Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.03.2017 21:48 Чоп этиш версияси

Халқ ишончи янада юксак марраларни эгаллашга руҳлантирмоқда

Халқ ишончи янада юксак марраларни эгаллашга руҳлантирмоқда Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10-11 март кунлари Бухоро вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташрифнинг биринчи кунида вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди. Қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва энергетика, транспорт-коммуникация, тиббиёт ва туризм соҳаларидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш масалаларига бағишланган йиғилиш танқидий-таҳлилий руҳда ўтди.

Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ўз ифодасини топди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида бўлиб, бу ерда бажарилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди.

Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ этилмоқда. Касалликларни профилактика қилиш ва самарали даволаш мақсадида тиббиётнинг барча бўғинлари фаолияти такомиллаштирилмоқда, жойларда янги замонавий шифохоналар ташкил этилмоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1998 йил 10 ноябрдаги фармони асосида Бухоро шаҳар касалхонаси негизида ташкил этилган бўлиб, 255 ўринга эга.

Ушбу муассаса биносини жаҳон стандартларига мос таъмирлаш, бўлимларни замонавий тиббий технологиялар, асбоб-ускуналар билан таъминлаш, янги қабулхона, реанимация, компьютер-томография, операция хоналари қуриш мўлжалланмоқда. Янги тез тиббий ёрдам машиналари олиб келинади.

Тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш халқимизни рози қилишда муҳим аҳамиятга эга, деди давлатимиз раҳбари. Шошилинч тиббий ёрдам тизимини дунё талаблари даражасига олиб чиқиш, унинг самарали фаолият юритишини таъминлаш аҳолининг ҳам, бугунги замоннинг ҳам талабидир.

Мутахассислар Президентимизга Республика ихтисослаштирилган урология марказининг Бухоро филиалида амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари ҳақида сўзлаб берди.

Мазкур муассасада эндоурологик операциялар, масофавий литотрипсия, ультратовуш ва рентген текшируви хоналари, уродинамик лаборатория қурилади, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади.

Бухоро давлат тиббиёт институтининг янги ўқув биноси ва клиникаси қурилиши кўзда тутилган. Юқори малакали шифокор кадрлар тайёрлаш замонавий моддий-техник база ва жаҳон андозалари даражасидаги биноларга эга бўлган олий ўқув юрти фаолиятига бевосита боғлиқ. Бухоро давлат тиббиёт институти учун 900 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси, 200 ўринли таркибий-функционал бўлимлардан иборат клиника қурилиши ва уларнинг замон талабларига мос жиҳозланиши шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.

Соҳада етук мутахассисларни тарбиялашда дунё тажрибасидан фойдаланиш, хориждаги етакчи олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, аҳолининг тиббий маданиятини янада ошириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Президентимиз Вобкент тумани тиббиёт бирлашмасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари лойиҳасини кўздан кечирди.

Кейинги йилларда туман тиббиёт бирлашмасида қатор қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 2014 йилда 250 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника қурилган. 2015 йилда ҳар бири 30 ўринли бўлган шошилинч тиббий ёрдам ва хирургия бўлимлари биноси барпо этилган. 2016 йилда туғруқ комплекси, болалар ва юқумли касалликлар бўлимлари капитал таъмирланган.

Жорий йилда бу борадаги ишларни давом эттириб, терапия, қон қуйиш, лаборатория бўлимларини капитал таъмирлаш, дорихона ва бошқа биноларни қуриш режалаштирилган. Бу беморларга тез ва сифатли ёрдам кўрсатиш, тиббий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштиришда аҳолининг талабини ҳисобга олиш, тиббий жиҳозлардан унумли фойдаланиш, малакали кадрларни ишга жалб этиш, касалликларни самарали даволаш билан бирга уларни профилактика қилиш бўйича зарур топшириқлар берди.

Истиқлол йилларида Бухоро вилоятида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги уй-жойлар, маданий-маиший объектлар, йўл ва кўприклар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, маданият ва спорт мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу борадаги ишлар бугун ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Бухоро шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Бухоронинг марказий кўчаларидан бирига Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи берилди. Ушбу кўча қиёфасини ўзгартириш, унинг икки томонида замонавий бинолар барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Унга кўра, кўчада Хотира майдони, Санъат саройи, турар жой бинолари ва бошқа объектлар барпо этиш режалаштирилган.

Ислом Каримов ва Ибн Сино кўчалари кесишган жойда Универсал спорт мажмуаси бунёд этилади. Президентимиз ушбу мажмуа лойиҳасини кўздан кечирди.

2018 йилда фойдаланишга топшириладиган мажмуада 15 спорт тури бўйича мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш учун барча имкониятлар яратилади. Ундан 4 минг томошабинга мўлжалланган зал, учта машғулотлар зали, тўртта теннис корти, бассейн ўрин олади. Мажмуа спортчиларни тайёрлаш, мураббийлар малакасини ошириш, спорт методикаси бўйича намунавий марказ бўлади. Бундан ташқари, мажмуада байрам тадбирлари, концерт ва форумлар ташкил этиш учун қулайликлар яратиш режалаштирилган.

Бухорода спортнинг бокс, кураш каби турлари ривожланган. Келажакда ушбу спорт мажмуаси вилоятда бошқа йўналишлар бўйича ҳам Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўсини юксалтиришга қодир етук спортчиларни тайёрлашга хизмат қилсин, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Мажмуада очиқ ва ёпиқ спорт майдонлари қуриш лозим. Вилоятдаги спорт иншоотларини инвентаризация қилиш, уларни муайян спорт турига ихтисослаштириш ва оммавийлигини ошириш, вилоятда спорт мураббийлари тайёрлашни янада кенгайтириш керак.

Бухоро шаҳрининг Ғиждувон, Баҳоуддин Нақшбанд, Ибн Сино, Навоий кўчаларида кўп қаватли 50 уй қурилади. 2017-2018 йилларда барпо этиладиган бу турар жойлар аҳолини арзон ва замонавий уйлар билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Етти қаватли олтита замонавий арзон уй мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилади.

Давлатимиз раҳбари янги уйларда барча ижтимоий-маиший шароитларни яратиш, уларни қуришда миллий ва замонавий архитектура талабларини, маҳаллий иқлимни ҳисобга олган ҳолда иш тутиш зарурлигини таъкидлади.

Бухоро шаҳрида транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ҳам муҳокама этилди. Ушбу лойиҳага мувофиқ шаҳардаги халқа йўлларини такомиллаштириш, туманлардан вилоят марказига келувчи йўлларни, жумладан, айланма чорраҳаларни тартибга солиш мўлжалланмоқда.

Йўлларни сифатли қуриш, транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини ҳисобга олиш бўйича тавсиялар берилди. Йўллар атрофини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.

Маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштиришга оид лойиҳа тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур лойиҳа атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳудуддаги санитария ҳолатини янада яхшилаш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Умумий қиймати 4 миллион 700 минг АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа “Аҳолитранс” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётир. Бугунги кунда Миллий банкнинг 970 минг долларлик кредити эвазига Хитойдан замонавий техника ва чиқинди саралаш линияси олиб келинди. Яна олтита линияни сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш мўлжалланмоқда.

Президентимиз маиший чиқиндиларни қайта ишлаш экологик муаммоларнинг олдини олиш ва ҳудудларнинг иқтисодий самарадорликка эришишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Бухорода тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар кўп. Улар замон талаблари асосида таъмирланиб, сайёҳлар учун зарур шароитлар яратилаётгани натижасида вилоятда туризм изчил ривожланиб бораётир. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада янада кенг имкониятлар яратмоқда.

Шавкат Мирзиёев шаҳарнинг тарихий қисмида анъанавий ҳунармандлик устахоналарини жамлаган икки қаватли уйлардан иборат ҳунармандлар мавзеси қуриш лойиҳаси билан танишди.

Бухоро – ҳайрат ва мўъжизалар макони. Ёдгорликлар халқимиз билан тақдирдош. Мустақиллик йилларида ушбу обидалар таъмирланди, яна асл қиёфасида жамол очди.

Икки томонда ҳунармандлик дўконлари жойлашган йўлак бўйлаб борар экан, Президентимиз мазкур йўлакларни кенгайтиришни, дўконларни икки қаватли қилиб қайта қуриш лозимлигини таъкидлади. Ҳунармандлар билан суҳбатлашди.

Иккинчи қаватда ҳунарманд усталар яшаса, биринчи қаватда уларнинг дўкон ва устахоналари жойлаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деди давлатимиз раҳбари. Бу ерда маҳсулотларни тайёрлаш ва сотиш жараёни уйғунлаштирилиши керак. Рубоб ясаётган устани, гилам ёки газлама тўқиётган ҳунармандни иш устида кўрган ҳар қандай одам завқланади.

Истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий ва маънавий қадриятларимизни, тарихий обидаларни тиклаш, уларни асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 1997 йил Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Пойи Калон мажмуаси ҳам тубдан таъмирланди. Масжиди Калон, Минораи Калон ва Мир Араб мадрасасидан иборат мазкур меъморий ансамбль вилоят аҳолиси ва меҳмонларининг севимли масканларидан биридир.

Давлатимиз раҳбари юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида ҳунармандлик расталари, дўконлар ўрнига миллий анъаналаримиз акс этган, замонавий расталар қуриш, ташриф буюрганларга кечки сайр имкониятини яратиш, миллий ҳунармандлик анъаналари ва кўнгилочар дастурлар намойиш қилиш бўйича тавсияларини билдирди. Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаларини қайта таъмирлаш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасида ҳам бўлди.

Бугун Бухоро вилояти илгари мисли кўрилмаган катта ўзгаришлар, юксалишлар жараёни билан яшамоқда. Буларнинг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга ҳеч кимдан кам бўлмаган фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларининг амалий ифодасидир.

Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
2 165






Все о погоде - Pogoda.uz