Барча саъй-ҳаракатларимиз ободлик, бунёдкорлик ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилсин
Президент Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида пойтахтимиз туманларида бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида пойтахтимиз туманларида бўлди.Тошкент шаҳрида сўнгги йилларда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бугун пойтахтимиз том маънодаги қурилишлар майдонига айланган. Янгидан-янги иншоотлар, корхоналар, тиббиёт ва таълим муассасалари, спорт мажмуалари, равон йўллар, кўприклар, маҳалла гузарлари, бозорлар, боғлар, хиёбонлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу борадаги ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишидаги 2-босқич қурилиш ишларини кўздан кечирди. Шавкат Мирзиёев бу каби мураккаб жараён нафақат маблағ, балки ақлий меҳнат ва юксак маҳорат, чуқур билим ва тафаккур, юқори технологияларни талаб қилишини таъкидлади.
Қурилишга 200 дан ортиқ ишчи ва муҳандис, 40 та техник восита ва механизм жалб этилган. Метро қурилишига Германиядан ерости туннелини қазийдиган комплекс, бурғулаш ва темир-бетон қозиқ қоқиш техникаси, шунингдек, ГФР ва Хитой кранлари олиб келинган.
Қурилаётган метро участкасининг узунлиги 2,9 километр бўлиб, уни 2019 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда.
Президентимизга метро бекатларининг дизайни ва қиёфаси, уларни замонавий ва миллий анъаналар асосида қуриш ва безаш бўйича маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари метро қурилишида ишлатилаётган энг замонавий техник воситалар билан таништирилди.
Шу ернинг ўзида Тошкент шаҳри метрополитенини ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда барпо этилаётган «Наврўз» истироҳат боғи лойиҳасини кўздан кечирди.
Наврўзи олам – халқимизнинг энг қадимий миллий байрами. Юртимизда каттаю кичик барча шарқона янги йил бўлмиш ушбу айёмни орзиқиб кутади. Эзгулик, меҳр-мурувват, хайр-саховат айёми қалбларга олам-олам сурур ва орзу-ҳаваслар бахш этади.
Жорий йилда ҳам Наврўз байрамини кўтаринки руҳда, умумхалқ сайли тарзида нишонлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг Абдулла Қодирий, Шароф Рашидов ва Лабзак кўчалари кесишган жойда «Наврўз» боғи барпо этилмоқда.
Боғ учун 32 гектар ер ажратилган бўлиб, бу ерда 6 минг кишилик усти очилиб ёпиладиган амфитеатр, диаметри 72 метрлик чархпалак, ҳар бир вилоят аҳолисининг ўзига хос урф-одатлари, аждодларимизнинг яшаш тарзи, миллий ҳунармандлик, пазандалик анъаналарини акс эттирувчи уйлар қурилади. Бу ерга келган хорижий делегациялар аъзолари ва сайёҳлар аждодларимизнинг ўзига хос бой маданий мероси, фольклори, этнографияси, кийиниш маданияти, санъати билан танишиш, ҳар бир ҳудуднинг лаззатли таомларидан татиб кўриш имкониятига эга бўлади.
Жорий йилдан бошлаб халқимизнинг Мустақиллик, Наврўз каби улуғ байрамлари мазкур боғда ўтказилади. Бундан ташқари, мажмуада оммавий сайиллар, концертлар ташкил этиш учун барча шароит яратилади. Истироҳат боғи марказига қуёш шаклида Наврўз рамзи ўрнатилади. Мажмуа 2019 йили тўлиқ қуриб битказилади.
"Наврўз" боғидан Анҳор канали узра учта пиёдалар кўпригини бунёд этиш мўлжалланган. Боғ чети «Анҳор-Локомотив» паркига туташиб кетади. Одамлар бу кўприклардан амфитеатрга кириб келади, Анҳор канали бўйлаб сайр қилиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур боғ Наврўз байрамимизни тараннум қиладиган, миллатимизнинг ўзлигини кўрсатадиган марказ бўлади, деди Президентимиз. Боғнинг ҳар бир элементида, ҳар бир қарич ерида халқимизнинг маданияти уфуриб туриши зарур. Бунинг учун Анҳор канали бўйларига Тошкент шаҳри туманлари, вилоятларимиз учун ўринлар ташкил қилиш керак, токи ҳудудлар бу ерда ўзининг асл анъаналари, баҳорий удумларини намойиш этсин. Юртимизга келган сайёҳлар аввал Ислом цивилизацияси марказига, сўнг бу ерга келиб, халқимизнинг бой маданий мероси билан танишсин.
Давлатимиз раҳбари боғ ҳудудини ободонлаштириш, манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазиш, Анҳор бўйида қайиқлар бекати бунёд этиш, мажмуада аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган саҳна асарлари намойиш этишни ташкиллаштириш юзасидан мутасаддиларга зарур тавсиялар берди.
Шу ерда Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳудудида Мусиқа санъати профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш марказини бунёд этиш лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Олмазор тумани Қичқириқ канали бўйида маданият ва истироҳат боғи барпо этилиши режалаштирилган. Бу ерга ташриф асносида Шавкат Мирзиёевга мазкур парк лойиҳаси юзасидан маълумот берилди. Маълум қилинганидек, боғда болалар ва спорт майдончалари, замонавий аттракционлар ташкил этилади. Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги кутубхоналар, Нуронийлар маскани қурилади.
Президент кутубхоналарнинг пойтахт мактаблари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, Абдулла Қодирий ва Чўлпон ижодини ёшларга чуқур ўргатиш зарурлигини таъкидлади. Аҳолининг дам олиши учун қулайликлар яратиш, хусусан, Нуронийлар масканида чойхона ва аския маркази ташкил қилиш, яқин жойда поликлиника барпо этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Боғ билан танишув чоғида Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда «Хавфсиз шаҳар» концепцияси доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Давлатимиз раҳбари уйма-уй юриб, одамлар билан суҳбатлашиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш, иш ўринлари яратиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлигини таъкидлади.
Президент Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари 2017 йил 26 май куни бу масканда бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берган эди.
Манбаларда келтирилишича, 1363-1364 йилларда Соҳибқирон Амир Темур Аҳмад Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.
Айни пайтда бу ерда бунёдкорлик ва реконструкция ишлари давом этмоқда. “Ижод-Ижод” хусусий корхонаси томонидан масжиднинг гумбаз қисмига ўзгартириш киритилиб, тарихий хонақоҳ билан уйғунлаштирилган, 900 кишига мўлжалланган айвон қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, ҳунармандлар учун устахоналар, автотураргоҳ ва бошқа иншоотлар барпо этилмоқда. Чиллахона тикланаётир. Қурилиш ишлари жорий йилнинг 1 сентябрида якунланиши мўлжалланган.
Президент масжидни миллий меъморлик анъаналари асосида бунёд этиш ва бу ерда зиёратчилар учун кенг қулайликлар яратиш бўйича топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги Бизнес-марказида юқори ва тежамкор технологияларга асосланган «High Тech Сity» шаҳарчаси қурилиши лойиҳаси билан танишди. Жанубий Кореянинг «Posco Daewoo» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган мазкур лойиҳанинг қиймати 1,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
«High Тech Сity» шаҳарчаси ҳудудида халқаро бизнес-марказ, кўп қаватли турар жойлар, илмий ишлаб чиқариш кластери, юқори технологияларни ривожлантиришга ихтисослашган институт, политехника коллежи, савдо шохобчалари, маданий кўнгилочар иншоотлар, меҳмонхона ва бошқа ижтимоий объектлар қурилиши мўлжалланмоқда.
Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприк қурилиш трести» корхонаси томонидан бунёд этилаётган йўл ўтказгич қурилишини кўздан кечирди. Мазкур ўтказгичда автомобиллар ҳаракати 6 йўлакдан иборат бўлади. Айни пайтда қурилиш ишларига 30 дан ортиқ техника воситалари, турли мураккаб машина ва механизмлар, 200 дан зиёд малакали муҳандис ва ишчи жалб қилинган.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви жараёнида Чилонзор туманида барпо этилаётган янги масжидга ташриф буюрди. Президент ушбу масканга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини беришни таклиф қилди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди, деди Шавкат Мирзиёев. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганиш ва тарғиб этиш, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлаган эди.
Президент Сергели туманидаги қўп қаватли янги уй-жойлар қурилиши билан ҳам танишди.
Лойиҳага асосан 5 минг 40 хонадонли 7 қаватли уйлар қурилиши белгиланган. 120 та уйнинг ҳандаги қазилди. 8 та уйнинг учинчи, 33 та уйнинг биринчи қаватида ғишт териш ишлари олиб борилмоқда. 20 тасида плита ётқизиш, 59 тасида пойдевор қўйиш, блок териш ва металл ишлари бажарилмоқда. Қурилишга 6 мингдан зиёд мутахассис, 450 дан зиёд махсус техника жалб этилган.
Лойиҳалаштириш ишлари “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” институти, “ТошуйжойЛИТИ” АЖ, “Ташгипрогор” АЖ, “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” АЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Алоҳида таъкидлаш керакки, янги уйлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан барпо этилмоқда. Уларнинг теварагида мактаблар, дам олиш жойлари, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши кўзда тутилган.
Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан 8 та уйнинг биринчи қаватида мактабгача таълим муассасалари, 3 та уйнинг пастки қаватларида оилавий поликлиникалар жой олади. Шу тариқа қурилаётган янги массив аҳолиси учун қулайликлар янада кўпаяди.
Янги уйларни жорий йилнинг сентябрь ойида ўз эгаларига топшириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари қурувчилар билан мулоқотда хонадон соҳиблари учун барча шароитлар яратиш лозимлигини, бунинг учун қурилиш, дизайн, инфратузилма каби соҳаларни ҳар томонлама ўзлаштирган, уларнинг узвий боғлиқлигидан келиб чиқиб ишлайдиган етук кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Қурилиш ишларини белгиланган муддатда сифатли қилиб якунлаш бўйича топшириқлар берди.