ЎзА Ўзбек

11.10.2019 Чоп этиш версияси

Болаларни она сути билан озиқлантириш учун ​муассасаларда​ махсус жойлар ташкил этилади

Болаларни она сути билан озиқлантириш учун ​муассасаларда​ махсус жойлар ташкил этилади

Ўтган ялпи мажлисда “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги қонун рад этилган эди. 

Парламент палаталари аъзоларидан иборат келишув комиссияси ялпи мажлислар оралиғида самарали фаолият олиб борди ва такомиллаштирилган қонун бугунги ялпи мажлисда муҳокама қилинди.

Маълумки, она сути гўдак учун энг табиий ва мақбул озуқа ҳисобланади. Илмий изланишларда аниқланишича, кўкрак сутини эмаётган болаларнинг бир қанча юқумли касалликларга қарши иммунитети юқори бўлиб, улар айрим сабабларга кўра сунъий сутли аралашмалар билан боқилаётган тенгдошларига нисбатан анчагина соғлом ўсади.

Шу муносабат билан болаларни она сути билан озиқлантиришни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш муҳим аҳамият касб этади.

Янги қонун она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлашни мақсад қилган. 

Шу туфайли гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш учун шароит яратиш мақсадида давлат муассасалари ҳамда ташкилотларида, автовокзал, аэропорт ва темир йўл вокзалларида, маданий-кўнгилочар муассасаларда махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши кераклиги белгиланмоқда.

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, реклама тайёрловчи ва тарқатувчилар фаолиятига оид чекловлар ўрнатилмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишмасдан гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланишига доир илмий тадқиқотларни молиялаштиришга йўл қўйилмайди.

Қайд этилганидек, қонун қабул қилиниши илк кундан бошлаб гўдакларнинг оқилона овқатланишини таъминлаш тадбирлари амалга оширилишга, гўдаклар ва болалар ўртасида касалга чалиниш ва ўлим кўрсаткичларини камайтиришга эришилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

4 496
А.Мусаев, ЎзА