ЎзА Ўзбек

08.01.2020 Чоп этиш версияси

Эрондаги самолёт ҳалокати бўйича нималар маълум?

Эрондаги самолёт ҳалокати бўйича нималар маълум?

Бугун тонгда Имом Ҳумайний номидаги Теҳрон халқаро аэропортида Украина йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берган эдик. Эрон авиация вазирлиги вакили Жафар Зоданинг маълум қилишича, Киевга парвоз қилаётган ҳаво кемасида экипаж аъзоларидан ташқари 167 йўловчи бўлган.
Эрон фавқулодда вазиятлар бўйича бошқарма директорининг РИА Новости ахборот агентлигига маълум қилишича, ҳалокат туфайли барча йўловчилар ҳалок бўлган.

Аввалроқ, Эроннинг Тасним агентлиги Украинанинг бортида 180 йўловчи бўлган самолёти "техник муаммолар" сабабли ҳалокатга учраганини маълум қилган эди. Хабарда айтилишича, самолёт ҳавога кўтарилгандан кейин орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас қулаб тушган.

PS752 рейси Теҳрондан эрталаб маҳаллий вақт билан соат 5:42 да ҳавога кўтарилган ва икки дақиқа ўтгандан кейин, яъни 5:44 да самолёт билан алоқа узилган. Бундан келиб чиқадики, Украинанинг "Boeing 737-800" ҳаво лайнери ҳавога кўтарилгандан сўнг ҳалокатга учраган.

Самолёт ҳалокатга учраган жойда иккита қора қутининг бири топилган. Уни Эрон қутқарувчилари аниқлаган. Бундан олдинроқ, Теҳрон аэропорти вакили ҳалокатга самолёт двигателида ўт чиққани сабаб бўлганини айтган эди.

Шу кеча тунда Эрон ҳарбийлари АҚШнинг Ироқдаги бир нечта объектларига ракета зарбалари берган эди. Айрим кузатувчилар самолёт ҳалокатини ушбу воқеаларга боғлашга ҳам ҳаракат қилмоқда. Яъни самолёт тасодифан ракеталарнинг бири билан уриб туширилган бўлиши ҳам мумкин. Аммо Эроннинг ракета зарбаларини бериш вақти билан самолётнинг парвози бошланган вақт бир-бирига тўғри келмайди.
"Украина халқаро авиалиния" авиакомпанияси баёнотига кўра, ҳалокатга учраган йўловчи самолёти сўнгги техник кўрикдан атиги икки кун аввал ўтган. Қолаверса, самолёт 2016 йилда ишлаб чиқарувчидан сотиб олинган, яъни қарийб янги бўлган, шунингдек, учувчилар ҳам бундай самолётларни бошқаришда катта тажрибага эга бўлишган, шу боис ҳалокат учувчиларнинг хатоси сабабли юз берган дейишга асос йўқ, дейилмоқда.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳалокат сабабли мамлакатдаги барча фуқаро самолётларнинг учиш имкониятларини қайта текширувдан ўтказишга кўрсатма берди.
Бугун куннинг иккинчи ярмига келиб ҳалок бўлганларнинг аниқ сони маълум қилинди. Унга кўра, "Украина халқаро авиалиния"сига қарашли "Boeing 737-800" самолёти бортида 179 киши бўлган. Уларнинг 147 нафари эронлик, 32 нафари хорижлик бўлган. 11 нафар йўловчи Украина фуқароси бўлиб, кўпчилиги авиакомпания ходимлари эди, дейилади Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши хабарида. Аниқроғи, 11 кишининг икки нафари йўловчи, қолган 9 нафари экипаж аъзоси эди.
Бундан олдинроқ "Украина 24/7" тelegram канали ўз манбаларига таянган ҳолда Теҳрондан Киевга учган рейсда Украина фуқароларидан ташқари, 71 нафар эронлик, 73 канадалик, сакиз нафар швециялик, 6 нафар афғонистонлик, тўрт нафар германиялик ва уч нафар британиялик йўловчи бўлганини маълум қилган эди.
Воқеа тафсилотларини сайтимизда кузатиб боринг.


5 713
Саидмурод Раҳимов, ЎзА