Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2017 20:58 Чоп этиш версияси

Инсон ҳуқуқлари бўйича очиқ мулоқот

«Тараққиёт стратегияси» марказида 3 октябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар, диний конфессиялар вакиллари иштирок этди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси А.Каримов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар белгилангани мамлакатимизда миллатлараро ва диний конфессиялараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалар билан бир қаторда этник-маданий қадриятларни тиклаш ва ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда юртимизда 16 конфессияга мансуб диний ташкилотлар, 140 га яқин миллий-маданий марказ, олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Миллий қонунчилигимизда фуқароларнинг эътиқод эркинлиги кафолатланган, диний эътиқодни фуқаролар ёки уларнинг қонуний бирлашмаларининг шахсий иши деб билиш, барча учун тенг ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш каби нормалар мустаҳкамланган. Фуқаролар диний байрамлар ва бошқа маросимларни эмин-эркин нишонламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларининг миллий қадриятларини ривожлантириш, миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳид бошчилигидаги делегациянинг ушбу ташрифи жорий йил июнь ойида мамлакатимиз ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси ўртасида ишлаб чиқилган ҳаракатлар режаси асосида амалга оширилмоқда.

Учрашувда А.Шаҳид Ўзбекистонда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишувидан кўзланган мақсад, мамлакатимизнинг бу борадаги тажрибаси ҳамда ташриф якунида ишлаб чиқиладиган хулосалар ҳақида сўз юритди. БМТ фаолиятида марказий ўрин эгаллайдиган Махсус маърузачилар тизими барча фуқаролик, маданий, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларни қамраб олишини, мазкур танишув Ўзбекистон билан Бошқарма ўртасидаги очиқ ва амалий мулоқотни янада кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этди.

Тадбирда нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари делегация аъзоларига Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, турли миллат ва элат, дин ва конфессия вакиллари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида батафсил маълумот берди. Фуқароларнинг эркин эътиқод қилиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилгани Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ва ўзаро бағрикенглик муҳитини таъминлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Делегация аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан учрашди, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигида ҳам музокаралар ўтказди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
4 787






Все о погоде - Pogoda.uz