ЎзА Ўзбек

01.06.2018 15:21 Чоп этиш версияси

Хорижлик инвесторлар “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик марказига қизиқиш билдирмоқда

Хорижлик инвесторлар “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик марказига қизиқиш билдирмоқда
Бугунги кунда Тошкент шаҳри маркази улкан қурилиш майдонига айланган. 80 гектар ҳудудда барпо этилаётган «Tоshkent City» халқаро ишбилармонлик марказига нафақат юртимиз тадбиркорлари, балки хорижлик инвесторлар ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Президентимиз мазкур ҳудудга ташриф буюриб, қурилиш ишларининг бориши билан танишиш жараёнида бу ҳақда алоҳида қайд этилди.

Ҳозирги кунда мазкур замонавий марказ 7 ҳудудга бўлиниб, қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Айни пайтгача жами 42 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилган. «Конгресс холл» ва беш юлдузли меҳмонхонанинг ер ости монолит қопламаларини мустаҳкамлаш якунланган. Бунёдкорлик ишларига 60 дан ортиқ махсус техника, 1 минг 250 дан ортиқ қурувчи-муҳандис жалб этилган.

Давлатимиз раҳбари мазкур бизнес маркази қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Қурувчи-муҳандислар, хорижлик мутахассислар билан суҳбатлашди.

City 02.jpg

Ҳозирги кунда 7 та ҳудуд доирасида 9 та инвесторнинг жами қиймати 1 миллиард 325,6 миллион долларлик инвестицияларни ўзлаштиришни кўзда тутувчи лойиҳалари тасдиқланди. Жумладан, Буюк Британиянинг “Корсо солушенс” компанияси билан замонавий турар-жойлар, офис ва савдо мажмуалари, “Лотус Газ Инвест” жамияти билан премиум турар жойлар, таълим муассасалари ва рекрацион марказ, Германиянинг “Хайпер партнерс ГМБХ” компанияси билан 2 та 20 қаватли савдо-кўнгилочар маркази ва офис бинолари, “Универсал пакинг мастерс” жамияти билан 40 қаватдан ортиқ мультифункционал бино ва иншоот барпо этиш, Жанубий Кореянинг “Боми инжиниринг энд констракшин” компанияси билан офис, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, меҳмонхона ҳамда премиум классдаги турар жой бинолари қурилишига инвестиция киритиш лойиҳалари имзоланди. 

Айни пайтда яна қатор чет эл компаниялари «Tоshkent City»да амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. 

Президентимиз меҳмонхона ва «Конгресс-холл»нинг ички дизайни, кириш қисмлари ҳамда нуфузли халқаро анжуманларни ўтказишга мўлжалланган заллар интерьерлари лойиҳаси билан танишиб, уларни миллий услубда безаш ва жиҳозлаш юзасидан зарур тавсиялар берди. 

City 03.jpg

Матназар Элмуродов, ЎзА
10 120