Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.10.2012 18:57 Чоп этиш версияси

БМТ бош котиби ўринбосарининг учрашувлари

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ижрочи директори, БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеин 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан учрашди.

Мулоқот чоғида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, уларнинг касб, маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш, хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг икки юздан ортиқ ҳудудий бўлинмаси, 42 мингдан ортиқ бошланғич ташкилоти аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, билим ва савиясини юксалтириш, тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли қизларни аниқлаш каби йўналишларда фаолият кўрсатмоқда. Қўмита томонидан ўтказилаётган турли ижтимоий акциялар, спорт фестиваллари, кўрик-танловлар хотин-қизларнинг Ватан, жамият, оила олдидаги масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорликда аёллар ўртасида спортни оммалаштириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш мақсадида турли спорт мусобақалари мунтазам ўтказилаётир.

Бабатунде Осотимеин мамлакатимизда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнат шароитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Учрашувда БМТ Аҳолишунослик жамғармаси билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш борасида ўзаро тажриба ва ахборот алмашувини такомиллаштириш, бу йўналишда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ижрочи директори, БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеин Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Адҳам Икромов билан учрашди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболлари, ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу куни Бабатунде Осотимеин Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш марказида бўлиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокара ўтказди. Ўз фаолиятини 2004 йилда бошлаган мазкур марказ хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини ва ижтимоий фаоллигини кучайтириш, касбий, ижодий ва маънавий салоҳиятини ошириш ишлари билан шуғулланади. Бугунги кунда мазкур марказ ЮНФПА билан қатор қўшма лойиҳалар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Бабатунде Осотимеин пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» спорт мажмуаси билан танишди. Ушбу замонавий спорт саройида ўғил-қизларнинг спорт турлари билан шуғулланиши ва мусобақалар ўтказиш учун яратилган шарт-шароитлар меҳмонда катта таассурот уйғотди.


ЎзА, Ирода Умарова
9 457