ЎзА Ўзбек

30.08.2019 Чоп этиш версияси

Президент Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг янги биносига борди

Президент Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг янги биносига борди


Президент Шавкат Мирзиёев 30 август куни Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг реконструкция қилинган янги биносини бориб кўрди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур билим юрти рақс санъати бўйича мутахассислар тайёрлаш бўйича мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Ушбу даргоҳни дунёга танитишда Мукаррама Турғунбоева, Тамарахоним, Уста Олим Комилов, Галия Измаилова, Исохон Акилов, Маъмура Эграшева, Розия Каримова каби мумтоз миллий рақс ва балет намояндаларининг ҳиссаси катта.

Олий мактаб таркибида ихтисослашган мактаб-интернат, хореография коллежи фаолият кўрсатади. Олий мактаб битирувчиларига бакалавр ва магистр даражасидаги мутахассислик дипломлари берилади. Хореография жамоалари раҳбари, хореограф-педагог, хореограф-санъатшунос бўйича мутахассислар тайёрланади.

Бугунги кунда мазкур билим масканини битирган мутахассислар мамлакатимиздаги ижодий бирлашмалар, концерт ташкилотлари, театр жамоалари, профессионал ансамбллар, болалар мусиқа ва санъат мактабларида самарали меҳнат қилмоқда.

Олий мактаб билан хорижий мамлакатлар ўртасидаги маърифий-ижодий алоқалар тобора кенгайиб, бугунги кунда АҚШ, Германия, Франция, Италия, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг хореография марказлари билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида билим олаётган ёшлар мамлакат ва бир қатор хорижий давлатларда ўтказилаётган халқаро танловлар, фестивалларда муваффақият қозонмоқда.

Ушбу муассаса узоқ йиллар эски бинода фаолият юритиб келди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги тегишли қарорига асосан Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби биноси реконструкция қилинди. Ушбу ишларга 15 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрамига ўзига хос туҳфа бўлган олий билим юртидаги катта балет зали, 2 маърузалар, 16 хореография ва балет зали, 7 мусиқа, 8 аудитория, 2 компьютер технологияси хонаси, ахборот-ресурс маркази, кутубхонада талабаларнинг таълим олишлари учун барча шароит яратилган. Бундан ташқари, 300 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона фаолият кўрсатмоқда.

– Хорижий давлатларда шу каби санъат масканларини кўрганимда, биз ҳам шундай жойларда машғулот ўтказармиканмиз, деб орзу қилардим, – дейди мураббий Елена Нодирова. – Бугун орзуимизга етдик. Бундан, айниқса, талабалар хурсанд. Сабаби, хореография машғулотлари ўтадиган эски залимиз талабга жавоб бермай қолганди. Натижада жароҳат олиш ҳолатлари учраб турарди. Ҳозирги залимиз, кенг ва ёруғ. Энг замонавий ускуналар билан ўрнатилган. Бизга шундай шароит яратиб берилганидан миннатдормиз.

Шавкат Мирзиёев бу ердаги шароит, муҳит ва ютуқларни мамлакатимизнинг бошқа жойларида ҳам татбиқ этиш, ҳудудий мактаблар ташкил этиб, уларни Олий мактабга бириктириш, устоз-шогирд анъанасини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари билим юртининг ўқитувчи ва мураббийлари билан суҳбатлашди. Миллий санъатимизга эътибор, бу соҳада янги таълим масканлари қуриш ва устозлар меҳнатини рағбатлантириш ишларини изчил давом эттириш лозимлиги қайд этилди. “Баҳор” рақс ансамблининг қайта тикланиши соҳа вакилларига катта қувонч бағишлади.

Олий мактаб ижодкорлари учун дам олиш маскани ташкил этиш ва автобус ажратиш бўйича топшириқ берилди.







7 046
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА