиш версияси

Мақсадимиз – Ўзбекистон билан барча соҳадаги муносабатларни ривожлантириш

Мақсадимиз – Ўзбекистон билан барча соҳадаги муносабатларни ривожлантириш


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни қатор хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Тантанали маросим доирасида элчилар ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Аҳмад бин Саид ал-КАСИРИЙ, Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Бугун Президент Шавкат Мирзиёевга мамлакатимизнинг Ўзбекистондаги элчиси ишонч ёрлиғини топшириш шарафига муяссар бўлдим. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги миссиямиз давомида ҳеч қандай протоколсиз, бевосита вазирлик ва идоралар билан ишлашимиз бўйича тавсиялар берди. Давлатингиз раҳбарининг тавсияларидан беҳад мамнунмиз.

2018 йил июль ойида Султонликда Ўзбекистон элчихонаси очилди. Ўзбекистоннинг юртимиздаги дипломатик миссияси билан самарали ҳамкорлик қиламиз. Фаол сиёсий мулоқот ҳамкорлик йўналишларидан бири бўлиб, мамлакатларимиз кўплаб масалалар бўйича ўхшаш қарашларга эга.

Шунингдек, биз савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантирамиз. Зиёрат туризми борасида ҳам Ўзбекистон улкан салоҳиятга эга. Мақсадимиз бу соҳадаги муносабатларни ривожлантириш. Бундан ташқари, яқин келажакда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича комиссия ташкил этишни режалаштирдик. Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш йўлида барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираман.

Ибрагим ЖУНУСОВ, Қирғизистон Республикасинингмамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Қирғизистон – Ўзбекистон муносабатлари узоқ тарихга эга. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, икки-уч йил олдин тасаввур қилиш имкони бўлмаган ишлар бугун амалга ошмоқда. Давлатларимиз раҳбарлари олдимизга ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион АҚШ долларига етказиш вазифасини қўйган. Биз бу маррани қўлга киритиш учун барча имкониятларни ишга соламиз.

Назорат-ўтказиш пунктлари очилгани, маданий-гуманитар алоқалар ривожланаётгани халқларимизнинг яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамламоқда. 4 ой аввал Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари ўтказилди. Эндиликда Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил этишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Давлатингиз раҳбари билан учрашувимизда ўзаро алоқаларни янги мазмун билан бойитиш юзасидан фикр алмашдик. Ўйлаймизки, Қирғизистон – Ўзбекистон ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораверади.

Меҳмет Суреййа ЭР, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Ўзбекистондек тарихий ва маданий ришталаримиз мустаҳкам боғланган ва биз қардош деб билган юртга элчи бўлиш катта шараф. Шукрлар бўлсинки, ушбу шарафли вазифа менга насиб этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга, Президент Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2018 йил 29 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонга ташрифлари мамлакатларимиз муносабатларида янги саҳифа очди. Биз Ўзбекистон томонининг Туркия делегациясига кўрсатган унутилмас меҳмондўстлигини катта мамнуният билан эслаймиз. Президентимизнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида тузилиши келишиб олинган Стратегик шериклик олий кенгаши муносабатларимизни ўзаро манфаат асосида илғор даражага чиқаришига ишонамиз. Сиёсий алоқаларимиз мукаммал экани барча соҳадаги муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим имконият яратмоқда.

Юртимиздаги 80 миллионли аҳоли ота юрт деб қабул қилувчи Ўзбекистонга нисбатан чуқур муҳаббатни ўзим билан олиб келдим. Туркияликлар юраги қардош Ўзбекистоннинг муваффақияти, ҳаёти осойишта ва фаровон бўлиши учун уриб турганини билишингизни хоҳлардик. Ўз вазифамни ўташимда Ўзбекистон ва қардош ўзбек халқининг қўллаб-қувватлашини доимо ҳис этишимизга ишонаман.

Сунарио КАРТАДИНАТА, Индонезиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

Авваламбор Индонезия Президенти ва халқининг саломи ва эзгу тилакларини Ўзбекистон Президенти ва халқига етказишни истардим. Индонезия билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Биз дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва тараққий эттириш истагидамиз. Зеро, Индонезия билан Ўзбекистон икки ва кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришда якдил қарашларга эга.

Айни пайтда Тошкент – Жакарта – Тошкент тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Бу туризмни янада ривожлантиришга, халқларимиз ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни тараққий эттиришга, товар айирбошлаш ҳажмини оширишга улкан ҳисса қўшади. Бу лойиҳани тез кунларда ишга тушириш ниятидамиз.

Дархан САТИБАЛДИ, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида яқин ва дўстона алоқалар йўлга қўйилган. Сўнгги бир неча йилги рақамларга назар ташласак, мамлакатларимиз товар айланмаси ҳажмини 3 миллиард АҚШ долларига етказишга эришилди. 2020 йилга келиб бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз ва бу борада фаол иш олиб борилмоқда.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 14 апрель куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Бу давлатимиз раҳбарининг илк хорижий сафарларидан бўлиб, мамлакатларимиз муносабатлари нечоғли яқинлигидан далолат беради. Ташриф доирасида Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросими ўтказилади. Ўйлайманки, мазкур йил ҳам ўзаро муносабатларимизни янги босқичга кўтарган йил сифатида қардош халқларимиз ёдида муҳрланиб қолади.


Матназар Элмуродов, ЎзА
4 532