Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2017 18:07 Чоп этиш версияси

Корея Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Хван Гё Ан билан телефон орқали мулоқот

2017 йил 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Корея Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Хван Гё Ан ўртасида Жанубий Корея томонининг ташаббуси билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Хван Гё Ан Шавкат Мирзиёевни 2016 йилнинг декабрь ойида ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида юксак натижа билан ғалаба қозонгани муносабати билан самимий муборакбод этди.

Томонлар ўзаро ҳамкорлик тарихидаги шонли сана – Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 25 йиллиги билан бир-бирини самимий табрикладилар.

Шавкат Мирзиёев ва Хван Гё Ан мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч, очиқлик ва ҳамфикрлик қарор топганини катта мамнуният билан таъкидладилар. Бу сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Сурғил кони негизидаги Устюрт газ-кимё мажмуини барпо қилиш бўйича улкан лойиҳа амалга оширилгани алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди. 2016 йилнинг май ойида ушбу мажмуа қурилиши якунланганига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев ва Хван Гё Ан иштирок этдилар. Ўзбекистон раҳбари Корея Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Хван Гё Аннинг мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик дастурини амалга оширишга қўшган ҳиссасини юксак баҳолади.

Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатларининг истиқболлари атрофлича муҳокама қилинар экан, ўзаро фойдали бўлган барча соҳаларда юқори технологияли қўшма лойиҳаларни кўпайтиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани таъкидланди.

Маълумки, 2017 йилда корейсларнинг Ўзбекистонда истиқомат қила бошлаганига 80 йил тўлади. Бу сана арафасида томонлар давлатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз алоҳида ўрин тутишини қайд этиб, Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйи қурилишини имкон қадар тезроқ охирига етказиш зарурлигини таъкидладилар. Мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида Ўзбекистоннинг корейс миллатига мансуб фуқаролари фаол иштирок этаётгани алоҳида қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев ва Хван Гё Ан 2006 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация тамойилларига содиқ қолажакларини таъкидлаб, икки мамлакатда ҳам юксак салоҳият мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда уни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш даркорлигини қайд этдилар.

Шавкат Мирзиёев янги йилда Хван Гё Анга энг эзгу истаклар ва Корея Республикаси халқига фаровонлик ва тараққиёт тилади.

Ўз навбатида Хван Гё Ан Шавкат Мирзиёевга давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида улкан омад ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик ва янада юксалиш тилакларини изҳор этди.

Президент вазифасини бажарувчи Хван Гё Ан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Корея Республикасига ташриф буюришга таклиф қилди.

Суҳбат очиқ ва дўстона руҳда ўтди.

ЎзА
3 655






Все о погоде - Pogoda.uz