ЎзА Ўзбек

31.08.2018 13:03 Чоп этиш версияси

Чет эллик ҳамкорларимизга Ўзбекистоннинг давлат мукофотлари топширилди

Чет эллик ҳамкорларимизга Ўзбекистоннинг давлат мукофотлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 августдаги фармонларига мувофиқ, мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган хорижлик ишбилармонлар давлат мукофотлари билан тақдирланган эди.

31 август куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта чет элликларга Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

897cf27a-a662-1637-84a1-967d7acdd48f.jpg

– Бугун кўп миллатли халқимиз Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигини кенг нишонламоқда, – деди давлатимиз раҳбари. – Ушбу тарихий санани биз билан биргаликда давлатимизнинг кўп сонли дўстлари ва шериклари – дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, йирик хорижий компаниялар ва молия институтлари вакиллари байрам қилаётгани бизни қувонтиради.

Бугунги кунда Ўзбекистон фаол ташқи сиёсат юритмоқда. Россия, Хитой, Жанубий Корея, Германия ҳамда Япония, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли алоқалар жадал ривожланмоқда. Дунёнинг етакчи компаниялари, халқаро ташкилотлар мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилаётир.

Хусусан, жорий йилда қўшни давлатлар билан муносабатлар янада фаоллашди. Жумладан, Тожикистон Республикаси билан ҳамкорлигимиз стратегик даражага кўтарилди. Мамлакатларимиз Президентларининг азму шижоати ва узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати туфайли дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида тарихий ютуқларга эришилди.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9-10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи тарихий воқеа бўлди. Давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари нафақат Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантириш, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Давлатимизнинг очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида турли даражадаги делегациялар алмашувлари фаоллашди. Президентимизнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида ўзаро ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа етакчи соҳаларда ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди.

Давлатимиз раҳбари чет эллик ҳамкорларни ҳамда қардош Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган азиз меҳмонларни чин юракдан қутлаб, самимий дўстлик ва ҳамкорлик учун уларга чуқур ҳурмат ва ташаккурини изҳор этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Россиянинг «USM Holding» акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари Алишер Усмановга «Эл-юрт ҳурмати» ордени, Россиянинг «ЛУКОЙЛ» очиқ акциядорлик жамияти президенти Вагит Алекперов, Германиянинг «КНАУФ» корхоналари гуруҳи иштирокчилари Кенгаши аъзоси Николаус Кнауфга «Дўстлик» орденлари, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинга “Фидокорона хизматлари учун” орденлари, Тожикистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим, Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари малакасини ошириш институтининг кардиожарроҳлик кафедраси мудири Ташпулат Гулмуродовга “Меҳнат шуҳрати” орденлари, Тожикистон Республикаси Фанлар академияси Қўлёзмалар мероси фондининг бўлим мудири Али Муҳаммадиев, Тожикистон Республикаси Геодезия ва ер бошқаруви давлат қўмитасининг чегараларни делимитация ва демаркация қилиш давлат геодезия назорати инспекцияси бошқарма бошлиғи Ифтихор Джураев, Тожикистон Республикаси Фанлар академиясининг С.Умаров номидаги физика ва техника институти бош ходими Рахим Марупов, Тожикистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳасан Бердиқуловга “Дўстлик” орденлари, “С.Айний номидаги опера ва балет академик театри” давлат муассасаси бадиий раҳбари Адҳам Холиқов, Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Телевидение ва радио қўмитасининг “Фалак” давлат ансамбли бадиий раҳбари Давлат Холовга “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвонларини топширди.

430fd5aa-4d52-ff7c-1740-fcc6f5f76edf.jpg

a1eb506c-f37b-d62a-03dc-0a5f9f4e7352.jpg

c9d24ad6-8ed3-a333-79a1-f6b3e27d782c.jpg

e1664635-8a79-53c5-a83e-c592d6a0ab09.jpg

8e4c6654-9360-046b-646e-e72b0a3bf42a.jpg

fcf981a2-4a88-bb7b-3588-0de1aff07419.jpg

Россиянинг «USM Holding» акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари Алишер Усманов, Россиянинг «ЛУКОЙЛ» очиқ акциядорлик жамияти президенти Вагит Алекперов, Германиянинг «КНАУФ» корхоналари гуруҳи иштирокчилари Кенгаши аъзоси Николаус Кнауф Ўзбекистон бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорлик олиб бориш мақсадида барча давлатлар, айниқса, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини эътироф этиб, Ўзбекистон Республикасининг юксак мукофотларига муносиб кўргани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Умар Асроров, ЎзА
6 751