ЎзА Ўзбек

05.11.2012 17:42 Чоп этиш версияси

Истиқболли ҳамкорлик самаралари

Тошкентда Ҳиндистон Техник-иқтисодий ҳамкорлик дастури (ITEC)га билан бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари, халқаро ва жамоат ташкилотлари ҳамда юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, олим ва мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Анумула Гитеш Сарма Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг май ойида Ҳиндистон Республикасига давлат ташрифи ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлди. Мазкур ташриф чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган узоқ истиқболга мўлжалланган ҳужжатлар икки томонлама ҳамкорлик ривожига юқори суръат бахш этди.

Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро манфаатдорлик, ҳурмат, ишонч ва азалий дўстлик тамойилларига асосланган ҳамкорлик алоқалари кўплаб йўналишларда, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва технологияларни, сайёҳлик ва маданиятни ривожлантириш соҳаларида жадал тараққий этмоқда.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик дастурига асосан ўзаро талабалар алмашинуви йўлга қўйилган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ҳиндистон маркази фаолият юритмоқда. Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университетида Жавоҳарлаъл Неру номидаги Ўзбекистон-Ҳиндистон ахборот технологиялари маркази очилган.

Тошкентда Ҳиндистон маданият маркази иш олиб бормоқда. 2005 йилда ушбу марказга Лаъл Баҳодир Шастри номи берилди. Марказ Ўзбекистондаги қатор вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари, ҳинд тилига ихтисослашган мактаблар билан мунтазам алоқани йўлга қўйган. Унинг ҳузурида ҳинд тили, ҳиндшунослик бўйича ўқув курслари мавжуд, бу ерда турли маданий дастурлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатларимиз илм-фан намояндалари ўртасида самарали мулоқотлар йўлга қўйилган. Академик доиралар биргаликда тадқиқотлар ўтказмоқда, семинар ва симпозиумлар ташкил этмоқда.

Ҳиндистон дунёнинг қарийб 160 мамлакатида Техник-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга оширмоқда. Ўзбекистон 1993 йилдан ITEC дастури бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу дастур доирасида шу кунгача ўзбекистонлик кўплаб мутахассислар Ҳиндистондаги нуфузли олий таълим муассасаларида малака оширди.

– Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар кўп йиллик тарихга эга, – деди Анумула Гитеш Сарма. – Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳозирги кунда XXI асрнинг барча талабларига жавоб берган ҳолда, юксак суръатларда тараққий этмоқда. ITEC дастури Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йилларданоқ ушбу дастурга аъзо бўлди. Ҳиндистон халқи Ўзбекистон эришган ютуқларга ҳавас қилади. Ҳиндистон Техник-иқтисодий ҳамкорлик дастурида иштирок этган ўзбекистонлик ёшлар келгусида мамлакатингизнинг янада равнақ топишига катта ҳисса қўшишига ишонамиз. Ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил ривожланиб бораверади.

Анжуманда ITEC дастури доирасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.


ЎзА, Ирода Умарова
9 301