Хитойдаги учрашувлар самарали бўлмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи тадбирларга, ўзаро фойдали учрашувларга бой бўлмоқда.
Пекин, 13 май. ЎзА махсус мухбири Абу Бакир Ўрозов хабар қилади.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи тадбирларга, ўзаро фойдали учрашувларга бой бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси директорлар кенгаши раиси Ван Илинни қабул қилди.
Мазкур компания мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш, Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш жараёнида фаол иштирок этмоқда.
Учрашувда юқори технологиялар соҳасидаги лойиҳалар ижросининг истиқболлари ва Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига Хитой сармояларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича энг замонавий, экологик тоза ва самарадор технологиялар жорий қилиш бўйича ҳамкорликни янада кенг кўламда давом эттириш тарафдоримиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистонда янги ишлаб чиқариш тармоқларини барпо этиш ва мавжудларини модернизация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз, деб таъкидлади Ван Илин.
Президентимиз Хитой Халқ Республикаси Экспорт-импорт банки бошқаруви раиси Ху Сяолянь хоним билан ҳам учрашди.
Мазкур банк кредитлари эвазига мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда қатор лойиҳалар амалга оширилган.
Давлатимиз раҳбари ўзаро ишончга асосланган икки томон учун ҳам манфаатли бўлган ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Ху Сяолянь хоним Ўзбекистон билан инвестициявий алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.