Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 15:57 Чоп этиш версияси

Беназир обидалар халқимиз яратувчилик даҳосидан сўзлайди

Беназир обидалар халқимиз яратувчилик даҳосидан сўзлайди
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон Арк қўрғони яқинидаги Пойи Калон мажмуаси билан ҳам танишдилар.

Бухоро заминининг ҳар қаричи тарих. Қадимий обидалар аждодларимизнинг буюк яратувчилик даҳоси ва маънавий қудратидан сўзлайди. XII ва XVI асрлар оралиғида бунёд этилган Минораи Калон ва унинг ёнидаги Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси бетакрор меъморий ечими, гўзаллиги билан мўъжизавий санъатни эслатади.

Баландлиги 46,5 метр бўлган Минораи Калоннинг архитектуравий мезонлари бўйича дунёда тенги кам. У қарийб 900 йил давомида не-не талотўпларга гувоҳ бўлган. Халқимиз қудратининг ўлмас рамзи сифатида бугун ҳам барчани ҳайратга солаётир.

Президентлар Мир Араб мадрасасида фаолият юритаётган ислом ўрта махсус билим юрти билан танишдилар. Ушбу билим юрти ўз вақтида собиқ шўро давлати ҳудудида ягона ислом таълим муассасаси бўлган. Ҳозирги пайтда бу ерда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган ёшлар диний ва дунёвий билимларни, хорижий тилларни пухта ўзлаштирмоқда.

Делегация аъзолари Ўзбекистондаги энг йирик жомеъ масжидларидан бири бўлган Масжиди Калонда ҳам бўлди.

Тарихий ва меъморий обидалар, халқимизнинг миллий ҳунармандлиги туркиялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

ЎзА
6 303