Бухоро: ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, транспорт қатнови тизимини янада ривожлантириш зарур
Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар Бухоро вилояти ҳокимининг ҳудудий Кенгашлар фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.
Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар Бухоро вилояти ҳокимининг ҳудудий Кенгашлар фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.
Қайд этилганидек, Президентимиз 2018 йил февралда Бухоро вилоятига ташрифи чоғида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
2017 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 1 триллион 66 миллиард 954 миллион сўмдан зиёд инвестициялар ўзлаштирилди. Бундан ташқари, 2 минг 185 тадан зиёд лойиҳа амалга оширилиши туфайли 21 минг 854 янги иш ўрни яратилди.
Ўтган вақт давомида ҳудудда қарийб 3 минг 800 хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Уларнинг умумий сони 14 минг 700 тадан ошди. Тижорат банклари томонидан уларга 2 триллион 157 миллиард 400 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилган.
Ялпи мажлисда вилоятдаги мавжуд муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, ичимлик суви таъминотини жойларда янада яхшилаш,эътибордан четда қолаётган ички йўлларни таъмирлаш, туризмни ривожлантириш учун йўловчиларни ташувчи транспортлар қатнови тизимини янада ривожлантиришга оид таклифлар билдирилди.
Сенаторлар Бухоро вилоятини ривожлантиришга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатадиган қатор муаммо ва камчиликлар борлигини, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидладилар.
Муҳокама якунлари бўйича вазирликлар ва идоралар, жойлардаги ижро ҳокимияти органларининг ҳудудни ривожлантириш масаласини ҳал этиш бўйича масъулиятни оширишга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.