Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.10.2012 19:40 Чоп этиш версияси

Дўстлик тамойилларига асосланган алоқалар

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 20 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар Жиззах ва Самарқанд вилоятларида давом этди.

Жиззах шаҳрида Корея қишлоқ хўжалик техникаси кўргазмаси бўлиб ўтди. Маҳаллий тадбиркор ва фермерлар, кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхоналар вакиллари қатнашган тадбирда Жанубий Кореядаги етакчи компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган замонавий техника ва технологиялар, уларнинг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Кўргазма доирасида Корея Республикасининг қишлоқ хўжалик техникасини ишлаб чиқариш ва уни қўллашга бағишланган конференция ҳам ўтказилди. Анжуманда юртимиз ҳамда кореялик мутахассислар иссиқхонада мева-сабзавот етиштириш, ҳосилни қадоқлаш ва экспорт қилиш, гулчилик соҳасида бизнес юритиш, қишлоқ хўжалик ускуналаридан фойдаланиш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар.

Самарқанд шаҳрида икки мамлакат тарихини ўрганишга бағишланган семинарда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари маданий-гуманитар соҳаларда ҳам изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Бу эса икки мамлакат тарихи, маданиятини ўрганиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биргаликда илмий изланишлар олиб боришга хизмат қилмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон ва Жанубий Корея тарихчи олимлари ва ёш тадқиқотчиларининг ўзбек ва корейс давлатчилик тарихи, икки мамлакатдаги тарихий-меъморий обидалар, илмий-маърифий алоқаларга оид маърузалари тингланди. Биргаликда олиб борилаётган археологик тадқиқот ва илмий изланишлар кўламини кенгайтириш лозимлиги таъкидланди.

Жиззах ва Самарқанд шаҳарларидаги кинотеатрларда Корея Республикасининг мамлакатимизда давом этаётган кинофестивали доирасида кореялик киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Марафончи”, “Бугун”, “Буюк ошпаз”, “Ҳаётимиздаги энг яхши лаҳзалар” фильмлари намойиш этилди. Корейс халқи турмуш тарзи ва маданияти, ёшлар ҳаёти тасвирланган мазкур фильмлар томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Кореялик меҳмонлар Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги диққатга сазовор жойларни бориб кўрдилар, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.


ЎзА, Т.Бекназаров, Ғ.Ҳасанов
8 621