ЎзА Ўзбек

21.04.2019 00:13 Чоп этиш версияси

Аждодлар меросига эҳтиром халқларимиз дўстлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлайди

Аждодлар меросига эҳтиром халқларимиз дўстлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлайди

Аввал хабар қилинганидек, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Олий даражадаги ташриф доирасида 20 апрель куни Тошкент шаҳрида Корейс маданияти ва санъати уйининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин рафиқалари билан биргаликда ушбу дўстлик ва маданият саройини очди.

– Пойтахтимиз кўркига-кўрк қўшиб турган ушбу муҳташам иншоот қиёфасида замонавий архитектура ютуқлари анъанавий корейс маданияти билан уйғунлашган. Бу маскан халқларимизнинг мустаҳкам дўстлиги ва мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори босқичга кўтарилганининг ёрқин тасдиғидир, – деди давлатимиз раҳбари.

– Бу марказ дўстлик, аҳиллик ва муштараклик майдонидир. Ўйлайманки, у Ўзбекистондаги корейс диаспораси, шу ерда ишлаётган кореяликлар ва барча ўзбекистонликлар учун умумий уй бўлади. Кўп жиҳатдан ўхшаш халқларимиз ва дўстлик ришталари мустаҳкамланиб бораётгани давлатларимизни боғлаб туради, – деди Мун Чжэ Ин.

Саҳнада корейсларнинг юртимизга кўчириб келтирилиши, халқимиз билан аҳил яшаши ҳақида бадиий композиция намойиш этилди.

Маълумки, 1937 йилда Узоқ Шарқдан ўн минглаб корейслар мамлакатимизга кўчирилган. Ўша пайтдаги қийинчиликларга қарамай, ўзбек халқи уларни очиқ қалб билан қабул қилган, бошпана бериб, меҳр кўрсатган. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва қатъий иродаси туфайли корейслар юртимизда иккинчи Ватанини топди. Бугун улар барчамиз учун ягона Ватан бўлган Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда.

Корейс диаспораси кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ажралмас қисми бўлиб, анъанавий тарзда мамлакат миқёсида ўтказиладиган барча оммавий ва маданий тадбирларда фаол иштирок этади.

Пойтахтимиздаги ”Дўстлик боғи”да корейс диаспораси томонидан саховатли ўзбек заминидаги бағрикенглик, самимийлик ва ғамхўрлик, тинч ва осойишта ҳаёт учун миннатдорлик белгиси сифатида ёдгорлик монументи барпо этилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда корейс миллатига мансуб 180 мингдан зиёд юртдошларимиз яшайди. Уларнинг уч юзга яқини давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган.

Мамлакатимизда барча миллат ва элат вакиллари қатори корейс миллатига мансуб юртдошларимиз учун ҳам ўз миллий маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Ўнлаб корейс маданият марказлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 12 та олий таълим муассасасида корейс филологияси, 48 та мактаб ва лицейда корейс тили ўқитилмоқда. Корейс тилида китоб ва газеталар чоп этилмоқда, кўргазмалар, концерт ва фестиваллар ўтказилмоқда. Спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.

Давлат раҳбарлари ўзбекистонлик корейс рассомлари асарлари кўргазмаси билан танишди.

Бугун пойтахтимизга ўзгача кўрк бағишлаб турган Корейс маданияти ва санъати уйи қурилиши бундан уч йил муқаддам бошланган. Шавкат Мирзиёев ушбу иншоотга рамзий тамал тоши қўйиш маросимида қатнашган эди.

Корейс маданияти ва санъати уйи 478 ўринли киноконцерт зали, конференциялар зали, кутубхона, бадиий галерея, ресторан ва хизмат хоналарини ўз ичига олган. У жамоатчилик ва ёшлар интиладиган, муштарак маданиятимизни бойитадиган яна бир масканга айланади. Бу кун алоҳида стратегик шерик давлатлар – Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари тарихида яна бир ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳрига келди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чжэ Ин рафиқалари ҳамроҳлигида Самарқанддаги тарихий обидаларни томоша қилди.

Давлат раҳбарлари дастлаб Мирзо Улуғбек расадхонасига ташриф буюрди. Амир Темурнинг суюкли набираси бўлган Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек буюк астроном олим ва ҳукмдор сифатида илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган. Ўрта асрлардаёқ ноёб расадхона кашф қилиб, осмон жисмларини жуда аниқ ўрганган. Унинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари дунё астрономия фани ривожида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган.

Мирзо Улуғбек ҳақида кореяликлар ҳам маълумотга эга экани, бу ерга келган киши унинг зеҳни, илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси беқиёслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея Президентлари “Афросиёб” музейида бўлди.

Самарқанд шаҳрининг уч минг йиллик тарихидан ҳикоя қилувчи мазкур музей, бу ердаги ноёб экспонат ва деворий суратлар бутун дунё сайёҳларини, айниқса, кореяликларни ўзига жалб этиб келади. Чунки VII асрга оид деворий суратлардан бирида Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея – Когурё элчисини қабул қилиш маросими ҳам акс этган.

Жанубий Корея Президенти ушбу тарихий суратни ҳайрат ва эътибор билан томоша қилар экан, халқларимиз ўртасидаги алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалишини, бу дўстлик ва ҳамкорлик бундан кейин ҳам бардавом бўлишини таъкидлади.

Шу ерда, давлат раҳбарлари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан Корея Республикасининг Маданий мерос маъмурияти ўртасида имзоланган маданий мерос соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми ўзаро алмашилди.

Дунёга машҳур Регистон майдони – аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини намоён этувчи яна бир маскан. Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг маҳобати, ўзига хос архитектураси ҳаммада ҳайрат ва ҳавас уйғотади.

Корея Республикаси Президенти ҳам Регистондаги Тиллакори мадрасаси ва масжидини, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларини томоша қилди. Олий мартабали меҳмонга мадрасаларнинг қурилиш тарихи, пештоқларидаги нақш ва рамзларнинг мазмуни ҳақида сўзлаб берилди.

Шу ерда мажмуа зиёратига келган сайёҳлар ва Самарқанд шаҳри аҳолиси Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларини қарсаклар билан олқишлади.

Қайд этиш лозимки, дунё халқларининг нуфузли санъат байрамига айланиб улгурган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини Регистон майдонисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳар икки йилда ўтказиладиган мазкур тадбирда Корея Республикаси жамоалари ҳам мунтазам қатнашиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда. Хусусан, 2017 йилда ушбу давлатнинг "Геосонг" халқ қўшиқларини сақлаш фонди жамоаси биринчи ўринни қўлга киритган эди. Жорий йилда Регистонда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўн иккинчи марта ўтказилади ва унда Кореядан ҳам жамоалар қатнашиши кутилмоқда.

Амир Темур мақбараси зиёрати чоғида меҳмонларга буюк бобомизнинг давлатчилик сиёсати, ҳарбий маҳорати, турли мамлакатлар билан дипломатик алоқалари ҳақида сўзлаб берилди. Амир Темур ва темурийлар давлати ўз даврининг энг улкан ва ривожланган мамлакати бўлгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давом этмоқда.

ЎзА
5 051