ЎзА Ўзбек

29.03.2018 12:51 Чоп этиш версияси

Мўғулистон делегацияси билан учрашув

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида мамлакатимизга ташриф буюрган Мўғулистон Дўстлик жамиятлари кенгаши раиси, Мўғулистон Қаҳрамони, космонавт Ж.Гуррагча бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов делегация аъзоларига Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур қўмита фаолияти тўғрисида маълумот берди. Ҳозирги кунда қўмита «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ватандошларимиз билан яқин муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Учрашувда мамлакатимизнинг туристик салоҳияти хусусида ҳам маълумот берилди. Ўзбекистонда ҳар йили бир нечта халқаро туристик ярмарка ва фестиваллар ташкил этилади. Унда Мўғулистон туристик компанияларининг иштироки икки давлат халқлари учун фойдали бўлиши таъкидланди.

Ж.Гуррагча самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон билан аввалдан дўстона алоқалар ўрнатилгани ва анъанавий маданият кунлари ташкил қилиниб келинганини эслади. Мазкур учрашувдан асосий мақсад ҳам шу алоқаларни тиклашдир.

Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Мўғулистон Дўстлик жамиятлари кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандум бир муддат узилиб қолган Ўзбекистон ва Мўғулистон халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатларининг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Г.Сатторова, ЎзА
6 692