ЎзА Ўзбек

15.12.2018 Чоп этиш версияси

Гай Райдер: Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди

Гай Райдер: Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Гай Райдер Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ташрифим доирасида Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиш шарафига муяссар бўлдим. Музокара дўстона ва конструктив руҳда кечди. Унда ҳамкорлигимиз давомида эришилган ютуқлар ва истиқболли режалар юзасидан фикр алмашдик.

Мамлакатингиз билан мажбурий меҳнатга чек қўйиш бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Ўзаро англашув ва ишонч асосида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ушбу масалалар бўйича ютуқларга эришяпмиз. Қайд этишни истардимки, бугун ХМТ юртингизда меҳнат муносабатларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.

Ҳозирги кунга келиб Ўзбекистоннинг кўплаб соҳаларда эришаётган ютуқлари халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ ва кенг халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда.

Сафар доирасида “Барқарор тараққиёт мақсадлари доирасида муносиб бандликни таъминлаш: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида ташкил этилган халқаро конференцияда иштирок этдим. ХМТ ташкил этилганининг 100 йиллиги арафасида ўтказилган ушбу нуфузли анжуман келгусидаги фаолиятимиз йўналишларини ва мақсадларини белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.




11 274
Зуҳра Мирзабоева (сурат), ЎзА