Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.07.2018 19:01 Чоп этиш версияси

Аграр ислоҳотлар натижаси фаровонлик ошиши ва нарх-наво барқарорлигида акс этиши керак

Аграр ислоҳотлар натижаси фаровонлик ошиши ва нарх-наво барқарорлигида акс этиши керак
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 июль куни ғўза ривожини жадаллаштириш, ғалла ўримидан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, жорий йил 4 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида 5 июлдан 5 сентябрга қадар “Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” эълон қилинган эди. Йиғилишда шу борада амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

Ўтган вақт мобайнида ғўза ривожининг кечикиши бартараф этилмагани, ғўза ривожи ҳали ҳам 8-10, баъзи жойларда 12-15 кунга орқада қолаётгани таъкидланди. Ўтган йилнинг шу даврида бир туп ғўзада ўртача 5-7 кўсак шаклланган бўлса, бугун 3-5 тадан ошмайди.

99de24b9-60f7-70d8-62e2-7177649316c5.jpg

Бундай ҳолат юзага келишининг асосий сабаби июнь-июль ойларида жойлардаги ҳокимлар, секторлар раҳбарлари, айниқса, фермерлар ғалла ўрим-йиғими ва такрорий экин экишни баҳона қилиб, ғўза парваришини ўз ҳолига ташлаб қўйганида, деди давлатимиз раҳбари. Ғўзани чанқатмай, қатор ораларига ишлов бериш ва сувдан самарали фойдаланиш ишлари ҳам кўнгилдагидек ташкил этилмаган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, аксарият далаларда на культиватор, на сувчи ва на бирор ишчи кўринмайди. Ҳатто айрим туманларда пахта ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Кўплаб майдонларда ғўза чанқаб ётибди, бу эса ҳосил йўқотилишига олиб келмоқда. 

Республика ишчи гуруҳлари маълумотига кўра, ғўза қатор ораларини культивация қилиш ишлари мутлақо талабга жавоб бермайди. Қатор туманларда тракторлар бошқа ишларга жалб қилингани оқибатида культивация кечикиб, ғўза қатор оралари ёрилиш даражасига келган. “Механизаторлар уйлари”да шароит йўқлиги, “отряд” ва “наряд” тизими ишламагани оқибатида культиваторларнинг 45-50 фоизидан етарлича фойдаланилмаяпти. 

Қишлоқ хўжалигидаги вазифаларни бажаришда камчиликларга йўл қўйгани учун Зарбдор, Ғузор, Бағдод ва Уйчи туманлари тўртала сектор раҳбарларини лавозимидан озод қилиш бўйича топшириқ берилди. 

Пахта майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ғўзани чанқатмай, қатор ораларига ишлов бериш, культиваторлардан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Бу йил ноқулай об-ҳаво туфайли ғўза зараркунандаси ва ҳашаротлар кўпайди. Олимларнинг аниқлашича, кўсак қурти капалагининг қишловдан соғлом чиқиш даражаси 76 фоизни ташкил этаяпти. Бу охирги йиллардаги энг юқори кўрсаткичдир. Аслида бу рақамнинг 50 фоизга етиши фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланади. Бу йил эса ҳашарот 1,5 баробар кўп. Бу муаммо ҳар бир масъул раҳбардан тизимли назоратни йўлга қўйиш, айниқса, фермерлардан шахсий масъулиятни кучайтиришни талаб этади.

Соҳа олимлари бу йил 460 минг гектарда ўргимчак-кана, 390 минг гектарда кўсак қурти ва 42 минг гектарда беда қандаласи тарқалиши тўғрисида прогноз бермоқда. Шу сабабли Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари ва Тошкент давлат аграр университети раҳбарлари бошчилигида 127 нафар олим вилоятларга юборилди. Ғўзани зараркунанда ва ҳашаротлардан ҳимоя қилишга бюджетдан қўшимча 100 миллиард сўм ажратилди. Лекин айрим сектор раҳбарлари ҳали ҳам бепарво юрибди. Минглаб гектар майдонда кимёвий ишлов ўтказилди, деб ҳисобот берилган бўлса-да, амалда кутилган натижага эришилмаган. Яъни, ишлов сифатсиз ва номига ўтказилган. Оқибатда айрим вилоятларда кўсак қурти 4-5 минг гектардаги ғўзага зарар етказган. Яна 8-10 минг гектар майдон хавф остида турибди.

Ғўза ривожига суғориш ишлари тўғри ташкил қилинмагани ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Сектор раҳбарлари ва сув хўжалиги ходимлари сувни адолатли тақсимлаш билан етарлича шуғулланмаяпти. Масалан, муайян туманга етказиб берилган сувнинг 50-60 фоизи такрорий ва томорқа экинларини суғоришга йўналтириляпти. Сувдан мақсадли фойдаланилмагани, етарлича сувчи жалб қилинмагани, тунги суғориш ишлари ташкил этилмагани оқибатида айрим туманларнинг 10-15 фоиз майдонида ғўза чанқатиб қўйилган. Ғўзани шарбат усулида суғориш бўйича аниқ топшириқ берилган бўлишига қарамай, айрим туманларда 60-65 фоиз майдонга сувнинг ўзи ҳайдалмоқда. Шу муносабат билан Сув хўжалиги вазирлиги ва Давлат ветеринария қўмитасига ўз тизимидаги ходимларни далага маҳаллий ўғит чиқариш ва ғўзани шарбат билан суғориш ишларига жалб қилиб, фермер хўжаликларига бириктириш вазифаси топширилди. Сувдан самарасиз фойдаланган сектор раҳбарлари ва фермерларга нисбатан чора кўрилади.

Йиғилишда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экишни якунлаш, шартнома тузиш ва бўнак маблағларини бериш ишларини жадаллаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Бугунги кунда дунёда аҳоли сони ва ҳаёт даражаси ўсиши сабабли жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ва нарх-наво ошиб бормоқда. Бундай шароитда барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириб, ички бозорни тўлдириш ва экспорт ҳажмини ошириш муҳим вазифа ҳисобланади. Айни шу мақсадда жорий йилда ғалладан бўшаган 680 минг гектар майдонга такрорий экин экиш белгиланган эди. Лекин такрорий экин экиш бошланганига бир ойдан ошган бўлса-да, ишлар ҳали якунига етказилгани йўқ. Жумладан, мамлакат бўйича 25 минг 350 гектар майдонга картошка экиш белгиланган. Бироқ бугунгача унинг 52 фоизигагина экилган.

Яна бир муаммо шуки, такрорий экин тури ва майдони белгилаб берилган бўлса-да, сектор раҳбарлари назорат қилмагани оқибатида 2 баробар кўп майдонга чорва озуқаси экилган. Айрим сектор раҳбарлари қўшиб ёзиш каби эски ва зарарли иллатдан ҳалигача қутулмагани туфайли такрорий экин бўйича маълумотлар тўғрилигига кафолат бериб бўлмайди. Масалан, ўтган йили ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экилгани ҳақида ҳақиқатдан йироқ ҳисобот берилгани мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига салбий таъсир кўрсатди. Шундан келиб чиқиб, Бош прокурор белгиланган талабларни бузган масъул раҳбарларга нисбатан тегишли чора кўриши керак. Мутасаддилар ўтган йилги камчиликлардан тегишли хулоса чиқариб, такрорий экин майдонларида маҳсулот етиштириш ва экспорт қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил қилиши лозим. Такрорий экин экиш ишлари 5 августгача тўлиқ якунига етказилиши шарт. Бунинг учун моддий-техника ресурслари тўлиқ етказиб берилиши, агротехник тадбирлар ўз вақтида ўтказилиши, сувдан оқилона фойдаланилишини алоҳида назоратга олиш зарур.

Йиғилишда қайд этилганидек, такрорий экин маҳсулотларини харид қилиш бўйича қайта ишлаш корхоналари, экспортчи ва тайёрлов ташкилотлари билан шартномалар тузиш ишлари ҳам қониқарсиз. Жумладан, экспортга чиқариладиган такрорий экин маҳсулотларининг Қорақалпоғистонда 23, Тошкент вилоятида 27, Бухорода 53 фоизини харид қилиш бўйича экспортчи ташкилотлар билан шартнома тузилмаган. Қайта ишлаш корхоналари ва тайёрлов ташкилотлари билан шартнома тузиш борасида ҳам шундай кўрсаткичларни келтириш мумкин.

Шартномалар тўлиқ тузилмагани фермерларга бўнак маблағлари тўлашга салбий таъсир кўрсатаяпти. Шу кунгача қайта ишлаш корхоналари бўнакнинг 10, экспортчилар 11, тайёрлов ташкилотлари 38 фоизини тўлаган, холос. Шартнома тузилмаса, бўнак маблағи берилмаса, деҳқоннинг ҳоли нима кечади, деган масала ҳеч кимни ташвишлантирмаётгандек. Бу муаммони тезкор бартараф этиш мақсадида мутасаддиларга беш кун муддатда такрорий экиндан олинадиган маҳсулотларни харид қилиш бўйича шартномалар тузишни, ўн кун муддатда бўнак маблағлари тўлаб беришни якунига етказиш чораларини кўриш вазифаси топширилди.

Шу билан бирга, тижорат банклари томонидан қайта ишлаш корхоналари, экспортчилар ва тайёрлов ташкилотларига бўнак маблағларини тўлаб бериш учун зарур бўлган кредитлар қисқа муддатда ажратилишини қатъий назоратга олиш керак. Тузилган шартномаларга асосан такрорий экин маҳсулотларини етказиб бериш бўйича самарали тизим ишлаб чиқиш ва жорий қилиш асосида ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш чораларини кўриш зарур.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва ички бозорни арзон маҳсулотлар билан тўлдиришда томорқадан самарали фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жорий йил бу борада янги тизим татбиқ қилиниб, 161 та “Томорқа хизмати” корхонаси ташкил этилди. Уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун 471 миллиард сўм кредит ажратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, 500 миллиард сўм ажратилди. Шу кунга қадар Жамғарма ҳисобидан томорқада маҳсулот етиштириш, иссиқхона ташкил қилиш, техника ва ускуналар харид қилишга 62 миллиард сўм йўналтирилди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида аҳоли учун 400 миллион доллар ажратилди.

Буларнинг барчаси томорқада маҳсулот етиштиришни қўпайтириш, иссиқхона ташкил қилиш, уй шароитида парранда ва чорва моллари боқиш орқали аҳолининг даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш, турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилади.

Лекин шундай саъй-ҳаракатларга қарамай, томорқадан самарали фойдаланишни ташкил этишда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва “Томорқа хизмати” кутилганидек фаоллик кўрсатмаяпти.

– Томорқадан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича яратилган тизим натижа бериши шарт. Биз буни аҳоли турмуш шароитининг ўзгариши ва ички бозордаги нарх-наво билан баҳолаймиз. Барча раҳбарлар яхши тушуниб олиши керак. Томорқа – бу аҳолининг бандлиги, даромад манбаидир, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу сабабли томорқада маҳсулот етиштираётган, қорамол, 50 бош паррандаси бўлган хонадоннинг ишсиз аъзоси 1 минимал иш ҳақи миқдорида пенсия жамғармасига тўлов қилса, 1 йиллик кафолатланган иш стажига эга бўлиши белгилаб қўйилди. Бу имтиёз уйида деҳқончилик қилаётган аҳоли, айниқса, аёллар, ёшларнинг бандлигини таъминлаб, келажакда пенсия олишига замин яратади. Мутасаддилар янги тизим самарали ташкил этилишини таъминлаш чораларини кўриши ва ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишни қатъий назоратга олиши керак. Аввало, томорқада бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишларини ташкил этиш зарур. Айни пайтда ҳудудларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, август-сентябрь ойларида экиладиган пиёз, саримсоқпиёз, кўкатлар каби тўқсонбости экинлар хонадонма-хонадон жойлаштирилиб, ўз вақтида экилишини таъминлаш лозим. Бунинг учун “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан уруғлик, ёқилғи, минерал ўғитлар етказиб берилишини алоҳида назоратга олиш даркор.

Йиғилишда маҳаллий бюджетга қўшимча даромад тушириш захираларини сафарбар қилиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш масаласи муҳокама қилинди.

Июль ойи якуни бўйича солиқ идоралари томонидан қарийб 4,7 триллион сўм маблағ ундирилиши, режадан ташқари бюджетга қўшимча 889 миллиард сўм тушиши қайд этилар экан, айрим ҳудудлар асосан йирик солиқ тўловчилар хисобига режани бажараётгани таъкидланди. Савдо, хизмат кўрсатиш нуқталари, кичик тадбиркорлик субъектларини солиқ билан тўлиқ қамраб олиш, фаолият кўрсатмаётган субъектлар билан ишлаш ҳисобига солиқ базасини кенгайтириш юзасидан ишлар етарли даражада эмас. Солиқ тўловчилар сонида ўсиш деярли кузатилмаяпти. Ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари бу борадаги вазиятни чуқур таҳлил қилиши, ишга янада жиддий ёндашиши зарур. Шундагина масалани ижобий томонга ўзгартириш мумкин.

Йиғилишда маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш бўйича прогноз кўрсаткичларни бажариш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг январь-июль ойлари якунига кўра, мамлакат бўйича жами 7,2 миллиард долларлик экспорт амалга оширилиши ва режа кўрсаткичлари 104 фоизга ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан карийб 127 фоизга бажарилиши кутилмоқда. Лекин бу рақам барча соҳаларда экспорт ошишини назарда тутмайди, албатта. Масалан, айрим вилоятларда мева-сабзавот экспорти ҳажми ортгани ҳолда, саноат маҳсулотлари экспортининг режа кўрсаткичлари бажарилмай қолиши мумкин. Режа кўрсаткичларига тўлиқ эришиш учун мутасаддилар масалани атрофлича ўрганиб, зарур чораларни кўриши керак.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимларнинг ҳисоботлари тингланди.

ЎзА
11 072