ЎзА Ўзбек

16.11.2012 22:34 Чоп этиш версияси

Депутатлар 2013 йилги Давлат бюджетини қабул қилдилар

2012 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Бош вазир ва ҳукумат аъзолари иштирок этдилар. Мажлисда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, 2013 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 19 январида республика ҳукуматининг мажлисида белгилаб берилган 2012 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликларини тизимли ва аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда рўёбга чиқариш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга эришишни ва Давлат бюджети параметрларини муваффақиятли бажаришни таъминлайди. Беш асосий тамойил моҳиятидан келиб чиққан чора-тадбирларни амалга ошириш нафақат давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларига барҳам бериш, балки сўнгги йиллар давомида Давлат бюджети профицит билан ижро этилишини таъминлаш имконини ҳам берди. Бу ҳол республикамизда ўтказилаётган солиқ ва бюджет сиёсати самарадорлигининг, мамлакат тўлов баланси ҳолати барқарорлигининг энг муҳим кўрсаткичларидан биридир.

Макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозида, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджетининг лойиҳасида иқтисодиёт ривожланишининг юқори ва барқарор суръатлари, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳа тармоқларини изчил ривожлантириш, иш ҳақи миқдорларини илдам ошириб бориш ва манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш белгиланган.

Мажлисда сўзга чиққан депутатлар таъкидладиларки, 2013 йилда ялпи ички маҳсулот 8 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари 8,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6 фоизга, капитал қўйилмалар 9,3 фоизга ўсиши тахмин қилинаётганлиги, шунингдек, мазкур кўрсаткичларнинг ўсиш суръатлари 2012 йил якунлари бўйича юқори бўлиши кутилаётганлиги 2013 йилги бюджет параметрларини шакллантириш учун асос бўлди. 2013 йилда солиқ-бюджет сиёсати бўйича ўтказиш таклиф этилган тадбирларни рўёбга чиқариш натижасида Давлат бюджетининг даромадлари ЯИМга нисбатан 21,3 фоизни, харажатлари эса 22,3 фоизни ташкил этади. Давлат бюджети тақчиллиги ЯИМ ҳажмига нисбатан 1 фоиз миқдорида бўлиши назарда тутилган.

Муҳокама чоғида солиқ ва бюджет сиёсати солиқ юкини янада камайтиришга, инвестиция ва ишчанлик муҳитини яхшилашга, иқтисодиётни модернизациялашни рағбатлантиришга, хўжалик юритувчи субъектларни, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга, шунингдек, макроиқтисодий мутаносибликни ва аҳоли турмуш фаровонлиги ўсишини таъминлашга қаратилганлиги қайд этиб ўтилди.

Солиқ сиёсати концепциясида назарда тутилган чора-тадбирларни муваффақиятли рўёбга чиқариш келгуси йилда мамлакат иқтисодиёти зиммасига тушадиган солиқ юкини ЯИМга нисбатан 0,3 фоиз қисқаришини таъминлайди. Солиқ юкини янада қисқартириш чора-тадбирларидан бири сифатида жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган энг кам солиқ ставкасини биринчи шкала бўйича 9 фоиздан 8 фоизга камайтириш таклиф этилди, бу эса жисмоний шахслар тасарруфида 186 миллиард сўм қолиши имконини беради.

Депутатлар юридик шахсларнинг номоддий активлари (патентлар, лицензиялар, дастурий таъминот, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқалар) бўлган мол-мулки солиқ солиш объектидан чиқарилиши корхоналар фаолиятига инновацияларни кенг жорий этиш учун яна бир рағбатлантирувчи омил сифатида хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Мажлисда харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги, аҳолининг даромадлари ва турмуш фаровонлиги даражасини ошириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, фаол инвестиция сиёсатини ривожлантириш 2013 йилга мўлжалланган бюджет сиёсати ва Давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари эканлигича қолганлиги таъкидлаб ўтилди. Бинобарин, Давлат бюджетининг лойиҳасида ижтимоий соҳани молиялаштиришга жами харажатларнинг 59 фоизидан кўпи сарфланиши назарда тутилган.

Давлат бюджетининг харажатларида 130 ўринга мўлжалланган 3 та юқумли касалликлар шифохонаси, 400 ўринга мўлжалланган 5 та сил касалликлари санаторийси, шунингдек, 5800 нафар шифокор ҳузурига келувчини ва 7600 нафар беморни қабул қила оладиган 54 та туман тиббиёт муассасаси қуриш ва уларни реконструкция қилиш белгиланган. Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ҳисобига молиялаштириладиган “Саломатлик-3” лойиҳасини амалга ошириш доирасида 150 та туман марказий шифохонасини 96 турдаги ҳозирги замон асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш режалаштирилган.

313 та умумтаълим мактаби, 228 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежи Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бюджетдан ташқари фонди маблағлари ҳисобидан капитал таъмирланади ва реконструкция қилинади. 1500 тадан ортиқ умумтаълим муассасаси ҳамда 700 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ҳозирги замон ўқув жиҳозлари, компьютерлар ва ўқув лабораториялари билан таъминланади. 54 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, шунингдек, 137 та спорт зали ва 25 та болалар спорти объекти қуриш, уларни капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

Иқтисодиётни молиявий қўллаб-қувватлаш учун 2,8 триллион сўм ажратиш назарда тутилмоқда. Бу эса жорий йилнинг тасдиқланган параметрларига нисбатан 22 фоизга кўп. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни сув ресурслари билан ўз вақтида ва тўлиқ таъминлашга 1,4 триллион сўм сарфлаш мўлжалланган. Бундан ташқари, мелиорация шохобчаларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тозалаш дастури доирасида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш фонди маблағлари ҳисобидан мелиоратив ишлар амалга оширилади. Натижада 300 минг гектар экин майдонининг ҳолати яхшиланади, бу ишларга 227 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.

Ирригация иншоотларини реконструкция қилишга, қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш ва республикадаги аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасини яхшилашга жорий йилдагига нисбатан 23 фоиз кўп марказлашган инвестиция йўналтирилган.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини таъмирлашга жорий йилнинг тасдиқланган параметрларига нисбатан 1,69 марта кўп харажат қилинади. Республика йўл фонди маблағлари ҳисобидан халқаро ва республика аҳамиятига молик автомобиль йўлларининг сифатини яхшилашга 661 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Энг замонавий мезонларга мос келадиган бир қатор кўприк ва йўл ўтказгичлар, 526 километр узунликдаги автомобиль йўллари қуриш режалаштирилган.

Қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилаш учун Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қуриш дастурини рўёбга чиқариш доирасида 326 та қишлоқ массивларида 8510 та замонавий уйлар қуришни таъминлаш учун 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлаш назарда тутилган.

Аҳолини, айниқса, қишлоқ жойлардаги аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилашга 2012 йилнинг тасдиқланган параметрларига нисбатан 2 марта кўп маблағ сарфлаш, 654 километр масофада сув қувурлари ўтказиш режалаштирилган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар 2013 йилги Давлат бюджети лойиҳаси юзасидан ўз нуқтаи назарини билдириб, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, иқтисодиёт зиммасидаги солиқ юкини эса камайтириш муҳимлигини таъкидладилар. ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ўз чиқишларида иқтисодиётни янада либераллаштиришга, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга оид қонунчилик базасини мустаҳкамлашга қаратилган йўлни маъқулладилар. Президентнинг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида фермерликни янада ривожлантириш учун белгиланган янги имкониятларни амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрига кўра, 2013 йилги Давлат бюджети лойиҳасида аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилган, ажратилаётган кўп миқдордаги бюджет маблағлари эса иш ҳақи, стипендиялар, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини янада ошириш йўли билан аҳоли фаровонлигини изчил яхшилаб боришга йўналтирилган. Бундан ташқари, ЎзХДПдан сайланган депутатлар Давлат бюджети, унинг барча параметрлари белгиланган муддатларда сўзсиз ижро этилиши устидан парламент ва депутатлар назоратини янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар. Бу барча бўғинлардаги ҳокимият вакиллик органлари депутатларининг жуда муҳим вазифасидир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси вакиллари мамлакатимиздаги экспорт учун маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини, бу эса миллий иқтисодиётнинг ривожланишини таъминлашини ҳамда қўшимча иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлишини таъкидладилар. Барча хўжалик юритувчи субъектлар учун божхона тўловлари бўйича тенг шарт-шароитлар ва рақобат муҳитини яратиш мақсадида мол-мулк олиб кириш чоғида унга солиқ солишнинг ягона тартиби жорий қилинганлиги, чет эл инвестицияларига эга бўлган янги ташкил этиладиган корхоналар бундан мустасно эканлиги ва уларга ташкил топган пайтидан бошлаб 2 йил муддатга имтиёз берилиши ҳам мамнуният билан таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси депутатларининг фикрига кўра, мамлакатимиз иқтисодиётини бундан буён ҳам барқарор ривожлантириш кўп жиҳатдан фан-техника ва инновацион технологияларни муттасил ривожлантириб боришга боғлиқ. Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети лойиҳасида давлат илмий-техника дастурлари доирасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширувчи илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотларининг илмий, технологик ва лаборатория асбоб-ускуналарини модернизация қилишга мўлжалланган харажатларни ошириш назарда тутилган.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар 2013 йилги Давлат бюджети лойиҳасини маъқуллаб, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ҳамда аҳолини сифатли ичимлик суви, экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш борасидаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар. Уларнинг фикрига кўра, жойларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш жараёнида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни ифлослантиришни истисно этувчи замонавий технологияларни жорий этишни ҳам унутмаслик лозим.

Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджетини маъқуллаб ва тасдиқлаб, тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси ахборот хизмати


10 169