ЎзА Ўзбек

11.10.2018 19:40 Чоп этиш версияси

Эришилган келишувлар икки мамлакат тараққиётига хизмат қилади

Эришилган келишувлар икки мамлакат тараққиётига хизмат қилади Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 октябрь кунлари Францияга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтарди.

Ташриф доирасида икки мамлакатнинг турли соҳаларда ҳамкорлиги ривожига хизмат қиладиган муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ушбу тарихий воқеа икки мамлакат жамоатчилиги, экспертлари ва ишбилармонларида катта қизиқиш уйғотди:

Одри Азуле, ЮНЕСКО бош директори:

– Ўзбекистон Президентининг Францияга расмий ташрифи жуда катта воқеа бўлди. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистоннинг қадимий ва бой меросини тарғиб қилувчи туризм йўналишидаги ҳамкорликнинг мустаҳкам асослари яратилмоқда. Бундан ташқари, таълим соҳасидаги шерикликнинг муҳимлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Бу борадаги ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти юксак бўлиши шубҳасиз.

Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари:

– Франция Республикаси Сенатининг Раиси Жерар Ларше парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш, хавфсизлик масалалари, минтақалараро муносабатларни мустаҳкамлашга оид қимматли фикрларни билдирди. Бу каби ташрифлар замирида кенг кўламли ҳамкорлик муносабатлари ётади. Тошкент ва Страсбург шаҳри ўртасида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ўзаро тажриба алмашишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Жаноб Ларше Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар, демократик ислоҳотлар жараёнини Францияда катта қизиқиш билан кузатаётганини таъкидлади. Франциялик сенатор Натали Гуле билан биргаликда сенаторлар гуруҳи таъсис этилди. Ўзбекистонда ҳам бундай гуруҳ бор. Бу парламентлараро ҳамкорликнинг механизми сифатида гавдаланади.

Акмал Саидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси, академик:


– Ташриф нима учун ЮНЕСКОдан бошланяпти, деган савол туғилиши аниқ. Президентимизнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида, умуман, мамлакатимиздаги изчил ислоҳотларда таълим, фан, ОАВ, маданият йўналишлари устувор аҳамият касб этади. Президентимиз таъкидлаганидек, ЮНЕСКО – Жавоҳарлал Неру айтганидек, “инсоният виждони“дир. Таълим, фан ва маданият эса эътибор қаратилаётган йўналишлардир. ЮНЕСКО Бош директори Ўзбекистондаги маданий бойликлар, архитектура ёдгорликларининг кўплиги, фан, таълим, маданият, коммуникацияга қаратилаётган эътибор бошқа давлатлар учун ўрнак бўладиган тажриба эканлигини таъкидлади. Музокаралар жуда очиқ ва самимий руҳда ўтди. Икки томон бир-бирини яхши тушуниши бу инсоният олдида турган муаммоларнинг умумийлиги билан белгиланади. Айниқса, таълимнинг терроризмга, экстремистик ғояларга қарши курашдаги роли алоҳида таъкидланди.

Арно Брюяк, “Тоталь“ компаниясининг ишлаб чиқариш ва қазиб олиш бўйича президенти:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ташриф доирасида “Ўзбекнефтгаз“ акциядорлик жамияти билан икки томонлама манфаатли шартномага эришдик. Ўйлайманки, бу ташриф икки мамлакат учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Француз ишбилармонлари ва кенг жамоатчилигида Ўзбекистондаги компаниялар билан ишлашга бўлган ишонч янада ортди.

Филипп Кноше, “Орано“ компаниясининг бош ижрочи директори:

– Компаниямиз дунёдаги энг йирик фирмалардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президенти билан учрашганимиздан хурсандмиз. Қолаверса, энергетика соҳасидаги ўз лойиҳаларимизни юртингизда амалга оширишдек шарафга муяссар бўлишимиздан мамнунмиз. Бир қатор келишувларга эришдик. Ҳамкорлигимиз самарали бўлишига ишонаман. Бунинг учун Ўзбекистонда инвесторларга барча шароит яратиб берилган. Мамлакатингиз раҳбарининг Францияга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.

Франсуа Маркуэ, “Alex“ компаниясининг халқаро савдо бўйича минтақавий директори:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янгиланиши учун муҳим қадам бўлди. Бизнес мулоқотда Франциянинг кўпгина компания ва фирмалари раҳбарлари иштирок этди. Мен уч ярим йилдан буён Ўзбекистонда яшайман. Фаолиятим икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш билан узвий боғлиқ. Ҳозирда Франциянинг бир қатор компаниялари – сув, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик бўйича Ўзбекистонда ишлашга қизиқиш билдиришган. Президентлар турли йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Эришилган келишувлардан мамнунмиз, уларнинг фаолияти Ўзбекистон ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман. Ўзбекистон бой тарих ва маданиятга эга давлат. Уни жуда ғайратли ва оқил инсон бошқармоқда. Бу тез орада катта ўзгаришлар ва ўсишга туртки бўлиши аниқ.

Алэн Пилю, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти:


– Ўзбекистон тез ривожланиб бораётган мамлакатлардан биридир. Бунда табиийки, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Ташриф доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Музокаралар давомида юртингизнинг қатор вилоятларида электр энергияси, сув ва бошқа йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди. Ўзбекистон бугун инвесторлар учун қулай майдонга айланган. Кўплаб имтиёзлар яратилмоқда. Буни чет эллик сармоядорлар ҳам яхши англаб етмоқда. Хорижий инвестициялар асосидаги лойиҳалар Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишига замин яратади. Энергетика, банк тизимини ривожлантириш бўйича ҳам лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Келаси йилнинг баҳор фаслида Ўзбекистонга боришни режалаштирмоқдамиз. Ушбу сафар давомида ҳам истиқболдаги режалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.



ЎзА
2 245