ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Электрон тўлов тизимлари ва электрон пуллар қандай тартибга солинади?

Электрон тўлов тизимлари ва электрон пуллар қандай тартибга солинади?

Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.

Айтиш жоизки, қонун тўлов хизматларини етказиб берувчи ва тўлов хизматларидан фойдаланувчи бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тўловларни амалга ошириш ҳамда тўлов хизматлари кўрсатиш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Қонуннинг амал қилиши криптоактивларга доир операцияларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонунга соҳага оид асосий тушунчалар киритилди. Жумладан, бенефициар, валюталаш санаси, идентификация воситаси, клиринг, масофавий хизмат кўрсатиш тизими, операция куни, ташаббускор, тўлов, тўлов агенти, тўлов воситаси, тўлов субагенти, тўлов ташкилоти, тўлов хизмати, тўлов хизматларининг бозори, тўлов хизматларидан фойдаланувчи, тўловчи, фармойиш, электрон пуллар каби тушунчалар қонунда акс этди ва мазмун-моҳияти очиб берилди. 

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ Марказий банк тўлов тизимларининг ишлаши устидан назоратни амалга оширади. Инспекция текширувларини ўтказади ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган тўлов тизими операторлари ва ёки тўлов ташкилотига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллайди.

Шу билан бирга, қонунда банк картасини чиқариш, ундан фойдаланилган ҳолда тўловларни амалга ошириш, банк картасидан рухсатсиз фойдаланган ҳолда бажариладиган ҳаракатлар, банк карталаридан фойдаланилган ҳолда банклараро тўловлар бўйича операцияларни амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятларига оид нормалар назарда тутилган.

Бундан ташқари, қонунда электрон пуллар тизими операторининг электрон пуллар эмитенти ва ёки электрон пуллар эгалари билан ҳамкорлиги орқали электрон пуллардан фойдаланган ҳолда тўловлар ва бошқа операциялар амалга оширилишини таъминловчи тўлов тизими электрон пуллар тизими эканлиги белгиланган.

Электрон пулларнинг эгалари сирасига бошқа жисмоний шахслардан, электрон пулларнинг эмитентидан, электрон пулларнинг тўлов тизими операторидан ёки электрон пуллар тизимининг агентидан электрон пулларни олган жисмоний шахслар киради.

Электрон пуллар тизимининг агентлари – электрон пуллар эмитенти ёки электрон пуллар тизимининг оператори билан тузилган шартнома асосида электрон пулларни олиш ва жисмоний шахсларга реализация қилиш операцияларини амалга оширувчи банклар ёки тўлов агентларидир.

Шунингдек, қонунда топшириқнома ёки талабнома шаклидаги фармойишни тақдим этиш, фармойишни бажариш ва уни бажариш муддати, валюталаштириш санасига эга бўлган фармойишни бажариш, тўловчида фармойишни бажариш учун зарур бўлган пул маблағлари суммаси мавжуд бўлмаганда ёки етарли бўлмаганда фармойишни бажариш тартиби таърифланган.

Хулоса қилиб айтганда, қонун тўловлар ва тўлов тизимлари соҳасида ягона ахборот ва ҳуқуқий макон яратилишини таъминлайди. Марказий банк томонидан тўлов хизматлари бозори самарали тартибга солинишининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Қолаверса, электрон пуллар соҳасидаги муносабатларни ва электрон пуллар тизими иштирокчилари фаолиятини тартибга солиш бўйича чоралар кўрилишига кўмаклашиш бўйича ҳуқуқий асослар яратилди. 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 2 ноябрда матбуотда эълон қилинган мазкур қонун орадан уч ой ўтгач кучга киради. 

Одилжон ИМИНОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

3 154
ЎзА