Халқ билан мулоқот инсон манфаатларини таъминлашнинг энг қулай ва самарали усулидир
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятида бўлди.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятида бўлди.Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида давлат органлари халққа хизмат қиладиган тизим жорий этилишини, барча даражадаги раҳбарлар ҳудудларда, одамларнинг дардини эшитиб, масалаларни жойида ҳал қилишини таъкидлаган эди. Орадан қисқа вақт ўтганига қарамай, ушбу дастурий вазифалар ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. Президентимиз ҳудудларга сафари чоғида ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан жойида танишиб, хонадонларга кириб, халқ билан мулоқот қилмоқда. Бу одамларнинг дунёқарашини, ҳаётга муносабатини ўзгартирмоқда.
Давлатимиз раҳбари 28 январь куни Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали билан танишди.
Мазкур шифохона аҳолига даволаш ва профилактика хизмати кўрсатиб келмоқда. Кардиология, кардиореабилитация, кардиохирургия, интервенцион кардиология ва физиотерапия бўлимлари, поликлиника фаолият юритмоқда.
Ушбу тиббиёт маскани негизида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу чақалоқларда учрайдиган юрак нуқсонларини эрта аниқлаш ва даволаш, йилига 3 мингдан зиёд беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишга имконият яратади. Мазкур шифохона Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлади.
Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини ривожлантириш, ўқув юртларида қишлоқ врачлик пунктларига ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш, профилактика ишларини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш долзарб масалалар ҳисобланади. Бундай марказлар беморларни даволаш билан бирга, ана шу ишларга ҳам салмоқли ҳисса қўшиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида 1100 га яқин талаба таълим олмоқда. 16 кафедрада 161 профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда.
Ушбу филиал негизида И.Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда клиника ташкил этилмоқда. Унда эндокринология, отолорингология, гематология, аллергология, терапия бўлимлари очилади. Университет олим ва шифокорлари бу ерда дарс беради, диагностика ишларини олиб боради ва даволайди. Талабалар клиникада замонавий даволаш усулларини янада чуқур ўрганади.
Президентимиз Хоразмда мазкур икки муассасанинг ташкил этилиши тарихий воқеа бўлишини, Оролбўйи аҳолиси учун улкан ижтимоий аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Бу марказлар мазкур ҳудудда кўп учрайдиган касалликларни самарали даволаш, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларнинг билим ва малакасини оширишда муҳим ўрин тутади.
Давлатимиз раҳбари Охунд бобо масжиди қурилиш участкасида бўлди. Нуронийлар билан суҳбатда ёшларни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, вилоятда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар ҳақида сўз борди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди. Бу ерда фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва сақлаш учун замонавий шароит яратилган. Ходимлар, ёш болали оналар, ногиронлар ва бошқа фуқаролар учун барча жиҳатлар эътиборга олинган. Ҳар бир мурожаатни назоратга олиш ва ҳал этиш, фуқаролар учун қулайликларни янада ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Маълумки, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бунга тўсиқ бўлаётган камчиликларни бартараф этишга қаратилган қатор муҳим дастурлар қабул қилиниши ҳақида сўз борганди. Аҳолини арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва қайта ишлаш, пахта толасини ҳудудларнинг ўзида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш – ана шундай йўналишлардан эди. Бугунги кунда уларнинг ижроси бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Урганч шаҳрида ҳам мазкур тармоқларга ихтисослашган саноат корхоналари ташкил этилмоқда. Масалан, фармацевтика соҳасида “Мем гилан” хорижий корхонаси йўлга қўйилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу соҳага кенг имконият яратмоқда.
Корхонада инфузион эритмалар, ампулалар, таблетка ва капсулалар ишлаб чиқарилади. Умумий қиймати 29 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа натижасида 200 га яқин иш ўрни яратилади. Ҳудудда бундай фармацевтика корхонаси йўқлиги боис янги қувват дори воситалари нархини арзонлаштиришга хизмат қилади. Ички бозордан ортган маҳсулотни экспорт қилиш ҳам режалаштирилган.
“Урганч махсус транс” масъулияти чекланган жамияти Миллий банк кўмагида маиший чиқиндини қайта ишлаш лойиҳасига киришган. Корхонада Хитой технологияси асосида йилига 250 минг тонна чиқиндини йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бу шаҳарда санитария ҳолатини яхшилаш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва бандликни оширишда муҳим омил бўлади.
“Ург-текс” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга ошириладиган яна бир лойиҳа ип-калава ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Корхона Германия ва Туркия ускуналари асосида йилига 4 минг тонна маҳсулот тайёрлаш, 200 иш ўрни яратиш имконини беради. Ҳар йили 6,5 миллион долларлик товар экспорт қилиш мўлжалланмоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳалар билан танишар экан, бундай корхоналарни мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев хоразмликлар билан сайловолди учрашувида 2017 йилда Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш, машҳур ҳофиз номи билан аталадиган замонавий ижод маркази ва унинг таркибида гўзал боғ ташкил этишни таклиф қилган эди.
Президентимиз мазкур ижод маркази қурилиш участкасини бориб кўрди. Бу ерда Комилжон Отаниёзов ҳайкалини барпо этиш, қурилиш лойиҳасини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Марказда ёшлар адабиёт ва санъат сирларини пухта ўрганади.
Урганч шаҳридаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактабида меҳнат фахрийлари, санъат ва адабиёт намояндалари билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, одамларнинг дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш ҳақида сўз борди.
Учрашув қатнашчилари маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратаётган улкан эътибори, устозларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Шунинг билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.