ЎзА Ўзбек

05.11.2012 17:34 Чоп этиш версияси

Буюк Британия делегациясининг учрашувлари

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Буюк Британия парламентининг “Британия-Ўзбекистон” умумпартиявий гуруҳи раиси, лорд Жон Вейверли 5 ноябрь куни Тошкент Халқаро Вестминстер университетида бўлиб, мазкур олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг қарорига мувофиқ 2002 йилда ташкил этилган ушбу олий ўқув юрти Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг амалдаги намунасидир.

Мамлакатимизда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб етишиши учун зарур шарт-шароит яратиш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир.

Тошкент Халқаро Вестминстер университети бакалавр йўналишида бизнес бошқаруви, иқтисодиёт ва молия, халқаро тижорат ҳуқуқи ва бизнесда ахборот тизимлари, магистратура йўналишида эса халқаро бизнес ва менежмент бўйича мутахассислар тайёрлайди. Бу ерда барча ўқув фанларига оид аудиториялар, ахборот-ресурс маркази, мультимедиа студияси талабаларнинг пухта билим олишига хизмат қилмоқда. Битирувчиларни иш билан таъминлашда университетда ташкил этилган касбга йўналтириш маркази томонидан турли идора ва ташкилотлар, компаниялар билан ҳамкорликнинг кенг йўлга қўйилгани яхши самара бермоқда.

Жон Вейверли университетдаги ўқув тизимига, талабаларнинг пухта билим олиши учун яратилган қулай шарт-шароитларга юксак баҳо берди. Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан гуманитар соҳада ҳам улкан муваффақиятларга эришилаётганини алоҳида таъкидлади.

Тошкент Халқаро Вестминстер университетида Буюк Британия парламенти фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильмнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Буюк Британия парламентининг “Британия-Ўзбекистон” умумпартиявий гуруҳи раиси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан ҳам учрашди. Университет фаолияти, ўқув жараёни, таълим тизими билан танишди.


ЎзА
10 388