Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинади
Инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш – эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси.
Инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш – эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси муқаддимаси ана шундай эзгу сўз ва мақсад билан бошланган.
Қайд этиш керак, Иккинчи жаҳон урушидаги мудҳиш қотилликлар, тириклайин ёқилган одамларнинг оҳу ноласи башариятни инсонийлик мезонлари мажмуини яратиш ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўришга даъват этди.
Бу мазкур ҳужжат муқаддимасидаги ушбу мисралардан ҳам англашилади: “Инсон ҳуқуқларини менсимаслик ва уни поймол этиш инсоният виждони қийналадиган ваҳшиёна ишлар содир этилишига олиб келганини, кишилар сўз эркинлиги ва эътиқод эркинлигига эга бўладиган ҳамда қўрқув ва муҳтожликдан холи шароитда яшайдиган дунёни яратиш инсонларнинг эзгу интилишидир...“
Айнан мана шундай эзгу интилиш меваси сифатида 1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинди.
Мазкур Декларацияда инсоннинг тўлақонли ҳаёт кечириши, жамиятда ўз ўрнини топиши, барча ҳуқуқлари таъминланишини назарда тутувчи меъёрлар тўлиқ қамраб олинган. 30 моддадан иборат Декларация моҳиятидаги эзгулик, тенглик, адолат мужассамлашгани учун ҳам ҳозирги кунда бу халқаро ҳужжатга жаҳондаги 193 давлат қўшилган.
Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришиши билан қўшилган илк ҳужжатлардан бири Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидир. Мамлакатимиз Конституцияси Декларацияга ҳамоҳанг бўлиб, унда инсоннинг ҳаёти, ҳақ-ҳуқуқлари олий қадрият, деб белгиланган.
Декларация қабул қилинганига ҳадемай 70 йил тўлади. Бу сана дунёдаги бошқа халқлар қатори ўзбек халқи учун ҳам ўзига хос аҳамиятга эга.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 майда “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида“ги фармони қабул қилингани бунинг ёрқин далилидир.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат, жамият ва фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойиллари ва қадриятларига эътиборини кучайтиришга оид тадбирлар ташкил этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа чоралар тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, қонунчиликка ва давлат органларининг амалий фаолиятига инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш механизмлари ва тартиби самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар кўрилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланиши билан бир қаторда уни амалга ошириш бўйича Комиссия ташкил этилган.
Дастурга мувофиқ, Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган халқаро тадбирлар ҳам ташкил этилади. Жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтади. Форумда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Осиё қитъасида жойлашган давлатларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи институтлари раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар ва бошқалар иштирок этиши кутилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказидан маълум қилишларича, форумга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Форум давомида иштирокчилар сессияларга бўлинган ҳолда тегишли мавзулар бўйича мулоқот олиб боради.Уларда декларацияда назарда тутилган меъёрлар, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларнинг универсаллиги, ўзаро боғлиқлиги, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларни бажариш соҳасидаги ютуқлар ва муаммолар кўриб чиқилади. Инсон ҳуқуқлари ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда ижро, вакиллик ва қонунчилик ҳокимияти, суд ва инсон ҳуқуқлари миллий институтларининг роли муҳокама қилинади.
Осиё форуми якунлари бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилган. Унда давлатлар томонидан халқаро ҳужжатларга мувофиқ барча инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига риоя қилиш ва ҳимоя қилиш борасида самарали тизим яратишга оид мақсадлар кўзда тутилади.
Осиё форуми доирасида Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарлари ўз мамлакатларидаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятни, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилади.
Форум натижаларига кўра, Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Тошкентдаги қўшма баёнотини қабул қилиш ҳам режалаштирилган.