ЎзА Ўзбек

31.08.2018 09:08 Чоп этиш версияси

Аждодлар хотираси мангу яшайди

Аждодлар хотираси мангу яшайди
Эл-юртимиз озодлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номуси, миллий қадриятларимизни ҳимоя қилишда, мустамлакачиликка қарши машаққатли курашларда қурбон бўлган юртдошларимиз хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади.

Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонлар умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди.

Халқимизнинг ана шундай фидойи ва матонатли ўғил-қизларининг хотирасини эслаш, ҳақиқат ва адолатни тиклаш, замондошларимиз, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлод қалби ва онгида ўтганлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром туйғуларини юксалтириш мақсадида 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланиб келмоқда.

Қурбон бўлганларнинг номларини қайта тиклаш, хотирасини абадийлаштириш мақсадида пойтахтимизда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бунёд этилди. Бу масканлардан зиёратчилар қадами узилмайди.

Бугунги ёруғ ва дориламон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш бизга катта қувват бағишлайди, руҳиятимизни поклаб, янги-янги бунёдкорлик ишларига чорлайди. Зеро, озодлик учун курашган инсонлар хотираси ҳеч қачон унутилмайди, халқимиз қалбида мангу яшайди.


...31 август. Эрта тонг. Қатағон қурбонлари куни муносабати билан "Шаҳидлар хотираси" ёдгорлик мажмуасида халқимиз озодлиги ва юртимиз мустақиллиги йўлида қурбон бўлган марҳумларни ёд этиш маросими ўтказилди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Анъанага кўра ош тортилди. Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари руҳига ҳурмат бажо келтирилди.

Президентимиз диний уламолар, таълим соҳаси мутасаддилари билан суҳбатлашди.

– Ватанпарвар инсонларни эъзозлаш, ёшларни миллий ғурур руҳида тарбиялаш, уларда буюк боболаримиздек бўлишга интилишни кучайтириш зарур , – деди давлатимиз раҳбари. 

Бунинг учун Ўзбекистон Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази ва олий таълим муассасалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, таълим дастурларини такомиллаштириш кераклиги қайд этилди.

Президентимиз 2017 йил 31 август куни ўтказилган маросимда аждодларимизнинг Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлидаги кураши бугунги кун ёшлари учун ибрат мактаби эканини таъкидлаб, ҳар бир вилоятда Қатағон қурбонлари хотираси музейи филиалларини университет ва институтлар қошида ташкил этиш, қатағон қурбонлари хотираси бўйича мактаб дарсликларида махсус дастур асосида ўқитиш тизимини ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берган эди.


Ушбу топшириқларга асосан 2017 йил 22 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил этилмоқда.

Музейларга вилоятларда қатағон бўлганлар тўғрисидаги маълумотлар, суратлар, буюмлар қўйилган. Бундан ташқари, уларнинг хотирасига бағишланган илмий, адабий, бадиий китоблар тўпланиб, уларнинг электрон нусхалари яратилаётир. Қатағон қурбонлари бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумот ва ҳужжатларни илмий тадқиқ этиш, улар ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, кинофильмлар яратиш, мактабларда музейнинг филиалларини ташкил этиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу музейлар ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда маърифатпарвар аждодлар билан фахрланиш туйғусини шакллантириш, ёшларнинг эл-юрт учун муносиб фарзандлар бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этади.

Алоуддин Ғаффоров, ЎзА
6 397