ЎзА Ўзбек

05.09.2018 12:59 Чоп этиш версияси

Икки мамлакат расмий делегацияларининг музокаралари давом этмоқда

Икки мамлакат расмий делегацияларининг музокаралари давом этмоқда

Ўзбекистон ва Миср Президентлари музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирмоқдалар.

2b8cb6b1-928f-4eb5-9ab6-b69e0d960b02.jpg

Унда савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион ва илмий-техникавий, туризм ва маданият соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доир долзарб масалалар кўриб чиқилмоқда.

f48899e1-d534-4202-bd4a-b25723a3be85.jpg

Иқтисодий ҳамкорлик давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарур. Музокараларда таъкидланганидек, савдо ҳажмини яқин йилларда камида ўн баробарга ошириш учун томонларда барча имконият ва захиралар мавжуд.

Ўзбекистон Миср бозорида талаб юқори бўлган электротехника, машинасозлик, металлургия, кимё ва нефть-кимё, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиши мумкин. Мисрда эса мамлакатимизга дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, гиламлар, мебеллар, пардалар, нефть-кимё маҳсулотлари, рақамли хизматлар, мармар, керамика, тери ва пластик маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятлари юқори.

Икки давлат масъул идораларига савдо айланмасига қулай шарт-шароитлар яратиш, товар айирбошлаш тузилмасини тўлиқ диверсификация қилиш ва унинг ҳажмини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий изланишлар натижалари ва илғор тажрибаларни алмашиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистон ва Мисрда ўтказиладиган кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиши, икки давлат минтақалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик рағбатлантирилади.

Миср Президентининг ташрифи доирасида ўтаётган Ўзбекистон – Миср бизнес-форуми ана шу мулоқотларнинг узвий давоми бўлди. Ушбу форумда 400 миллион доллардан зиёд шартномаларга қўл қўйилди. Бу ҳам иқтисодий соҳада улкан имконият ва ресурслар борлигидан далолат.

Матназар Элмуродов, ЎзА
5 279