Бу лойиҳалар халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади
Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи давомида Хўжаобод туманидаги «Навигул» қўшма корхонаси ҳудудида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қайта ишлаш, музлатиш ва сотишга ихтисослаштирилган йирик логистика комплекси лойиҳаси билан танишди.
Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи давомида Хўжаобод туманидаги «Навигул» қўшма корхонаси ҳудудида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қайта ишлаш, музлатиш ва сотишга ихтисослаштирилган йирик логистика комплекси лойиҳаси билан танишди.“Навигул” Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасида жаҳон бозори конъюнктураси талабадан келиб чиқиб, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, ички бозорни йил давомида мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун бу ерда тайёрланаётган томат пастаси, қуритилган булғор қалампири, бақлажон, олма, олча, ўрик қоқиси сингари маҳсулотлар нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам харидоргир.
«Ўзвиносаноат-холдинг» компанияси негизидаги «Тошкент вино комбинати» акциядорлик жамияти ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда қўшма корхона ҳудудида «Fruit industries» масъулияти чекланган жамияти ташкил этиш режалаштирилган. Янги корхона мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, шарбат тайёрлаш ва экспорт фаолияти билан шуғулланади. 6 гектар майдонда кўчат етиштириладиган иссиқхона, 255 гектар майдонда томчилатиб суғориладиган интенсив боғ ташкил этилади, 615 гектар майдонда сабзавот етиштирилади, 7 минг тонна мева-сабзавотни сақлашга мўлжалланган музлатгич қурилади.
Давлатимиз раҳбари корхонанинг дастлабки босқичи – мева-сабзавотларни қуритиш линиясининг иш бошлашига бағишланган рамзий тугмани босди. Карам ва лавлаги мисолида технологик линиянинг иш жараёнини кузатди. Қуритилган маҳсулотлар намуналари билан танишди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 24 миллион доллар бўлиб, шундан 14 миллион доллари Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, қолгани корхона маблағлари ҳисобидан қопланади.
Корхонани шу йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган. Бу ерда йилига 30 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишланади, 1 минг 250 иш ўрни яратилади.
Асака туманидаги «Обод турмуш орзуси» фермер хўжалигида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қуритиш ва музлатгич ташкил этиш, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси ва тижорат банклари ҳамкорлигида 2017-2018 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш дастури лойиҳалари намойиш этилди.
Президентимиз мазкур лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, янги корхоналарни малакали мутахассислар билан таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Янги ташкил этилаётган корхоналарга хомашёни вақтида етказиб бериш лозимлиги таъкидланди.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ва тижорат банклари ҳамкорлигида вилоятда 2017-2018 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган чармпойабзал соҳасини ривожлантириш дастури ва соҳага доир бошқа лойиҳалар, бозорлар инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича режалаштирилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳалар билан танишар экан, тайёрланадиган маҳсулотларни нафақат ички бозорга етказиш, экпортга ҳам чиқариш чораларини кўриш зарурлигини қайд этди.