Халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари
Андижон вилояти улкан иқтисодий салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўринга эга. Ривожланган саноат тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги, фидойи инсонлар меҳнати барча соҳаларни изчил тараққий эттиришда муҳим омил бўлмоқда. Вилоят маркази, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, обод бўлиб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалиб бораётир.
Замонавий саноат тармоқларини ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилиш изчил давом эттирилмоқда. 2013-2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида шу йилнинг январь-сентябрь ойларида умумий қиймати 253 миллиард сўмлик 2 минг 815 лойиҳа амалга оширилди ва 24 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кенг қўллаб-қувватланаётгани, бундай субъектлар экспорт фаолиятига жалб этилаётгани самарасида вилоятда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш ҳажми муттасил ошиб бормоқда.
Жорий йилда вилоятда 80 минг гектардан ошиқ майдонда ғалла экилиб, 500 минг тоннага яқин ҳосил олинди. Бугунги кунда 93 минг 400 гектар майдонда етиштирилган пахта йиғиб-териб олинмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалиги далаларида бўлиб, фермерлар, вилоят фаоллари билан суҳбатлашди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган шу кунларда сизлар билан учрашиш, барчангизга куч-қувват тилаш менга катта мамнуният бағишлайди, деди давлатимиз раҳбари.
Собиқ тузум даврида Ўзбекистон бутун иттифоқни пахта билан таъминлаган. Лекин шунга яраша ҳурмат, рўшнолик кўрмаган. Халқимиз ишдан қўли совиб, ҳаётдан ноумид бўлиб қолган эди. Биз ерни одамларга бериб, уларда эгалик ҳиссини шакллантириш орқали бу асоратлардан халос бўлдик. Чунки ўзимизники деган туйғу одамга куч-қувват бағишлайди, деди Юртбошимиз.
Президентимиз пахтачиликда муайян ҳудуд иқлими ва тупроқ шароитига мос серҳосил, сифатли тола берадиган янги навларни яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Пахтанинг хусусиятлари, сифат кўрсаткичлари жуда кўп, деди Ислом Каримов. Эртапишарлиги, ҳосилдорлигининг юқорилиги, толасининг узунлиги, пишиқлиги шулар жумласидандир. Пахта етиштиришда, авваламбор, нав танлашда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ҳар бир ҳудуднинг тупроғи ва иқлимига мос навларни экиш керак.
Фермерлар билан мулоқот чоғида одамларнинг яшаш тарзи, онгу тафаккури ўзгараётгани, шаҳар ва қишлоқларимиз кундан кун чирой очиб бораётгани, буларнинг барчаси мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик шарофати экани таъкидланди. Ёшларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиб, барча соҳаларда катта ютуқларга эришаётгани халқимиз қалбини ғурурга тўлдираётгани алоҳида қайд этилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, барпо этилаётган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, халқимиз фаровонлигининг юксалишига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Президентимиз Олтинкўл тумани «Далварзин» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилган замонавий уй-жой массивини бориб кўрди.
Бу йил вилоятнинг 31 қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 977 уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Янги массивларда табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви тармоқлари тортилиб, ички йўллар қурилди. Маҳалла гузарлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт мажмуалари бунёд этилди.
«Далварзин» маҳалла фуқаролар йиғинидаги массивда ҳам деҳқон бозори, савдо мажмуаси, нон цехи, стадион, болалар ўйин майдончаси ва дам олиш жойлари қурилди.
Президентимиз янги лойиҳа асосида уй-жой қурилиши учун ажратилган ер майдони 6 сотих қилиб белгилангани, автомобиль учун алоҳида дарвоза ва уни сақлаш учун махсус жой кўзда тутилгани, хоналар халқимизнинг менталитети ва турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда жойлаштирилгани, улар майдони кенгайгани одамларимизнинг талаб ва истакларига жавоб беришини қайд этди.
Ислом Каримов янги уй соҳибларидан бири – Отабек Қобулов хонадонида бўлиб, бу ерда яратилган қулайликлар билан танишди, хонадон соҳибларининг ҳаёти, орзу-истаклари билан қизиқди.
– Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги байрами арафасида мана шундай замонавий, кўркам уйга кўчиб ўтдик, – деди хонадон соҳибаси Нигорахон Қобулова. – Бу ерда оила учун барча шароит ва қулайлик яратилган. Бу айниқса биз, аёлларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган. Бундай юксак ғамхўрлик, қишлоқ аҳлига кўрсатаётган доимий эътиборингиз учун Сиздан жуда миннатдормиз.
Бу саъй-ҳаракатларимиз инсон учун, фарзандларимизнинг келажаги учун. Бундай уйларда яшаган болалар ҳар томонлама соғлом, мустақил фикрли бўлиб вояга етади. Чунки инсоннинг яшаш тарзи унинг дунёқарашига ҳам таъсир қилади. Биз бир пайтлар орзу қилганимиздек, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлади, деди Юртбошимиз.
Давлатимиз раҳбари қишлоқ аҳли ҳеч кимдан кам бўлмай яшашга ҳақли эканини ва бу йўлда амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш ҳамда мунтазам такомиллаштириб бориш лозимлигини таъкидлади.
Ислом Каримов Андижон шаҳридаги Истиқлол кўчаси ва бу ерда қад ростлаган замонавий бинолар билан танишди.
Амалга оширилган қурилиш ва реконструкция ишлари натижасида кўча сўлим сайилгоҳга айланган. Замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, фаввора ва ўриндиқлар бунёд этилиб, аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун кенг қулайлик яратилган.
Президентимиз кўча қиёфасини янада яхшилаш, биноларга безак беришда ранглар мутаносиблигини таъминлаш, йўл бўйларини ободонлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Буларнинг барчаси мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин ифодаси бўлиб, аҳоли фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилмоқда.