ЎзА Ўзбек

31.01.2019 Чоп этиш версияси

Ислом Каримов халқимиз хотирасида мангу яшайди

Ислом Каримов халқимиз хотирасида мангу яшайди Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан хотира тадбирлари ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди эди. У мамлакатимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган давлатни қайта тиклади. Оғир қийинчилик ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаб, мамлакатимизни изчил ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди.

Биринчи Президентимиз ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлди.

Мамлакатимизда Ислом Каримов хотирасига катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида буюк Йўлбошчимизнинг ҳайкаллари ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 ноябрдаги қарорига асосан 2018 йилда буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди.

Биринчи Президентимиз дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида улуғвор мақбара бунёд этилди. Бу ёдгорлик юртдошларимиз қадами узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, ёшлар учун катта тарбия масканига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу куни Самарқанд шаҳрига ҳам ташриф буюриб, ушбу мақбарани зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари ёдгорлик мажмуасини сақлаш, атрофини ободонлаштириш, зиёратчиларга қўшимча қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида эҳсон оши берилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

Самарқанд Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Биринчи Президентимиз ушбу қадимий шаҳарда туғилган, унинг ҳар томонлама ривожланишига катта эътибор қаратган. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан бу ерда қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. 2007 йилда ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги кенг нишонланган. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий қадамжолар обод қилинган. Ўнлаб замонавий иншоотлар, хиёбонлар, фавворалар барпо этилган.

Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори билан бунёд этилган Ислом Каримов мақбараси ва ҳайкали Самарқанддаги ана шу обод масканлар қаторига қутлуғ қадамжо бўлиб қўшилди.

Шу куни Самарқанд вилояти жамоатчилиги Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Қарши шаҳрида ҳам буюк Йўлбошчимиз ҳайкали пойи гулларга бурканди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Биринчи Президентимиз таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди.



11 739
ЎзА