Франция оммавий ахборот воситалари Президентимизнинг расмий ташрифи ҳақида
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг хорижий мамлакатларга расмий ташрифларини халқаро жамоатчилик катта қизиқиш, зўр эътибор ва янги ташаббуслар илҳоми сифатида кузатиб боради. Давлатимиз раҳбарининг Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон таклифига биноан 8-9 октябрь кунлари ушбу мамлакатга расмий ташрифи ҳам ғоят самарали бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг хорижий мамлакатларга расмий ташрифларини халқаро жамоатчилик катта қизиқиш, зўр эътибор ва янги ташаббуслар илҳоми сифатида кузатиб боради. Давлатимиз раҳбарининг Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон таклифига биноан 8-9 октябрь кунлари ушбу мамлакатга расмий ташрифи ҳам ғоят самарали бўлди.Таъкидлаш жоизки, Франция давлатимиз раҳбари расмий ташриф билан борган Европадаги биринчи мамлакатдир.
Президентлар музокарасида Ўзбекистон – Франция муносабатларини янада ривожлантириш, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди, турли соҳаларда муҳим ҳужжатлар имзоланди. Савдо-иқтисодий, туризм, маданий-гуманитар йўналишда келишувларга эришилди.
Тарихий воқеа сифатида баҳоланган мазкур ташриф тафсилотлари Франция оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
“Secret-défense.org” электрон нашрида “Терроризмга қарши курашиш учун Ўзбекистон халқаро шерикларни кўпайтирмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Елисей саройида Эммануэль Макрон билан учрашуви олдидан мулоҳазалар билдирилган.
Мақолада икки давлат раҳбарининг бу учрашуви банк ва энергетика соҳаларида кўплаб шартномалар имзолаш ҳамда хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш фурсати, деб таъкидланади. Франция ва Ўзбекистоннинг умумий жиҳатларидан бири – уларнинг терроризмга қарши курашда биринчилар қаторида экани эътироф этилган.
Муаллиф Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида терроризмга қарши кураш борасидаги амалий ишларга ҳам тўхталади. Унда радикализмга қарши янги ёндашувнинг биринчи йўналиши ёшларни қўллаб-қувватлаш сиёсати бўлиб, бунда асосий эътибор уларнинг умидсизлиги жиҳодчи сафларни “боқмаслиги” кераклигига қаратилгани айтилади. Мақолада Ўзбекистон БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сургани ва бунга эришилгани, 2017 йилнинг сентябрида БМТ минбарида Шавкат Мирзиёев диний бағрикенглик тўғрисидаги резоляция қабул қилиниши ташаббускори бўлгани, мазкур резолюция таълим ва саводсизликка қарши курашни мутлақо устувор йўналишга кўтаргани ҳақида ҳам ёзилган.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистонда бағрикенг ва тинч исломни тарғиб қилиш сиёсатига юксак баҳо берилади. Жумладан, аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил этишига қарамасдан Ўзбекистон дунёвий давлат бўлиб, унинг илдизлари бағрикенглик анъанаси ва динлараро тотувлик муносабатларига бориб тақалиши, 2017 йил декабрь ойида қабул қилинган Президент қарори кўплаб фуқаролар номини “террористик ташкилотларга қўшилган”ликда айбланувчилар рўйхатидан чиқаргани айтиб ўтилган.
Терроризмга қарши кураш учун Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан шерикликка алоҳида эътибор қаратаётгани, давлатимиз раҳбарининг бу борада Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан келишуви, Жанубий Корея, Миср каби давлатлар билан даромадни қонунийлаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашда ҳамкорлик қилаётгани баён этилган.
Agence France-Presse (AFP) ахборот агентлиги "Ўзбекистон Франция корхоналари билан 5 миллиард евролик шартномалар имзолади" сарлавҳали мақолани эълон қилди.
“Шартномалар асосан “Total”, “Vinci”, “Suez”, “Thales Alenia Space”, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Франция тараққиёт агентлиги билан имзоланди, дея маълум қилди Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати. Ушбу келишувлар жаноб Мирзиёев томонидан мамлакатни модернизация қилиш учун ишга туширилган 40 миллиард евролик инвестиция дастури доирасида амалга оширилди”, дейилади унда.
Мақолада Президентимизнинг Францияга ташрифи Ўзбекистоннинг шаффоф сиёсати сифатида баҳоланган.
Radio France internationale (RFI) расмий сайтидаги "Ўзбекистон ислоҳотчи Президентининг Францияга ташрифи" номли хабарда эса Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп мамлакатига икки йилдан буён раҳбарлик қилаётган Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодиётини янги босқичда ривожлантираётгани айтилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда миллий валюта – сўмни конвертация қилиш, монополияга барҳам бериш каби ислоҳотлар бошлангани, иқтисодиётни янада ривожлантириш учун хорижий инвесторлар жалб қилинаётгани баён этилган.
Le Caucase ахборот манбасида "Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парижга ташрифидан нима кутиш мумкин?" сарлавҳаси билан эълон қилинган мақола муаллифи Себастьян Мюллер Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга илк ташрифи расмий Париж ва Тошкент алоқаларини мустаҳкамлаш учун яхши имконият эканини ёзади.
Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда туб ислоҳотлар даври бошлангани қайд этилган мақолада мамлакатда демократик тамойиллар сезилаётганини, бунинг бир кўриниши сифатида мамлакатда фикр ва сўз эркинлиги сезиларли даражада тараққий этгани баён этилган.
Муаллиф фикрича, Ўзбекистон дунё туристлари, биринчи навбатда француз саёҳатчиларини ўзига жалб этувчи қутб сифатида глобаллашув жараёнида иштирок этишни хоҳлайди.
Бугун Ўзбекистонда валюта айирбошлаш анчайин осонлашган. Мамлакатда туризмни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда, шу мақсадда Ўзбекистон туристлар олдида ижобий имижни шакллантиришга интилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парижга икки кунлик ташрифи шу мақсадга ҳам хизмат қилади. Жумладан, “Bouygues Bâtiment International SAS” компанияси билан қадимий Бухоронинг туристик ҳудудида меҳмонхоналар, ресторан ва дам олиш масканлари қуриш учун 100 миллион евролик келишув имзоланди, дейилади мақолада.
Ўзбекистон демократлашмоқда ва модернизация бўлмоқда. Бу – мамлакат аҳолиси учун ҳам, кучли бозорга киришни истайдиган Франция компаниялари учун ҳам яхши имкониятдир, дея мақолани якунлайди Себастьян Мюллер.