Хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳудудларни комплекс ривожлантиришга хизмат қилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 21 июнь куни тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 21 июнь куни тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг беш ойида 776 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 496 тага кўпдир. Шунингдек, жорий йилда хорижий инвестициялар иштирокида 377 та ҳудудий ва 148 та тармоқ лойиҳалари бажарилиши белгиланган.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини енгиллаштириш долзарб масала эканини таъкидлади.
Президентимизнинг жорий йил 20 июнда қабул қилинган Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини жадал амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори шу мақсадга хизмат қилади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, бундан буён Президент ва ҳукумат қарорлари асосида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишда тўлов олинмайди.
Шу билан бирга, давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, ҳукумат кафолатлаган кредитлар ҳисобидан товарларни давлат учун харид қилиш бўйича тендер ҳужжатлари ва импорт шартномаларини экспертиза қилишда ҳам ҳақ тўланмайди. Дастлабки ва якуний техник-иқтисодий асосларни комплекс экспертиза қилиш учун тўланадиган тўлов миқдори 4 баробаргача қисқартирилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобига амалга ошириладиган ёки бир босқичли лойиҳалар бўйича молиявий-иқтисодий ҳисобот ишлаб чиқиш талаби бекор қилинди.
Президентимиз қарорда белгиланган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳужжатлар тайёрлаш, экспертиза қилиш ҳамда тасдиқлашнинг янги, янада соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.
Жорий йил учун тасдиқланган инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатига киритилган, бажарилишида сусткашликка йўл қўйилган ҳар бир лойиҳани жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар, ичимлик суви тармоқлари ва бошқа ижтимоий объектлар қуришни молиялаштириш ҳамда ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан 2 минг 44 та ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш кўзда тутилган. Уларнинг аксариятида қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган. Молиялаштириш ишлари кечикаётган объектларда ишларни тезлаштириш зарурлиги қайд қилинди. Шунингдек, йиғилишда 16 объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш якунланмагани, 70 объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмагани, 248 лойиҳани амалга ошириш юзасидан пудрат ташкилотлари аниқланмагани танқид қилинди.
Йиғилишда яна бир муҳим масала – қишлоқ жойларда намунавий арзон уй-жойлар қуриш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда жами 22 минг 145 та намунавий уй, жумладан, ҳудудий ижро органлари раҳбарлари учун 974 та, профилактика инспекторлари учун 1 минг 171 та хизмат уйини қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Президентимиз бу борадаги ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Шаҳарларда арзон кўп қаватли турар жойлар қуриш ишларини ҳам жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлар якунларига кўра ишлаб чиқилган 2018-2019 йилларда ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари доирасида 6 минг 317 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бунинг натижасида жами 219 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган. Муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бу лойиҳалар учун жой ажратиш, инфратузилма тармоқларига улаш ишларини ўз вақтида ҳал қилиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Йиғилишда Президентимиз инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва самарали ўзлаштиришни таъминлаш – барча даражадаги раҳбарларнинг энг муҳим вазифаси эканини алоҳида таъкидлади.
Хорижий давлатларга ташрифлар ва музокаралар натижасида қиймати 17 миллиард доллар бўлган 182 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш тўғрисида бирламчи келишувга эришилган. Ушбу инвестицияларни ўзлаштириш бизнес-режа ва техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш билан боғлиқ. Шу боис бу борадаги ишларни жадаллаштириш, хорижий инвестицияларни истиқболли лойиҳаларга йўналтириш ва юқори самарадорликка эришиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Кенг имкониятлари бўлишига қарамай, Бухоро вилоятида хорижий инвестициялар иштирокида 10 та лойиҳа, Навоийда 9 та, Қашқадарёда атиги 1 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Айниқса, Қашқадарёда 13 туманда, Фарғонада 11, Сурхондарёда 10, Тошкент, Бухоро, Жиззах вилоятларида 8 тадан, Хоразм, Навоий вилоятларида 7 тадан, Қорақалпоғистон ва Самарқандда 6 тадан, Андижон ва Сирдарёда 5 тадан, Наманган вилоятида 4 та туманда хорижий инвестиция иштирокида бирорта ҳам лойиҳа режалаштирилмагани танқид остига олинди.
Шунинг учун бу ишларни кескин фаоллаштириш лозим. Инвестиция қўмитасининг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари хорижий инвестицияларни олиб келиши ва хорижий инвесторларга барча масалалар бўйича амалий кўмак бериши керак. Шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбарларининг ҳар бири ўз ҳудудига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этишга ҳисса қўшиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Лойиҳаларни амалга оширишнинг барча жараёнларини тўлиқ қамраб оладиган, уни тайёрлашдан то ишга туширишгача бўлган даврни мониторинг қилиш имконини берадиган ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш юзасидан вазифалар берилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Инвестиция таклифларини шакллантириш, инвесторлар топиш, лойиҳалар ишлаб чиқиш, экспертиза қилиш, молиялаштириш ва амалга ошириш бўйича қатор топшириқлар берилди.