ЎзА Ўзбек

29.10.2012 12:49 Чоп этиш версияси

Демократик тараққиётимизнинг ҳуқуқий асоси

Халқимиз яна бир улуғ байрам – мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 20 йиллигини кенг нишонлашга катта ҳозирлик кўрмоқда. Чунки ўзини шу давлат ва миллатга дахлдор ҳисоблаган инсон борки, Асосий қонунимизни ўз ҳаётининг ажралмас ва муҳим қисми деб билади.

Конституциямиз Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида ўтган йиллар давомида мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида амалга оширилаётган туб ўзгаришларда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Ниғматилла Йўлдошев билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирининг суҳбати мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, эл-юртимиз тараққиёти ва фаровонлигини янада юксалтиришда Асосий қонунимизнинг тутган ўрни ва аҳамияти, бу жараёнда адлия органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида бўлди.

– Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз иродаси, руҳияти, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида акс эттирган Асосий қонунимиздир, – дейди Н.Йўлдошев. – Халқимиз кўп асрлик тарихи давомида ўз миллий конституциявий мактабини яратган. Бу борада Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарини эслаш ўринли. Асосий қонунимиз муқаддимасида ҳам Ўзбекистон халқи ўз Конституциясини қабул қилишда ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий-ҳуқуқий тажрибасига таяниши, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаши, демократия ҳамда ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиши алоҳида таъкидланган.

Мустақилликнинг илк йилларида – мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида туб бурилиш жараёни кечаётган мураккаб шароитда барча муносабатларни қамраб олган, халқона тил ва қарашларга эга бундай пишиқ-пухта Конституцияни яратиш ва қабул қилиш осон иш эмас эди. Уни яратишда бой миллий ҳуқуқий ва мерос анъаналардан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳужжатларига, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига, халқаро ҳуқуқнинг барча эътироф этилган қоидаларига қатъий амал қилинди. Яна бир муҳим жиҳати – Конституция матнини тайёрлашда хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаси ҳам атрофлича ўрганилди.

– Конституциямизнинг халқимиз ҳаёти, мамлакатимиз тараққиёти учун энг муҳим янгилиги қайси жиҳатларда ўз ифодасини топган?

– Ўзбекистон Конституцияси туб моҳияти, фалсафаси ва мақсадига кўра, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари давлат манфаатларидан устун, деган ҳаётбахш умуминсоний ғояни ўзида мужассам этган. Шу асосда унда “фуқаро – жамият – давлат” муносабатларининг оқилона ҳуқуқий ечими кўрсатилган. Буларнинг барчаси собиқ тузум давридаги “давлатга ва ягона мафкурага қарамлик”, “барча нарса давлатники”, “давлат манфаати – халқ манфаати” деган қарашлардан мутлақо фарқли, янги демократик конституциявий тузум ўрнатилгани ва кучли адолатли фуқаролик жамияти барпо этилаётганидан далолатдир.

Конституциямиз асосини давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг машҳур беш тамойилини ўз ичига олган “ўзбек модели” ташкил этади. Уларга кўра, мамлакатимизда иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги ва қонун устуворлиги таъминланди, кучли ижтимоий сиёсат олиб борилмоқда, барча ислоҳотлар босқичма-босқич, изчил амалга оширилаётир.

Мамлакатимизда барқарор сиёсий тизим, профессионал асосда фаолият кўрсатадиган икки палатали парламент ташкил этилди. Истиқлол йилларида мамлакатимиз парламенти 7 конституциявий қонун, 15 кодекс, 600 дан зиёд қонунни қабул қилди, 200 дан ортиқ кўп томонлама халқаро шартномани ратификация қилди ва шу тариқа Асосий қонунимизни амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизми ташкил этилди.

Конституциямизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига доир асосий принципларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани уларнинг ривожланиши учун зарурий ҳуқуқий шароит яратди. Ҳозир мамлакатимизда 6 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти шу асосда эркин фаолият юритмоқда.

Кўплаб ривожланган давлатларнинг конституциявий тажрибасидан маълумки, Конституция қоидаларининг ҳаётга чуқур сингиши ва юксак самара бериши ўнлаб йилларни тақозо этади. Халқимиз эса бундай муваффақиятга тарихан қисқа вақт – йигирма йил ичида эришди, бу мисли кўрилмаган улкан ютуқдир.

Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўли нақадар тўғри ва ҳаётий эканини ҳаётнинг ўзи исботлади. Айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида унинг тасдиғи янада ёрқинроқ намоён бўлди. Хусусан, Халқаро валюта жамғармасининг ўтган йилги баҳолаш миссияси баёнотида таъкидланганидек, кейинги беш йилда мамлакатимизда ўсиш суръатлари ўртача 8,5 фоизни ташкил этди, бу Марказий Осиёдаги ўртача ўсиш кўрсаткичидан анча юқоридир.

Собиқ тузум даврида мамлакатимиз иқтисодиёти фақат хомашё етиштиришга йўналтирилган бўлса, истиқлол йилларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги ўн йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши 24,1 фоизга, экспорт ҳажми 4,6 баробар ошди.

Мамлакатимизда болалар ва оналар ўлими кескин камайиб, аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси 75 ёшгача етди. Пойтахтимизда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари истиқболларига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманларда Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари кўплаб давлатлар учун намуна бўлиши таъкидланди.

Судларнинг ихтисослашуви, уларнинг мустақиллиги таъминланмоқда. Адлия вазирлиги ҳузурида махсус ваколатли тузилма – Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш департаменти ташкил этилгани ва фаолияти такомиллаштирилгани ҳам бу борадаги изчил ишлардан. Одил судлов самарадорлиги ошмоқда. Дастлабки терговда суд назоратини кучайтириш, суд ишининг барча босқичида ўзаро тортишув бўлиши таъминланмоқда.

Миллий менталитетимизга мос ярашув институти жорий этилгани инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш ва унинг манфаатларини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Бу халқимизга хос бағрикенглик ва кечиримлилик ифодасидир.

2008 йилдан мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши халқаро ҳамжамиятнинг катта эътирофига сазовор бўлди.

Қонунларни халқаро нормалар ва андозаларга мувофиқлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган муассасаларнинг яхлит тизимини барпо этиш механизми яратилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 июлдаги қарори билан Адлия вазирлигида “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи” тузилди. Асосий вазифа – инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигини кенгайтириш, шунингдек, инсон ҳуқуқларига оид халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ҳаётга татбиқ этишдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий қўмиталарининг тавсиялари юзасидан ўнта миллий ҳаракат режаси тасдиқланиб, уларнинг ижроси мониторинг қилиб борилмоқда.

– Қонун ижодкорлиги мунтазам давом этадиган жараён бўлиб, тараққиёт шиддати унинг олдига янги-янги вазифалар қўяди. Вазирликнинг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Давлатимиз раҳбари томонидан баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Конституция нормалари ва демократик ислоҳотларни мантиқий давом эттиришнинг пухта ўйланган стратегиясидир.

Конституциямизнинг 16-моддасида бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги белгиланган. Бу борада “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири тайёрланди. Ушбу қонун қонунийлик, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунларни яратишда тўпланган миллий юридик тажриба ва халқаро хорижий тажрибани ўрганишга, мамлакатимиз ва халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган жиҳатларидан ижодий фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Адлия вазирлиги нафақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, балки уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқади, давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норма ижодкорлиги масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради, уларга услубий раҳбарлик қилади.

Жорий йилнинг ўтган даврида вазирлик томонидан ишлаб чиқилган 31 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 8 таси қонун лойиҳаларидир. “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири, “Мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жиноий жазо жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳалари шулар жумласидандир.

Вазирлик тизимида ташкил этилган Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан қисқа вақт мобайнида 37 давлат органи тизими фаолияти ўрганилди. Бунинг натижасида бир қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, мансабдор шахслардан 93 нафари маъмурий, 882 нафари интизомий жавобгарликка тортилди, улардан 29 нафари лавозимидан озод этилди.

– Бугун мамлакатимизда адлия органлари тадбиркор ҳимоячиси, шартнома муносабатлари ташкилотчиси сифатида ҳам эътибор қозонмоқда. Бу борадаги ишлар кўлами ва самаралари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

– Мустақиллик туфайли халқимизга берилган энг катта конституциявий ҳуқуқлардан бири – тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш эркинлигидир. Собиқ тузум даврида шахсий тегирмони ё тўрт-бешта қорамоли бор одам ҳам “қулоқ” қилинган бўлса, ҳозир Конституциямизда ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги кафолатланган.

Бошқача айтганда, Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган мақсад, принцип ва қоидаларни амалга ошириш учун кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини изчил ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилиб, эркин ишбилармонлик муҳити яратилди. Бунинг самарасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан 54 фоизга кўпайди, бугун иқтисодиёт тармоқларида меҳнат билан банд аҳолининг 75,1 фоиздан кўпроғи мазкур соҳада меҳнат қилаётир. Ҳозир ялпи ички маҳсулотнинг 82,5 фоизи, саноат маҳсулотининг 91 фоизи ва қишлоқ хўжалигининг деярли барча маҳсулоти нодавлат секторда ишлаб чиқарилмоқда. Аҳолининг реал даромадлари 2011 йилда 23,1 фоизга ортди, ушбу даромаднинг 47 фоизи тадбиркорлик фаолиятидан олинмоқда.

2012 йилда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинганлиги тадбиркорлик фаолиятининг кафолатлар доирасини янада кенгайтирди.

Президентимизнинг жорий йил июль ойида қабул қилинган “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжатларга кўра, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш тизими янада енгиллаштирилиб, тақдим этиладиган ҳисобот тизими соддалаштирилди ва уни ноқонуний талаб этганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилди.

Тадбиркор фаолиятига ноқонуний аралашув, ноқонуний қарорлар қабул қилиш каби ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида адлия ҳамда прокуратура органларида алоҳида ишонч телефонлари жорий этилгани соҳа ривожида муҳим омил бўлаётир. Бундан ташқари, вазирлигимиз веб-сайтида алоҳида “Тадбиркор мурожаати” саҳифаси яратилган.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мазкур соҳа вакиллари учун яратилган кенг имкониятлар, шарт-шароитлар ва қисқа даврда халқимиз эришган ютуқларга жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро анжуман иштирокчилари юксак баҳо берганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Яна бир муҳим масала: Бугун қайси бир фермер ёки деҳқон билан суҳбатлашманг, қишлоқ хўжалигида эришилаётган улкан ютуқлар замирида, аввало, соҳада янгича иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатлар жорий этилгани, қонунчилик базаси мустаҳкамлангани, қонунлар ижроси изчил таъминланаётганини таъкидлайди. Зеро, қишлоқда янги мулкий муносабатларни шакллантириш ва мустаҳкамлашда, фермерлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда ҳам Конституциямизда белгиланган нормалар муҳим омил бўлмоқда.

Жорий йилнинг 9 ойида адлия органлари томонидан фермер хўжаликлари манфаатини кўзлаб, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан 446 огоҳнома ва 951 тақдимнома киритилди. Натижада шартнома тарафларидан 37 миллиард сўм маблағнинг фермер хўжаликларига қайтарилиши таъминланди. Шунингдек, фермер хўжаликлари манфаатларини кўзлаб, 17 миллиард сўмлик 6 мингга яқин даъво аризалари судларга киритилди.

– Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оила муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Конституциямизда оилавий муносабатларга алоҳида боб бағишланган ва оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгилаб қўйилган. Уларда оила, оналик ва болалик жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши кафолатлангани, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар эса ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари белгилангани – мамлакатимизда оила қонунчилиги халқимизнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилганидан далолат.

Конституциямиз асосида қабул қилинган Оила кодексида биринчи марта никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, оилавий муносабатларда миллий урф-одатларнинг қўлланилиши, қон-қариндошлик, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент тўлаш тўғрисидаги мажбуриятлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби қатор муҳим қоидалар ўз ифодасини топган.

Мустаҳкам оила йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Жумладан, “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурига биноан маҳалла идораларининг оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишдаги ваколатлари кенгайтирилди.

Шунингдек, оилавий муносабатлар билан боғлиқ бўлган туғилиш, никоҳ ва никоҳдан ажралиш каби фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш – ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олиб, кейинги йилларда ушбу соҳа фаолиятини такомиллаштириш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бу борада фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишнинг ягона электрон архивини ишга тушириш режалаштирилган. ФҲДЁ органлари қошидаги “Ёш оила қурувчилар мактаби” машғулотлари замон талабларига мос ташкил этилмоқда.

– Жамиятда қонун устуворлигига эришиш учун фуқаролар ўзларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини нафақат билиши, айни пайтда уларни ҳимоя қила олиши ҳам лозим. Бунда ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим ривожи муҳим ўрин тутади. Халқимизнинг ҳуқуқий онги, дунёқараши ва тафаккурининг юксалаётгани қайси жиҳатларда ўз ифодасини топмоқда?

– Халқимиз, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ҳуқуқий тарбияни янада яхшилаш – давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан. Юртбошимиз таъкидлаганидек, юксак ҳуқуқий маданият демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратилиб, шу мақсадга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси Ўзбекистон Адлия вазирлигига юклатилди. Шу мақсадда “Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш юзасидан идоралараро кенгаш” ташкил этилди.

Айни пайтда давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида амалга оширган ишлари таҳлил қилиниб борилмоқда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, тарғибот ва маърифат соҳасида ишни тўғри ташкил қилиш борасида кўрсатма ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Адлия органлари ва муассасалари томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида аҳоли ва ёшлар билан учрашув, конференция, мунозара ва давра суҳбатлари замон талабларига мос ташкил этилмоқда.

Ҳуқуқий ахборотни интернет тармоғи орқали етказиб бериш амалиёти кенг йўлга қўйилди. Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг миллий базаси” – “LexUZ”нинг яратилгани аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиб бериш борасидаги ишларни янада жонлантирди. Ўзбек ва рус тилларидаги 25 мингга яқин ҳужжат жамланган ушбу базадан фуқаролар бепул фойдаланмоқда.

Президентимизнинг 2001 йил 4 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши бу жараённи янада фаоллаштиришга хизмат қилаётир. Ушбу ҳужжатга асосан таълимнинг барча босқичида Конституцияни ўқитиш бўйича ўқув машғулотлари жорий этилди.

Конституциямиз барқарор иқтисодиёт, эркин ва фаровон ҳаётга эга, жаҳонда ҳурмат-эътибор қозонган, ўзи танлаган тараққиёт йўлидан изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон Республикасининг Асосий қонунидир. Бундай мукаммал ҳуқуқий асосга эга халқимиз барча соҳаларда янада улкан муваффақиятларни қўлга киритаверади.


ЎзА, Умид Ёқубов
12 858