Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 18:41 Чоп этиш версияси

Ван Чэн Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида учрашувлар ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, бош котиби Ван Чэн билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланаётганини, бунда икки давлат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 11-13 май кунлари Хитойга давлат ташрифи ўзаро стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга кўтарди.

Томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакат парламентлари делегацияларининг учрашувлари мунтазам ўтказилаётганини қайд этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 13 май куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг Доимий қўмитаси раиси Чжан Дэцзян билан учрашуви парламентлараро алоқалар ривожида муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.

Хитой делегацияси аъзолари мамлакатимиз Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, фракциялари ва депутатлик гуруҳлари фаолияти билан таништирилди. Ўзбекистон ва Хитойнинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишлари, ахборот-таҳлилий фаолият, икки мамлакат соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда халқаро анжуманлар ташкил этишга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

– Ўзбекистон Европа билан Осиёни боғловчи ўзига хос кўприк, иқтисодий-ижтимоий соҳада улкан ютуқларга эришаётган, табиий ресурсларга бой мамлакатдир, – деди Ван Чэн. – Хитой Ўзбекистонни ишончли шерик, деб билади. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи доирасида савдо, иқтисодиёт, сармоя, нефть-газ, транспорт ва транспорт коммуникациялари, туризм, таълим каби кўплаб соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид келишувларга эришилди, ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди. Ўзбекистоннинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасида иштироки икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган муносабатларни янада тараққий эттиришдан манфаатдормиз. Давлатларимиз раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев билан учрашувда Ўзбекистон ва Хитой парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш тадбирларини ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашишга доир масалалар муҳокама этилди.

Меҳмонларга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, Олий Мажлис Сенати фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.

Ван Чэн Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистоннинг барча соҳаларда янада улкан ютуқларга эришишида, мамлакатнинг изчил тараққий этишида ҳуқуқий асос эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси ўртасида 2011 йилда имзоланган ҳамкорлик тўғрисида меморандум ўзаро алоқалар ривожида муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди. Ҳар томонлама изчил ривожланиб бораётган стратегик ҳамкорликдан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳужжатни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Парламентлараро муносабатларни ривожлантиришнинг жорий босқичи юқори баҳоланиши таъкидланди, ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр, тажриба ҳамда ахборот алмашиш жараёнини янада фаоллаштиришга келишиб олинди.

Нодира Манзурова, ЎзА
14 665






Все о погоде - Pogoda.uz