Эришилган натижалар ва келгуси режалар таҳлилий муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва илм-фан, ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси соҳаларининг 2017 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва иқтисодий ислоҳотларнинг бажарилишига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва илм-фан, ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси соҳаларининг 2017 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва иқтисодий ислоҳотларнинг бажарилишига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида комплекс таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда амалга оширилган ишлар натижалари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида комплекс бўйича жами 1 триллион 637 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва хизматлар кўрсатилди. 2016 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 118 фоизни ташкил этди.
Комплекс соҳаларида 30 миллион 800 минг долларлик хизматлар ва маҳсулотлар экспорт қилинди. 59 миллион 300 минг долларга тенг инвестициялар жалб қилинди ва режа кўрсаткичи 175 фоизга бажарилди.
Йиғилишда умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида ўқитиш сифатини тубдан ошириш, замонавий ўқув режалари ва методларини жорий этиш, ўқувчиларга махсус фанлар, мамлакатимиз ва жаҳон цивилизацияси тарихи, хорижий тиллар ҳамда замонавий компьютер дастурларини чуқур ўргатиш, таълим муассасаларидаги педагоглар ва профессор-ўқитувчилар таркибини етарли педагогик иш тажрибасига эга бўлган, касбий тайёрланган мутахассислар билан тўлдириш, уларнинг малакасини ошириш борасида йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Академик ва олий ўқув юртларидаги илм-фанни янада ривожлантириш, давлатнинг эҳтиёжлари ва унинг мақсадли вазифаларини инобатга олган ҳолда илмий муассасалар моддий-техник базасини илғор хорижий марказлар даражасида ва олимлар талабларига мувофиқ равишда мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар хусусида сўз юритилди.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, жойларда уюшмаган ёшларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини мунтазам ўрганиб борган ҳолда уларни фойдали меҳнатга жалб этишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Комплекс йиғилишида музейлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, музейларда Мустақиллик экспозицияларини ташкил этиш, ёшларни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, ёшлар онгига Ватанга муҳаббат туйғусини янада чуқурроқ сингдириш, музейлар воситасида халқимиз тарихининг энг ёрқин саҳифаларини ва ҳозирги ҳаётини, мамлакатимизнинг эркин демократик тараққиётини ёритиб берадиган асарлар яратишда ижод аҳлига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Кинематография объектлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ғоя ва мафкурага содиқлик руҳида тарбиялашда фильмларнинг ролини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кенг муҳокама қилинди. Тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда ахборот-коммуникация технологияларини изчил ривожлантириш, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ҳокимият органларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларнинг бориши, компьютер саводхонлиги бўйича ходимлар билим даражасини ошириш натижалари сингари масалалар таҳлил қилинди.
Интерактив давлат хизматлари кўрсатиш орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли дуч келаётган бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, уларни ахборот билан таъминлаш тизимини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан таҳлилий мақолалар, кўрсатувлар ва эшиттиришларни босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш юзасидан белгиланган чора-тадбирларни кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Комплекс таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда 2017 йил учун белгиланган устувор вазифалар ижросини тўла амалга ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.