ЎзА Ўзбек

30.10.2012 20:22 Чоп этиш версияси

Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ижтимоий шерикликнинг асосий йўналишларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижроси юзасидан фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрловчи комиссия ҳамкорлигида ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2010 йилда бўлиб ўтган қўшма мажлисида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик институтлари ролини кучайтириш, давлат тузилмалари, жамоат ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлар ўртасида ижтимоий шерикликни кенгайтиришга оид устувор вазифаларни белгилаб берган эди. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”, шунингдек, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар айнан ушбу мақсадларга хизмат қилади. Бугун ушбу қонунлар лойиҳалари жамоатчилик томонидан кенг муҳокама этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши раисининг ўринбосари С.Сангинов ва бошқалар мазкур қонунлар лойиҳалари ҳақида батафсил ахборот берди.

Ижтимоий шериклик жамият асосий қатламларининг муҳим ижтимоий-иқтисодий манфаатларини мувозанатли амалга оширишни таъминлайдиган ижтимоий муносабатларнинг алоҳида йўналиши экани таъкидланди. Аҳолининг турли қатламлари манфаатларини мувофиқлаштириш ва ҳимоя қилиш, иқтисодий ҳамда сиёсий вазифаларни ҳал этишга кўмаклашиш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш бу борадаги муҳим вазифалар ҳисобланади. Шуни эътиборга олган ҳолда, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳасида фуқаролик жамияти, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари каби ижтимоий шериклик субъектлари қамраб олинган.

“Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонун ҳужжатларини амалга оширишини жамият, фуқаролик институтлари томонидан назорат қилишнинг самарали ҳуқуқий механизмига айланиши даркор. Унда ижтимоий шерикликнинг турлари, шакллари ва субъектлари, назорат предмети, уни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари, шунингдек, бу борада амалдаги қонунчилик ижросини таъминламаган мансабдор шахсларнинг жавобгарлик шартлари аниқ белгиланади.

“Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам мамлакатимизда кенг муҳокама этилаётган ҳужжатлардан биридир. Мазкур қонун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимида, экология соҳасида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, авваламбор, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларини бажариш юзасидан фаолиятини янада фаоллаштиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва ўрнини, шунингдек, уларнинг мамлакатимиз ҳудудларида атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш соҳасида мониторингни амалга оширишда иштирок этишини белгилаб бериши лозим.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ижтимоий шерикликни ривожлантириш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини амалга оширишда катта аҳамият касб этади. Ушбу қонун давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартибларини аниқ белгилаб беради, аҳоли, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлишини таъминлайди.

Давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.


ЎзА, Сардор Тожиев
10 093