ЎзА Ўзбек

25.07.2020 Чоп этиш версияси

КОРОНАВИРУС: илк сиёсий сабоқлар

КОРОНАВИРУС: илк сиёсий сабоқлар

Афсуски, коронавируснинг тарқалиш суръатлари пасаймаяпти. Пандемия бутун дунёдаги умумий вазиятга, айниқса, давлатларнинг миллий иқтисодиётига ниҳоятда салбий таъсир ўтказмоқда. Ушбу офат туфайли юзага келган фавқулодда вазият оқибатида кескинлашган глобал иқтисодий инқироз барча мамлакатларнинг барқарорлиги, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигига жиддий путур етказмоқда.

2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари пандемия кўплаб давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига тўсиқ бўлиб, янги-янги таҳдид ва инқирозларни юзага келтирганини англатмоқда. Дунё кўламида кенг тарқалган бу вабони жиловлаш борасидаги тахминлар эса ҳамон ноаниқ ва қарама-қаршиликларга тўла.

Ҳозирги шароитда коронавирус инфекциясига қарши самарали курашмоқ учун давлат сиёсатининг оқилона ҳамда юксак масъулият билан олиб борилиши – давлат ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳаётий аксиомалар халқимиз манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқ-равшан ва изчил давлат сиёсати, ижтимоий йўналтирилган давлат бошқаруви олиб борилишини энг муҳим ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига қўймоқда.

Пандемия туфайли фонд бозорларидаги инқироз, ишбилармонлик фаоллигининг пасайиши, давлатлараро чегараларнинг ёпилиши натижасида юзага келган вазиятда айнан давлат институтлари фуқароларни қўллаб-қувватлайдиган, уларнинг соғлиғи ва ҳаёти тўғрисида қайғурадиган, ижтимоий, иқтисодий барқарорликни таъминлайдиган энг ишончли ва таъсирчан воситага – халқнинг нажот ва умид манбаига айланди.

Шу сабабли давлатнинг ижтимоий ҳимоя қилиш функцияси биринчи ўринга чиқди. Ва шу муносабат билан мамлакатимиздаги ва халқаро жамоатчилик томонидан глобал пандемияга қарши курашиш борасида Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари тўрт ой давомида амалга оширган барча кенг кўламли ва изчил саъй-ҳаракатларнинг сиёсий мазмун-моҳиятига ва дастлабки сабоқларини таҳлил қилишга бўлган қизиқиш кучаймоқда.

Мамлакатимиз учун мураккаб бўлган вазиятда давлатимиз раҳбари Конституциямизнинг «Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият кўрсатишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди», – деган қоидаларидан келиб чиқиб, қисқа муддат ичида коронавирус инфекциясига қарши курашишнинг самарали ва таъсирчан тизимини яратди ҳамда ушбу ўта мураккаб ва кенг қамровли жараённинг барча босқичларида сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олди.

Пандемия шароитларидан келиб чиққан ҳолда унга қарши курашиш стратегияси ва тактикаси доимо такомиллаштирилиб борилмоқда, давлат идораларининг ҳамда бутун тиббиёт тизимининг сафарбарлиги таъминланмоқда.

Бу борада Президентимиз томонидан кўрсатилган юксак фуқаролик ва сиёсий жасорат намунаси амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ютуғини белгилаб берувчи асосий омил бўлди. Энг муҳими айрим мамлакатларда бўлганидек, «масъулиятдан қочиш», «ваколатлар ўйини»га берилиш каби ҳолатларга, яъни «ҳокимият бўшлиғи»га йўл қўйилмади. Мамлакатимиз фуқаролари давлат раҳбари томонидан шахсан амалга оширилаётган кучли ва барқарор сиёсатнинг натижасини ўз кўзи билан кўриб, яна бир бор Ўзбекистон Президентини, унинг танлаган йўлини тўлиқ ва сўзсиз қўллаб-қувватлади.

Президентимиз пандемия даврида қабул қилган фармонлари ва қарорларининг ижросини ўзи шахсан назорат қилиш орқали бутун халқимизни пандемия таҳдидига қарши бирлаштиришга, ўзбек халқининг азалий миллий қадриятлари негизини ташкил этувчи ҳуқуқий инсонпарварлик ва бунёдкорлик тамойилларини амалга татбиқ қилишга муваффақ бўлди.

Бунда давлат сиёсатига оид қарорлар қабул қилиш жараёнида барча даражадаги вакиллик органлари депутатларининг фаол иштирок этишини таъминлашга эришилди.

Фуқаролар манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш орқали халқ депутатлари Кенгашлари ва Олий Мажлис депутатлари халқимиз орзу-умидларини ва давлат сиёсатини рўёбга чиқаришнинг муҳим бўғинига айланди. Шу тариқа халқ ҳокимиятчилигининг туб принципларига асосланган давлат бошқарувининг янги демократик тизимини шакллантириш борасида яна бир муҳим қадам ташланди.

Ҳозирда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари нафақат ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитмоқда, балки ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид муҳим қарорлар ҳам қабул қилмоқда. Президентимиз ташаббусига кўра, эндиликда халқаро молия ташкилотлари томонидан ажратиладиган кредитлар доирасидаги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини ҳамда унинг натижадорлигини ўрганиб бориш халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари ваколатига киритилиши, шунингдек, кўплаб соҳалардаги тарифларни тасдиқлаш масалалари ҳам халқ депутатлари вилоят Кенгашлари ваколатига ўтказилиши мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Бундай амалиёт ҳудудларда лойиҳаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш билан бирга коррупция ҳолатлари келиб чиқишининг олдини олади. Энг асосийси, ҳудудларда яшаётган фуқароларнинг ҳам сиёсий фаоллиги ва масъулиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Бошқа жараёнлар билан бир қаторда айнан пандемияга қарши курашиш амалиёти мамлакатимизда бутун жамият ва ҳар бир фуқаронинг ислоҳотлар тақдири, ижтимоий ва шахсий ҳаётимизнинг сифати ва хавфсизлиги учун масъул эканлигига асосланган сиёсий ҳокимиятнинг янги демократик тизими шаклланганлигини яққол намоён этди.

Шу муносабат билан аҳоли, бизнес вакиллари ва фуқаролик жамияти институтлари кўтараётган масалалар ва уларни ҳал этиш бўйича таъсирчан механизмларни шакллантиришга нисбатан давлат тузилмаларининг сезгир ва эътиборли бўлиши талаб этилади. Давлат халқ хоҳиш-истагини ҳам умуммиллий, ҳам ижтимоий гуруҳлар, ҳам ҳар бир фуқаро манфаатларидан келиб чиққан ҳолда рўёбга чиқарувчи муҳим сиёсий институтга айланмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, пандемия тадбиркорлик субъектларининг ҳам бугунги ижтимоий ҳаётимиздаги сиёсий ролини жиддий равишда ўзгартирди. Биз ҳаммамиз ўзбек бизнесининг ижтимоий масъулияти даражаси қисқа вақт давомида қанчалик ўсганлигига гувоҳ бўлдик ҳамда бу ўз навбатида, миллий иқтисодиётимизнинг самарадорлигини ошириб, бюджетнинг даромад қисми ошишига ва давлат-хусусий шерикликнинг янги муҳитини яратишга замин яратмоқда. Бизнес ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан тобора фаоллашиб, шериклик моделида иштирок этишга ҳамда жамият билан масъулиятни ўзаро бўлишишга тайёр бўлиб бормоқда.

Мамлакатимизнинг халқаро даражада пандемияга қарши курашиш борасидаги иштироки натижаларини стратегик жиҳатдан катта ютуқ, деб баҳолаш мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, дастлабки кунларданоқ Ўзбекистон томонидан коронавирусга қарши курашиш борасида маҳдудликка берилмасдан, халқаро интеграция жараёнларида фаол иштирок этиш йўли танлангани тўғри бўлди.

Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга содиқ қолган ҳолда, пандемия оқибатларини бартараф этишга доир глобал саъй-ҳаракатларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди ва қўшмоқда. Ўтган вақт ичида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги позициясининг салмоғи ва нуфузи тобора ўсиб бормоқда. Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликдаги барча давлатлар, халқаро тузилмалар унинг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, бу жараённинг иқтисодиётга ҳамда жамият ҳаётининг бошқа соҳаларига кўрсатаётган салбий оқибатларини юмшатиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга нисбатан масъулиятли, чуқур ўйланган ва амалий ёндашувини муносиб баҳоламоқда.

Маълумки, карантин даврида мамлакатимиз парламенти ўз ишини бир кун ҳам тўхтатмади. Карантиннинг дастлабки кунлариданоқ қисқа муддат ичида парламент томонидан мамлакатимиз учун ўта муҳим бўлган қонунлар қабул қилинди, депутатлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига ҳамда парламент назорати амалга оширилишини таъминлашга қаратилган муҳим ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилди.

Бажарилган ишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, парламентдаги барча сиёсий партиялар фракциялари ўз сиёсий дастурлари ва қарашларидаги тафовутлардан қатъи назар, она Ватан тақдири масаласи олдида муштарак мақсад атрофида жипслашиб, давлатимизнинг бу соҳадаги сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Парламент депутатлари сайловчилар билан доимий равишда яқиндан мулоқотда бўлиб, улар ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Жамоатчилик манфаатларини ўрганиб, уларни рўёбга чиқариш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Пандемия бутун дунёда мудраб ётган муаммоларни «уйғотиб юборди». Табиийки, Ўзбекистон ҳам мана шундай муаммоларга тўқнаш келмоқда. Лекин биз ҳаётимиздаги энг муҳим сиёсий омилга, яъни халқимизнинг давлат идоралари фаолиятига нисбатан чуқур ишончига, фуқаролар ва бизнеснинг давлат томонидан кўрилаётган чораларга нисбатан қатъий ишончига эга эканини баралла ва дадил айта оламиз. Бир сўз билан айтганда, давлат раҳбарининг карантин давридаги саъй-ҳаракатлари, энг асосийси, уларнинг ижтимоий йўналтирилгани ҳар бир ҳамюртимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ва, ҳеч шубҳасиз, давлат бошлиғи етакчилигида сиёсий барқарорликни, қонунийлик ва халқ ҳокимиятчилигини таъминлашга қаратилган ушбу ягона тўғри йўл бундан буён ҳам мамлакатимиз изчил тараққиётининг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолаверади.

Нурдинжон ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Спикери

4 966
ЎзА