ЎзА Ўзбек

19.02.2019 16:41:17 Чоп этиш версияси

Фаровон яшашга интилишимиз керак


Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти Ховос туманига ташриф буюриб, дастлаб Ховос шаҳарчасининг бош режаси билан танишди. 

“Мирзачўл тажрибаси” асосида Ховос шаҳарчасининг янги маркази бунёд этилиши режалаштирилган. М-39 автомобиль йўли бўйидаги 42 гектар ҳудудда комплекс қурилиш ишлари лойиҳалаштирилган. Унга мувофиқ, бу ерда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари бинолари, давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, турар жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилади. Йўл инфратузилмаси ривожлантирилиб, аҳоли ва транспортлар учун қулайликлар яратилади. 

Ховосда охирги эллик йил давомида биронта кўп қаватли уй қурилмаган. Одамлар эски, тор, зах уйларда яшаб келган. Энди ҳар йили янги кўп қаватли уйлар барпо этилиб, аҳолининг ижтимоий шароитлари босқичма-босқич яхшиланиб боради. Оилавий шароити яхшиланган инсоннинг умиди, эртанги кунга ишончи ҳам эзгу бўлади. 

Шу мақсадга хизмат қиладиган яна бир хайрли ташаббус: “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан Сирдарё вилоятида 32 та тикувчилик мажмуалари ташкил этиш режалаштирилган. Бу цехлар асосан кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга мўлжалланган бўлиб, жами 4 минг 200 дан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Президентимиз шу ерда ховослик нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар билан суҳбатлашди. 

Мамлакатимизда катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, давлат билан бирга одамлар ҳам уйғониши, фаровон яшашга интилиши кераклиги таъкидланди. Ховосликлар вилоят ривожи, аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган янги режалардан хурсанд эканини билдирди. 

Шунингдек, давлатимиз раҳбари мазкур тумандаги “GRAN RUTA DE LA SEDA” корхонаси томонидан замонавий усулда ташкил этилган гидропоника иссиқхона мажмуасини кўздан кечирди. 

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, аграр соҳани ривожлантиришда илғор тажриба ва инновацияларни, замонавий агротехник тадбирларни қўллаш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспортини ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида гидропоника усулида иссиқхоналар қурилмоқда. Бу эса сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, кўплаб иш ўринлари яратиш имконини бераётир. Бундай иссиқхоналар ихчам ва самарадорлиги билан аҳамиятлидир. 

Мутахассисларнинг фикрича, оддий усулда етиштирилаётган помидор кўчатларидан 3 килограмм ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 12 килограммни ташкил этади. Экинларнинг пишиб етилиши 25-30 кунга қисқаради. 

Мазкур иссиқхоналарда Голландиядан серҳосил помидор ва бодринг навлари келтириб, экилган. Айни пайтда бу маҳсулотлар гидропоника усулида етиштирилмоқда. Бу ердаги барча жараён тўлиқ автоматлаштирилган. 

Гидропоника усулидаги иссиқхонада Корея Республикасидан замонавий жиҳозлар келтириб ўрнатилди. Иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби чуқур таҳлил орқали аниқланади. Турли минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади. 

2017 йилда корхона қурилиши учун 1,5 гектар ер майдони ажратилиб, 700 минг доллар маблағ эвазига 1 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилди. 150 тонна, яъни 1,5 миллиард сўмлик помидор етиштирилди ва 18 та янги иш ўрни яратилди. 

2018-2019 йилларда Ипак йўли банк томонидан корхонага ажратилган 4,5 миллион долларлик кредит маблағлари ҳамда корхонанинг 1,2 миллион долларлик инвестициялари тўлиқ ўзлаштирилиб, 9 гектар иссиқхона ишга туширилди ва 120 та янги иш ўринлари яратилди. 

Умумий майдони ўн гектар бўлган иссиқхонада йилига 1 минг 500 тонна помидор етиштирилади. Шунингдек, 2 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш кўзда тутилган. Бу ерда 120 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. 

Корхона томонидан жорий йилнинг учинчи чорагида яна 10 гектар иссиқхонани ишга тушириш режалаштирилган. Натижада 1,5 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади, 100 иш ўрни яратилади. 

Президентимиз мазкур иссиқхонани кенгайтириш, бу ерда Жанубий Кореядан келтирилиб, фойдаланилаётган замонавий технологияларни ўзимизда ишлабчиқариш ва харажатни камайтириш кераклигини таъкидлади.