Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 21:29 Чоп этиш версияси

Европа тикланиш ва тараққиёт банки делегациясининг учрашувлари

Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация аъзолари мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев билан учрашувда Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

ЕТТБ вакилларига Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида маълумот берилди. Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани таъкидланди.

Сума Чакрабарти Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тутган ўрни жуда муҳимлигини, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги саҳифаси очилганидан ғоят мамнун эканини алоҳида таъкидлади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов билан учрашди. Унда Ўзбекистон ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳар томонлама ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди.

С.Чакрабарти Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда, иқтисодиётнинг турли соҳаларига сармоя жалб этишда фаол иштирок этиш истагини билдирди.

Ҳамкорликда металлургия, машинасозлик, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, инфратузилма, сармоя, саноат, транспорт ва транспорт коммуникациялари каби соҳаларда амалга оширилиши режалаштирилаётган қатор лойиҳалар хусусида сўз юритилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандуми ва Ўзбекистон Республикаси билан ЕТТБ ўртасида Марказий Осиё учун экологияни қайта тиклаш бўйича амалий тадбир ўтказиш тўғрисида ҳадли битим имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлигида ўтган учрашувда мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожлаётгани, кейинги йилларда ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан юқори бўлиб келаётгани таъкидланди.

Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан профицит билан бажарилмоқда. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланаётир. Иқтисодиётга йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми ҳар йили қарийб 10 фоиз ўсмоқда.

ЕТТБ делегациясига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, унинг соҳа ва тармоқларини диверсификация қилиш, хусусий мулк ҳимоясини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасидаги мулоқотда мамлакатимизда хусусий сектор ишончли ҳимоялангани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик изчил ривожланаётгани таъкидланди.

Кичик бизнеснинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси қарийб 57 фоиз, саноатда 45 фоизга етган. 2016 йилда 2015 йилга нисбатан 18 фоиз кўп кичик бизнес субъектлари ташкил қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги фармони тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга хизмат қилмоқда.

Европа тараққиёт ва тикланиш банки делегацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида ҳам музокара ўтказди.

Ўзбекистон бой тарихи, замонавий инфратузилмаси, туризм салоҳияти билан сайёҳларни жалб этаётгани таъкидланди. Меҳмонлар мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони халқаро ҳамкорликка кенг йўл очгани қайд этилди.

Делегация аъзолари мамлакатда туризмни янада ривожлантириш учун меҳмонхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, транспорт коммуникациясини тараққий эттириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кўмаклашиш, турли фестиваллар ва спорт мусобақаларини ташкил этиш каби масалаларда ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

ЕТТБ делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ҳам бўлди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти пойтахтимиздаги пресс-клубда музокаралар якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказди.

ЎзА
3 368






Все о погоде - Pogoda.uz