ЎзА Ўзбек

18.10.2012 20:08 Чоп этиш версияси

Ишонч ёрлиқлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга 18 октябрь куни Оқсаройда Германия Федератив Республикаси, Ўмон Султонлиги, Чехия Республикаси, Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган – Аристид Эмиль Фенстер, Муҳаммад бин Саид бин Муҳаммад ал-Лаватий, Гинэк Пейха, Али Мардоний Фард ишонч ёрлиқларини топширди.

Давлатимиз раҳбари элчиларни қутлар экан, Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхона раҳбари лавозими ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, тузилган шартнома ва битимларни амалга ошириш йўлидаги масъулиятли ва шарафли вазифа эканини таъкидлади, дипломатларга муҳим миссиясини бажаришда муваффақият тилади.

Мамлакатимизда Германия билан муносабатларга хорижий давлатлар билан муваффақиятли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ёрқин намуналаридан бири сифатида қаралади. Икки томон ҳам сиёсий-дипломатик, иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор.

Ўзбекистонда Германиянинг “МАН”, “Клаас”, “Кнауф” каби ҳамда ўз соҳаси бўйича дунёда етакчилик қиладиган бошқа компаниялар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар тузилган ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Уларнинг сифатли ва замонавий маҳсулотлари ҳам ички бозорда, ҳам қўшни мамлакатларда харидоргир.

Суҳбат чоғида ГФР элчиси Германия ва Ўзбекистон кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш учун катта имкониятларга эга эканини ва бу борада бор куч-ғайратини сарфлашга тайёрлигини таъкидлади.

Ўзбекистон билан Ўмон ўртасидаги ҳозирги дўстона муносабатлар тарихий алоқаларнинг, халқларимиз маданий ва маънавий муштараклигининг мустаҳкам пойдевори асосига қурилган.

Бугунги кунда аксарият халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ва яқин. Ўзбекистон ва Ўмон БМТ, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ҳамкорликни фаоллаштирмоқда.

Учрашувда савдо-сотиқ, иқтисодиёт, сармоя, транспорт коммуникациялари соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон-Ўмон алоқаларининг устувор йўналишларидан экани, томонлар айни шу соҳаларда катта салоҳиятга эгалиги таъкидланди. Шу билан бирга, маданий-гуманитар алоқаларни, жумладан, сайёҳлик соҳасидаги мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқаришни рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Ўмон элчиси ислом цивилизациясининг шаклланишида тарихий аҳамият касб этган, бугунги Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда асосий ўрин тутаётган Ўзбекистонда ўз мамлакатининг вакили бўлиб фаолият юритишни ўзи учун катта шараф деб билишини қайд этди.

Чехия дипломатик ваколатхонаси раҳбари билан суҳбат чоғида Ўзбекистон Президентининг 1997 йил январь ойида Чехияга расмий ташрифи давомида асос солинган ҳамкорликни ривожлантиришга икки томон ҳам муҳим аҳамият бериши таъкидланди.

Бугунги кунда турли соҳаларда ҳамкорлик бўйича салмоқли тажриба тўпланган. Ўзбекистон-Чехия алоқаларини, аввало, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни икки ва кўп томонлама асосда ривожлантириш учун зарур шартномавий-ҳуқуқий асослар яратилган.

Гинэк Пейха ўзаро мулоқотларни янада ривожлантиришни, ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини кенгайтиришни ўзининг асосий вазифаси, деб билишини қайд этди.

Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги давлатлараро муносабатлар нафақат тарихий алоқалар, балки ҳамкорликнинг замонавий тажрибасига ҳам асосланади.

Дипломатия муносабатлари ўрнатилгандан кейин ўтган 20 йил мобайнида Ўзбекистон-Эрон ҳамкорлиги томонларни қизиқтирган барча соҳаларда изчил ривожланиб келмоқда.

Томонлар савдо-сотиқ, иқтисодиёт, транспорт коммуникациялари соҳаларида ҳамкорликни тараққий эттиришга устувор аҳамият беради. Икки мамлакат ҳам Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон-Қатар транспорт йўлаги тўғрисидаги битимнинг амалиётга татбиқ этилиши икки томонлама асосда ва минтақалараро миқёсда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

Эрон элчиси Ўзбекистондаги миссиясининг асосий мақсади икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат эканини таъкидлади.


ЎзА
8 737