ЎзА Ўзбек

06.11.2012 21:05 Чоп этиш версияси

Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг мажлиси

Араб мувофиқлаштириш гуруҳи делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида 6 ноябрь куни Тошкентда мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида мажлис бўлиб ўтди.

Унда Араб мувофиқлаштириш гуруҳи аъзолари – Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, ОПЕКнинг Халқаро тараққиёт жамғармаси, Абу Даби тараққиёт жамғармаси вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётнинг барча тармоқларида амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар халқаро молиявий ташкилотлар билан алоқаларни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Меҳмонларга мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя жалб қилишнинг устувор йўналишлари, соҳада амалга оширилаётган янги лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Меҳмонлар юртимиздаги хусусийлаштириш жараёни, иқтисодиётимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ўзгаришларга юксак баҳо бердилар.

Ўзбекистоннинг Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорлиги йил сайин ривожланиб бормоқда. Ҳозиргача ИТБ билан ҳамкорликда умумий қиймати 186,4 миллион АҚШ долларига тенг ўнта лойиҳа амалга оширилган. Умумий қиймати 277,4 миллион АҚШ долларига тенг яна бешта лойиҳа амалга оширилиш босқичида. Ислом тараққиёт банки билан 2011-2013 йилларга мўлжалланган уч йиллик ҳамкорлик дастури устида иш олиб борилаётир.

ИТБ фаолияти асосан иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмаларни, ташқи савдони ривожлантиришга кўмаклашиш, техникавий ёрдам кўрсатиш каби соҳаларга йўналтирилган. Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, минтақавий лойиҳаларни молиялаштириш ҳам устувор соҳалардандир.

– Ислом тараққиёт банки Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келаётир, – деди мазкур банк президенти Аҳмад Муҳаммад Али ал-Мадани. – Ўзбекистон табиий бойликларга бой ва халқи юксак салоҳиятга эга мамлакат. Араб мувофиқлаштириш гуруҳи мажлисининг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда ўсиб бораётган обрў-эътиборининг яна бир эътирофи эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Ўтказилган музокаралар, имзоланган ҳужжатлар келгусида икки томон учун ҳам манфаатли натижалар беришига ва ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланишига ишончимиз комил.

Президент Ислом Каримовнинг 2004 йилда Кувайтга ташрифи асносида Ўзбекистон билан Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланган, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди.

Ҳозирги кунга қадар меморандум доирасида Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликда “Тошкент (Тўқимачи) темирйўл участкасини электрификациялаш”, “Шаҳар ва туман марказий касалхоналарининг 171 та тез ёрдам бўлинмаларини тиббий жиҳозлар билан таъминлаш» каби лойиҳалар амалга оширилди. “Республика ихтисослаштирилган кардиохирургия марказини юқори технологияли тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш” ва “Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларида дренаж ва ирригация тармоқларини қайта тиклаш” каби лойиҳаларни амалга ошириш ишлари давом этмоқда.

– Мамлакатингизда иқтисодиётни юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётир, – деди Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармасининг Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари бўйича минтақавий менежери Юсеф ал-Бадер. – Бу ғоят қувонарли. Жамғармамиз Ўзбекистон билан узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келади. Турли соҳаларда умумий қиймати 110 миллион АҚШ долларига тенг бўлган кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилди. Келгусида лойиҳалар қамрови янада кенгаяди, деган умиддаман.

Саудия тараққиёт жамғармаси ривожланаётган мамлакатлардаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этиб келади.

– Бугунги Араб мувофиқлаштириш гуруҳи йиғилиши Саудия тараққиёт жамғармаси билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир, – деди Саудия тараққиёт жамғармаси бошқаруви раисининг ўринбосари, ижрочи директори Юсеф ал-Бассам. – Мамлакатингиз барча соҳаларда янгиланишларни бошдан кечирмоқда. Мамлакат иқтисодиётини тараққий эттириш борасида Президент Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқдир.

Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) Халқаро тараққиёт жамғармаси ташкилотга аъзо ва ривожланаётган мамлакатлар билан нефть саноати соҳасида ҳамкорлик қилади. Абу Даби тараққиёт жамғармасининг фаолияти йўллар, ҳаво ва денгиз бандаргоҳлари, электр таъминоти, қишлоқ хўжалиги, алоқа, турар жой бинолари қурилиши, таълим, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, саноат ва сайёҳликни ривожлантириш каби кўплаб соҳаларга қаратилган.

Мажлис иштирокчилари Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон иқтисодиётида катта муваффақиятларга эришилаётганини алоҳида қайд этдилар. Жаҳон иқтисодий инқирози даврида Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини муттасил ошириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ва қўлга киритилаётган ютуқларни юқори баҳоладилар.

Томонлар қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хизмат, кимё ва металлургия саноати, энергетика, қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга доир соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашди.

Анжуман якунида мамлакатимизнинг тегишли вазирлик, идора ва компаниялари билан Араб мувофиқлаштириш гуруҳига аъзо муассасалар ўртасидаги ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди.


ЎзА, Мадина Умарова
9 167