Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2017 20:20 Чоп этиш версияси

БМТ махсус маърузачиси матбуот анжумани ўтказди

Пойтахтимизда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, дипломатик корпус, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

БМТ махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация 2-12 октябрь кунлари мамлакатимизда бўлди. Ташриф давомида делегация Ўзбекистонда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мамлакатимизнинг бу борадаги ижобий тажрибаси билан яқиндан танишди.

Аҳмад Шаҳид мамлакатимиз парламенти, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Бухоро вилоятларида диний конфессиялар ва миллий маданий марказлар фаолияти учун яратилган шароитлар, маҳаллаларда аҳиллик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, Халқ қабулхоналари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Махсус маърузачи Ўзбекистонда 16 конфессияга мансуб диний ташкилотлар, 140 га яқин миллий маданий марказ эмин-эркин фаолият юритаётгани, юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлаш, диний маросимларни адо этиш учун зарур шароит яратиш, динлараро ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга эътибор қаратилаётгани ютуқ эканини алоҳида таъкидлади. Ушбу миссия Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номланган 2017 йилда амалга ошгани мамлакатимизда халқ билан мулоқот, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича яратилган янги тизим ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш, давлат идораларининг оддий одамлар муаммоларини ҳал этиш жараёни билан бевосита танишиш имконини берганини қайд этди.

– Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган фикрларни баён этгани эътиборимизни тортди, – деди Аҳмад Шаҳид. – Ташрифимиз давомида Ўзбекистонда бу борадаги ишларни ўз кўзимиз билан кўришга муваффақ бўлдик. Ўзбекистон Конституциясида ҳар бир фуқаро учун диний эътиқод эркинлиги кафолатланган, таълим соҳасини ривожлантириш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш, буюк алломалар меросини ўрганишга қаратилаётган эътибор диққатга сазовор. Айниқса, сўнгги бир неча ойда ноқонуний диний оқимларга аралашиб қолган 16 мингга яқин фуқаро соғлом ҳаётга қайтарилгани ибратли ташаббусдир.

Аҳмад Шаҳид Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни изчил амалга оширишда жуда жиддий ва ёрқин дастур эканини таъкидлади. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
961






Все о погоде - Pogoda.uz