Қирғизистон делегациясининг учрашувлари
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида 21 декабрь куни Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабеков бошчилигидаги Қирғизистон Республикаси парламент делегацияси билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида 21 декабрь куни Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабеков бошчилигидаги Қирғизистон Республикаси парламент делегацияси билан учрашувлар бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев билан учрашувда яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлиги турли йўналишларда жадал тараққий этаётгани, парламентлараро алоқаларнинг мустаҳкамланиши ўзаро муносабатларнинг янада кенгайишига хизмат қилиши таъкидланди.
Қирғизистон Республикаси билан барча соҳалардаги ҳамкорлик, жумладан, парламентлараро муносабатларнинг ривожлантирилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Қирғизистон Республикаси парламент делегациясининг ушбу ташрифи парламентлараро мулоқот ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил сентябрь ойида Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалий самарасидир.
Мулоқот чоғида икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқалар, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш ҳамда чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда томонлар Қирғизистон парламент делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи, режалаштирилган музокаралар ва учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан суҳбатда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимиз ва ҳудудлар ривожланишига йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги алоқалар жадал суръатларда ривожланиб бораётгани, келгусида икки мамлакат муносабатларини савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий соҳаларда мустаҳкамлашга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши таъкидланди.
Тадбирда меҳмонларга парламент қуйи палатасининг фаолияти, қонунчилик тизимидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди. Парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда яқин истиқболга мўлажалланган ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Қирғизистон делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Амалий тадбирлар режаси” (“Йўл харитаси”) имзоланди.
Парламент делегацияси Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» мавзуидаги кўргазма ҳамда Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий-маърифий ёдгорликлар билан танишди.