ЎзА Ўзбек

23.11.2012 20:51 Чоп этиш версияси

Депутатлар 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш дастурини тасдиқладилар

23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши таклиф этган кун тартиби тасдиқланганидан сўнг депутатлар 2013 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасини муҳокама қилдилар. Ушбу масала юзасидан меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.Ҳаитов маъруза қилди.

Маърузачи шуни таъкидладики, 2013 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган. Ушбу Дастурнинг асосий мақсади ҳудудлар ҳамда ишлаб чиқариш тармоқларининг иқтисодий салоҳиятидан тўлиқроқ фойдаланиш, нуфус ўзгаришлари таъсирини ва иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иш билан таъминлашнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш йўли билан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ва ўзаро бир-бири билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишдан иборатдир.

Дастур Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил ноябрь ойида ўтказилган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини, 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурини ҳамда меҳнат бозорининг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган. Дастур ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, биринчи навбатда кўп болали аёллар, ногиронларни, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш, уларни касбга қайта тайёрлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш борасида фаол ва аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга доир тармоқ дастурларини ҳисобга олган ҳолда вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилган.

Келгуси йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг асосий прогноз параметрлари ва йўналишлари – ҳудудлар ҳамда иқтисодиёт тармоқларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, алоҳида тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг маҳаллий ҳамда махсус дастурлари билан уйғунлаштирилганлиги алоҳида таъкидланди.

2013 йилда 972,7 мингта янги иш ўринларини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Бу иш ўринлари янги йирик саноат объектларини ишга тушириш, ишлаб турган корхоналарни реконструкция қилиш ва кенгайтириш, кичик бизнес, хусусий ва оилавий тадбиркорликни, хизмат кўрсатиш ҳамда сервис соҳаларини ривожлантиришни бундан буён ҳам рағбатлантириш, касаначилик имкониятларини, шу жумладан, йирик корхоналар билан кооперациялашган касаначилик имкониятларини кучайтириш ҳисобига ташкил этилади. Касаначилик соҳасида иш ўринларининг катта қисми анъанавий равишда миллий ҳунармандчилик марказлари ҳисобланиб келинадиган минтақалар – Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро вилоятларида ташкил этилади.

Ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа етарли даражада ривожланмаган, ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган тоғли, чегара ҳудудларда жойлашган 28 та олис туманга алоҳида эътибор берилади. 2013 йилда бу ҳудудларда камида 126 мингта янги иш ўрни ёки 2012 йилдагидан беш фоиз кўп иш ўрни ташкил этиш назарда тутилмоқда. Келгуси йилги Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган тоифаларини ишга жойлаштириш яна бир устувор йўналишлардан биридир. Дастур доирасида ногиронларни ҳамда меҳнат бозорида қийинчиликка дуч келаётган бошқа шахсларни ишга жойлаштириш учун камида 100 мингта иш ўрнини захиралаш (квоталаш) белгиланган. Таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг муҳим йўналишларидан биридир. 2013 йилда бўш ва захирадаги иш ўринлари ҳисобига касб-ҳунар коллежларининг 500 мингдан зиёд битирувчиларини ишга жойлаштириш белгиланган. Шу мақсадда “коллеж – корхона” тизими бўйича коллежларга иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги 90 мингдан зиёд корхона ва ташкилот бириктириб қўйилади, битирувчиларнинг иш ахтаришлари вақтини қисқартириш учун эса барча йирик шаҳарлар ва туманларда камида 900 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилади. Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан коллежлар ва олий ўқув юртларининг битирувчиларига уларнинг ўз тадбиркорлик ишини ташкил этиши ҳамда йўлга қўйиши учун имтиёзли микрокредитлар ажратиш тажрибаси давом эттирилади.

2013 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасининг батафсил муҳокамасида барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар.

Ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар 2013 йилда ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлар бериш билан қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар. Чунончи, тижорат банклари томонидан ана шу мақсадлар учун 5,1 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратиш кўзда тутилмоқда. Бунда имтиёзли кредит маблағлари асосан меҳнат бозорида вазият кескин бўлган олис қишлоқ туманлари ва ҳудудларида иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи лойиҳаларни молиялаштиришга йўлланади. Депутатлар 2013 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фуқароларнинг ишбилармонлик фаоллигини бундан буён ҳам рағбатлантиришни назарда тутишини қониқиш билан таъкидладилар. Шунингдек, улар паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда сақлашга, иссиқхона хўжаликларини ташкил этишга ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ва кенгайтириш режалаштирилаётганлигини ҳам қўллаб-қувватладилар.

Ўзбекистон Халқ-демократик партияси фракцияси аъзолари мазкур дастурнинг ишлаб чиқилиши ва бажарилиши аҳоли турмушини яхшилашнинг асосий омилларидан бири эканлигини таъкидладилар. Шу туфайли ҳам ЎзХДП фракцияси ушбу дастурнинг ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги ва партия электоратининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳани ҳар томонлама чуқур ва батафсил кўриб чиқишга катта эътибор қаратди. Ўзбекистон Халқ-демократик партияси Қонунчилик палатасидаги ва маҳаллий Кенгашлардаги ўз депутатларининг ушбу дастурни бажариш ишидаги иштирокини янада кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Шу нарса таъкидландики, дастур ижро этилишининг ҳар ойдаги якунлари бўйича ушбу масалани туман, шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги доимий асосда иш олиб борувчи ишчи комиссияларининг мажлисларида танқидий нуқтаи-назардан кўриб чиқиш, шунингдек, жойлардаги мавжуд муаммолар ва камчиликлар зудлик билан бартараф этилишини таъминлаш устидан доимий равишда депутатлар назоратини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир. Бунда манзилли рўйхатларга киритилган корхоналарга бинолар, ер ва кредит ажратиш, уларни хом-ашё билан таъминлаш ҳамда коммуникация тармоқларига улаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш керак.

Коллежларни битирувчиларнинг ижтимоий ҳимояланганлигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишга жойлаштирилишини кафолатлашга доир қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, шунингдек, Дастурнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг асосий прогноз кўрсаткичлари ва йўналишлари ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир махсус дастурлар, инвестиция, маҳаллийлаштириш дастурлари билан узвий боғлиқ эканлиги таъкидланди. Депутатлар 2011-2015 йилларда саноатни ривожлантириш дастурини, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда инвестиция дастурларини амалга ошириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этиш йўлини қўллаб-қувватладилар, бунда янги ташкил этилаётган иш ўринлари барқарорлиги ва юқори ҳақ тўланадиган бўлиши лозимлигига эътиборни қаратдилар. Кўпроқ Ватанимиздаги товар ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш муҳимлиги ҳамда қишлоқ хўжалигини, хизматлар соҳасини, шаҳарда ва қишлоқ жойларида замонавий инфратузилмани ривожлантириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

“Миллий тикланиш” Демократик партияси фракцияси вакиллари касаначилик, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни, кўп асрлик анъаналарга эга бўлган халқ ҳунармандчилигини жадал ривожлантириш ҳисобига ҳам янги иш ўринлари ташкил этиш зарурлигига эътиборни қаратдилар. Уларнинг фикрига кўра, аёллар ва ёшларни, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган кишиларни касаначиликнинг анъанавий турларига фаол жалб этиш жуда муҳимдир. Фракция аъзолари шуни таъкидладиларки, катта имтиёзлар ва преференциялар, касаначиларнинг буюртмалари, асбоб-ускуналари, хом-ашёси, асбоблари ва инвентарлари учун жорий этилган имтиёзли шарт-шароитлар, уларнинг уйдаги ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатларини қоплаш мамлакатимизда касаначиликнинг турли йўналишларини ривожлантиришга хизмат қилади. “Миллий тикланиш” ДП фракцияси вакиллари корхоналар ва коллежлар ўртасидаги ҳамкорликни бундан буён ҳам кучайтириш, коллежларнинг битирувчилари корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ҳамда кейинчалик уларнинг ушбу корхоналарга ишга жойлаштирилиши учун мунтазам иш олиб борилишига кўмаклашиш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, депутатлар мамлакатимиздаги касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларида туризм, ҳунармандчилик, тадбиркорлик соҳасида ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, бу ишни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Марказий банкнинг фаол иштирокида олиб боришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни белгилаш зарур, деб ҳисоблайдилар.

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари 2013 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури иш ўринларига талаб юқори бўлган минтақаларда, чунончи, Фарғона, Тошкент, Қашқадарё, Наманган, Навоий вилоятларида ва Тошкент шаҳрида иш ўринларини кўпайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, фракция аъзолари аввало қишлоқ жойларида бўш ва янгидан ташкил этилган иш ўринларига хотин-қизларни, шунингдек, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш зарурлигини, қонун ҳужжатларида ҳам фуқароларнинг ушбу тоифалари учун бир қатор имтиёзлар кўзда тутилганлигини таъкидлаб ўтдилар. “Адолат” СДП фракцияси инновация технологиялари соҳасини ривожлантириш ҳисобига ҳам янги иш ўринлари сонини ошириш лозимлигини таъкидлади. Фракция аъзолари 2013 йилда ёшларни касбга қайта тайёрлаш борасидаги ишларни давом эттириш лозим, деб ҳисоблайдилар. Улар Дастурнинг асосий параметрларини қўллаб-қувватладилар ва унинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилишига ишонч билдирдилар.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар олий ўқув юртларининг битирувчилари учун янги иш ўринлари ташкил этиш ҳисобига мамлакатимизда юқори интеллектуал салоҳиятга бўлган талабни кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар. Улар мамлакатимизда ташкил этилаётган иш ўринларининг барқарорлигини сақлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар аҳоли пунктларини ободонлаштириш, одамларни сифатли ичимлик суви, экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги ишларни кенгайтириш имконияти мавжудлигига, бунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатнинг ифлосланишини истисно этувчи замонавий техника ва технологияларни жорий этиш муҳимлигига ҳам эътиборни қаратдилар. Шунингдек, улар янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолининг бандлиги масалаларини амалда ҳал этиш учун масъулият аввало давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви маҳаллий органларининг, ишлаб чиқариш корхоналари ва бизнес тузилмаларининг раҳбарлари зиммасида бўлишини таъкидладилар. Депутатлар мамлакатимиздаги мавжуд табиий салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда экотуризмни янада ривожлантириш ва бу соҳада янги иш ўринлари ташкил этиш муҳимлигини таъкидладилар. Янги иш ўринлари ташкил этиш чоғида жойнинг жуғрофий жиҳатдан ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш, маҳаллий корхоналар салоҳиятидан фойдаланиш зарурлигига, шунингдек, янги ташкил этилаётган иш ўринлари экологик муҳитга, аҳоли соғлиғига хавф туғдирмаслиги муҳимлигига эътибор қаратилди. Депутатлар, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этиш чоғида “яшил энергетика” масалаларини ҳисобга олиш, яъни қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар. Бунда илгари ташкил этилган иш ўринларини сақлаб қолиш ва иш ўринларининг барқарорлигига ҳам эътибор қаратилди.

Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2013 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тасдиқлади ҳамда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўз ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси ахборот хизмати


11 229