ЎзА Ўзбек

16.10.2020 Чоп этиш версияси

Илм-фан барча соҳаларни фундаментал ривожлантириш учун асос бўлади

Илм-фан барча соҳаларни фундаментал ривожлантириш учун асос бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди.

Биринчи объект Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университети бўлди. Давлатимиз раҳбари жорий йил 31 январь куни ушбу янги олий ўқув юрти қурилишига тамал тоши қўйган эди. Бугунга келиб бинолар анча қад кўтариб қолди.

geologiya_fanlari_universiteti_uchinchi_renessans_poydevorla.jpg

Лойиҳа доирасида 6 та кўп қаватли иморат барпо этилиши ва 4 таси реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Ҳозирги биринчи босқичда ўқув корпуси, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, Минерал ресурслар институти, Геология ва геофизика институти, Геология музейи бинолари, кутубхона, ётоқхона бунёд этилмоқда.

Президент бу ерга яна келиб, қурилиш ишлари ва режалар билан шахсан танишгани бежиз эмас.

– Илм бизнинг қонимизда, генимизда бор. Бу марказ ҳам учинчи Ренессанс пойдеворларидан бири, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномада ҳамда 31 январь куни илм-фан вакиллари билан учрашувда геология соҳасини ривожлантиришга доир долзарб вазифаларни белгилаб берган эди.

Мамлакатимизда фойдали қазилмаларнинг 70 дан зиёд тури бўйича 2 мингдан ортиқ конлар аниқланган. Лекин қазиб олиш ва қайта ишлаш осон бўлган конлар тобора камайиб бораётгани қайд этилган эди.

Янги конлар топиш учун ер қаърининг чуқурроқ қатламларини ўрганиш, мураккаб таркибли конларни ўзлаштириш бўйича соҳага илмий асосланган илғор усуллар ва инновацион технологияларни кенг жорий қилишни замоннинг ўзи тақозо этаётгани таъкидланган эди.

Шу асосда мамлакатимизда янги геология тизими яратилмоқда. Президентимизнинг бу соҳага оид 4 та қарори қабул қилинди.

Жумладан, шу йил 8 июнь куни “Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди.

Мазкур университет геология соҳаси эҳтиёжлари учун зарур мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ҳозирги замон талабларига тўлиқ мослаштириш, илм-фан ва амалиёт ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш, ер ҳақидаги фанлар, жумладан, уларнинг фундаментал йўналишлари ҳамда амалиёт ўртасида реал интеграциялашув жараёни учун шарт-шароитлар яратиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг аниқ мезонлари ва самарали механизмларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.

Яъни, Геология фанлари университети соҳадаги илмий муассасаларни жамлаган яхлит мажмуа бўлади. Унинг таркибига 4 та илмий-тадқиқот институти кирган. Илгари улар тарқоқ жойлашган эди. Шунингдек, бу ерга Геология музейи кўчириб келинади. Соҳадаги муассасалар бир жойда бўлиши мутахассисларнинг яқин ҳамкорликда ишлаши, талабаларнинг илмий лабораторияларда амалиёт ўташини таъминлайди. Бу эса биноларга хизмат кўрсатиш учун ҳам қулай ва тежамкор.

Давлатимиз раҳбари шу ерда илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари билан суҳбатлашди.

– Илм-фан барча соҳаларни фундаментал ривожлантириш учун асос. Аввалдан эътибор берганимизда, геологиянинг ҳамма йўналишлари бўйича 15-20 фоиз аҳолини иш билан таъминлашимиз мумкин эди. Мана энди олимларга шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз, интеллектуал мулкни асраб, қўллаб-қувватлаяпмиз. Интеллектуал мулк унинг эгасига ҳам, давлатга ҳам манфаат келтиради, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев ушбу даргоҳда яратиладиган шароитлар билан қизиқиб, қурилиш сифатли, лабораториялар юқори технологияли бўлиши кераклигини таъкидлади.

– Замин мустаҳкам бўлиши керак. Биз бу университетни келажак учун қуряпмиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу ерда лойиҳанинг иккинчи босқичи тақдимот қилинди. Бу босқичда Давлат геология қўмитаси биноси, Геология ахборот маркази, Геоинновацион технологиялар маркази, автотураргоҳ барпо этилиши режалаштирилган.

Президентимиз пойтахтимиздаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида ҳам бўлди.

Мажмуа шоу-румида қурилиши бошланган бинолар, уларда бўладиган шароитлар ҳақида маълумот берилди. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг ўқувчилари иштирокида яратилган дастурий маҳсулотлар намойиш этилди.

489fea7d-824e-93cd-2382-71103d8f11b3.jpg

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманидаги IT-марказда сабоқ олаётган болалар билан видеоконференцалоқа орқали мулоқот қилди.

Мутасаддиларга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб билан ҳудудлардаги ахборот технология мактаблари интеграциясини таъминлаш, ёшларнинг замонавий технологияларга қизиқишини тўғри йўналтириб, етук мутахассислар этиб тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Галдаги бунёдкорлик ишларининг бориши кўздан кечирилди.

Мазкур замонавий мажмуа қурилиши ўтган йили 20 ноябрда бошланган эди. Бу ерда босқичма-босқич 17 та иморат, жумладан, 20-25 қаватли офис бинолари, 22 қаватли меҳмонхона, университет, конференция зали, коворкинг маркази ва бошқа объектлар барпо этилади. Иншоотлар 9 балли зилзилага чидамли бўлади. Ер остида 3 қаватли автотураргоҳ қурилади. Мажмуа ҳудудида кафе ва ресторанлар, дўконлар, масжид, спорт майдонлари, дам олиш жойлари ҳам бўлади.

Ушбу IT-паркнинг дастлабки 2 та биноси фойдаланишга топширилган. Уларда энг замонавий қулайликлар яратилиб, истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. IT-парк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йил 1 январга қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Юнусобод туманида барпо этилаётган Тошкент Архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўрди.

Қурилиш ишлари жорий йил июль ойида бошланган эди. 5 қаватли иккита ўқув корпуси, 8 қаватли маъмурий бино ва 4 қаватли ётоқхона қад кўтармоқда.

Бугунги кунда институтда 5 минг 400 дан зиёд талаба таълим олади. 2020/2021 ўқув йилидан кредит-модуль тизимига ўтиш натижасида 18 та бакалавр таълим йўналиши ва 23 та магистратура мутахассислиги очилди. Бўлғуси қурувчиларга замонавий билим бериш мақсадида “ақлли” уйлар ва шаҳарлар инфратузилмасини лойиҳалаш, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги, иншоотлар зилзилабардошлиги каби янги йўналишлар дастурга киритилди.

Бинолар фойдаланишга топширилгач, талабаларни қабул қилиш қамрови ва таълим сифати ортади.

– Охирги йилларда мамлакатимизда қурилиш соҳаси ривожланди, катта-катта иншоотлар, заводлар, уйлар барпо этилмоқда. Лекин ким лойиҳа қиляпти, ким қуряпти, қандай қуряпти, деган саволлар кўндаланг турибди. Бу ерда замонавий қурилиш индустриясига мос юқори малакали мутахассислар тайёрланиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари институт ёнидаги 8-автобус саройини ҳам кириб кўрди. Бу автопаркни бошқа жойга кўчириб, замонавий шарт-шароитлар яратиб бериш, унинг ўрнида қурилиш материаллари бўйича илмий-тадқиқот маркази ташкил этиш таклифи билдирилди.

– Бу ҳудуд қурувчилар массиви бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Архитектура-қурилиш институтининг мураббийлари, илмий-тадқиқот маркази мутахассислари ва уларнинг оилалари учун ижтимоий объектлар ҳам барпо этилиши айтилди.

Давлатимиз раҳбари пойтахтимизда барпо этилаётган “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ва Давлат хавфсизлик хизмати академиясининг янги бинолари билан танишди.

Мамлакатимизда юксак интеллектуал салоҳиятга, замонавий фикрлаш қобилияти ва дунёқарашга эга, давлатимиз манфаатлари ҳамда суверенитетини фидокорона ҳимоя қилишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ҳарбий соҳадаги вазирлик ва идоралар таркибида «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейларини ташкил этиш белгиланган эди.

“Темурбеклар мактаби” чинакам ватанпарвар авлодларни камол топтирувчи ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланади. Мазкур даргоҳда халқимизнинг маънавий-маърифий қадриятларига содиқ, ҳалол, ватанпарвар, миллий ғурури баланд, буюк аждодларимиз, аввало, Амир Темурнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганган, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга ўқувчилар тарбияланади.

Қарорга мувофиқ, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейларини ташкил этиш ва уларнинг ўқув-тарбиявий жараёнини такомиллаштириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. 2020/2021 ўқув йилидан мазкур таълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилинди.

Пойтахтимиздаги «Темурбеклар мактаби»га ҳам танлов асосида 100 нафар, шунингдек, имтиёз асосида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, вафот этган ҳарбий хизматчилар ва кўмакка муҳтож оилаларнинг 10 нафар фарзанди, жами 110 нафар ўқувчи қабул қилинди.

Ўқув даргоҳининг шахсий таркиби ҳам танлов орқали шакллантирилди. Яъни, 660 нафар ўқитувчилар орасидан 21 нафар юқори билимли ва малакали педагог кадрлар танлаб олинди.

Қарордаги устувор вазифаларни амалга ошириш учун илгариги ҳарбий-академик лицейлар ва «Темурбеклар мактаблари» фаолияти ўрганилди. Натижада «Темурбеклар мактаби»га хос ўқув муассасасининг аниқ дастури ишлаб чиқилди. Бунда фанлараро интеграция ва интенсив таълим инобатга олинган бўлиб, бир-бирига узвий боғлиқ фанлар интеграция асосида ўқитилади. Натижада икки йиллик таълим стандартини бир йилда ўзлаштириш кўзда тутилган.

Мактаб икки йиллик бўлиб, она тили ва хорижий тиллар чуқур ўргатилади. Ўқувчилар иккинчи йили мустақил фанларга йўналтирилади.

Давлатимиз раҳбарига «Темурбеклар мактаби» фаолияти, ўқув жараёни, қурилаётган янги бино ва иншоотлар ҳақида маълумот берилди.

Мактаб учун ўқув корпуси, ётоқхона, ошхона барпо этилмоқда, академиянинг мавжуд бинолари реконструкция қилинмоқда. Мажмуада, шунингдек, жисмоний-ҳарбий машғулотлар майдони, стадион, автодром, плац ва бошқа объектлар бўлади.

Президентимиз мактабда она тили ва тарих фанларидан ташқари, хорижий тилларни мукаммал ўқитиш зарурлигини таъкидлади.

– Бу даргоҳда ҳақиқий ватанпарвар авлод тарбияланиши зарур. Мактабда шундай шароит яратиш керакки, бу ерда таълим олган ёшлар ҳарбий соҳалар кадрлар захирасини тўлдириши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ўқувчиларга юртимиз тарихи ва миллий қадриятларимизни чуқур ўргатиш, дарсларга ҳар бир фан бўйича етакчи педагогларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат хавфсизлик хизмати академиясида бугунги замонавий таҳдидларга қарши тура оладиган мутахассис кадрлар тайёрлаш юзасидан тавсиялар берилди.

3 507
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Абдулазиз МУСАЕВ, Матназар ЭЛМУРОДОВ, ЎзА