ЎзА Ўзбек

31.12.2019 Чоп этиш версияси

Леонид МАРИНИЧ: поёнига етаётган йил Беларусь – Ўзбекистон ҳамкорлигида туб бурилиш ясади

Леонид МАРИНИЧ: поёнига етаётган йил Беларусь – Ўзбекистон ҳамкорлигида туб бурилиш ясади

Янги йил арафасида ЎзА мухбири Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Мариничнинг фикрларини ёзиб олди. Жаноб элчи якунланиб бораётган 2019 йилда Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланганини қайд этиб, халқимизга эзгу тилакларини изҳор қилди.

– Ҳар гал яна бир йилни тарихга кузатиб, Янги йилга режалар тузаётганда ортга назар ташлаймиз, эришилган натижаларни сарҳисоб қиламиз. Ўзбекистонда элчи сифатида фаолият олиб борган 2019 йил мен учун, элчихонамиз ходимлари учун жуда самарали бўлди. Поёнига етаётган йил Беларусь – Ўзбекистон ҳамкорлигида туб бурилиш ясаган ва сермазмун воқеаларга бой бўлган йил сифатида муҳрланганини алоҳида таъкидламоқчиман.

2019 йилда Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илк расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Икки давлат раҳбарларининг учрашуви мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожига сезиларли туртки берди. Кўплаб янги иқтисодий лойиҳаларни ҳаётга жорий этишга келишиб олинди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда янги ҳамкорлик йўналишлари белгиланди.

Ўзбекистон Беларуснинг муҳим савдо шеригидир. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йил давлатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми 250 миллион доллардан ошди. Бу аввалги йилга нисбатан қарийб 50 фоиз кўп.

Беларусда Ўзбекистон маданият кунлари, Беларусь ва Ўзбекистон ҳудудларининг кенг миқёсдаги форумлари, Минск шаҳрида ўтган “Made in Uzbekistan” кўргазмаси икки томонлама муносабатлар доирасидаги энг муҳим воқеалар бўлганини мамнуният билан таъкидламоқчиман.

Икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасида изчил алоқа ўрнатилди, парламент ва ёшлар ташкилотлари ҳамкорлиги мустаҳкамланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар кириб келаётган 2020 йилда Беларусь – Ўзбекистон ҳамкорлиги янада мустаҳкамланишига хизмат қилишига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини кириб келаётган Янги – 2020 йил билан чин дилдан табриклайман. Олижаноб, бағрикенг халқингизга тинчлик, фаровонлик доимо ёр бўлсин, Ватанингиз янада гуллаб-яшнасин! 


3 087
Саидмурод РАҲИМОВ ёзиб олди, ЎзА